Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 15 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ҚЎШТЕПА ТУМАНИ ҲОКИМИ И.НОВИКОВНИНГ НАВРЎЗ АЙЁМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

×

 2023-03-20 19:52:46    86

PDF юклаш
Чоп этиш


Ассалому алайкум, азиз қўштепаликлар, қадрли юртдошлар!

Аввало Сизларни, Сизлар орқали оила аъзоларингиз ва яқинларингизни шарқона Янги йил, янгиланиш ва ёшариш айёми - Наврўзи олам билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Азал-азалдан халқимизнинг эзгу ва гўзал қадриятларини, унинг олийжаноб орзу-интилишларини ўзида мужассам этиб, қадим аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъий назар, барча ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланди.

Шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз инсоннинг табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб яшашида, жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодимизни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани учун ҳам бу қутлуғ айёмни юксак савияда нишонлаб келмоқдамиз.

Дарҳақиқат 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ғоялари, ташаббуслари ва бевосита раҳнамолиги остида олиб борилаётган ислоҳотлар, режа ва дастурлар амалий саъий ҳаракатлар авваламбор инсон ва унинг манфаатлари,  фаровон ҳаёти, хавфсизлиги ва орзу тилакларининг рўёбга чиқиши учун қаратилгандир.

Буни биргина туманимиз мисолида кузатадиган бўлсак,  сўнги йиллар давомида туманимиз маркази йилдан йилга кўркамлашиб, бир биридан салобатли бинолар қад ростлади, қишлоқ массивларида эса намунавий лойиҳалар асосида замонавий, барча қулайликларга эга, шаҳарлардаги уйлардан қолишмайдиган, коммуникация тармоқлари мужассам бўлган  уй-жойлар қурилиб фойдаланиш учун топширилди ва бундай бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

Инвестиция Давлат дастури доирасида умумтаълим мактабларимизда капитал реконструкция ишлари ва янги ўқув бинолари, спорт соғломлаштириш заллари қурилиб туманимиз ёшларининг замон талаблари асосида пухта билим олишлари учун жаҳон андозаларига мос ўқув масканлари билан таъминланди.

Туманимизда амалга оширилаётган бундай бунёдкорлик ишларидан ғурурланган бобо-деҳқон фермерларимиз, соҳибкору сабзавоткорларимиз Наврўзи оламни янги-янги мақсадлар билан кутиб, далаларга барака уруғи қадаётган бўлсалар, соҳибкору чорвадорлар, деҳқон хўжалиги аъзолари баланд руҳ, жўшқин кайфият билан юксак марраларни кўзлаб, меҳнат қилишаётганлиги барчамизни бирдек қувонтиради.

Ҳар йилгидан юксак пахта ва ғалла хирмони бунёд этиш, эл дастурхонига мўл-кўл қишлоқ хўжалиги махсулотлари етказиб бериб, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш фермерларимизнинг азму қароридир.

Ўлкамизга ташриф буюраётган, кўнгилларни, борлиқни ободликка, эзгуликка чулғаётган Наврўзи олам Ватанимизнинг, жумладан, туманимизнинг ҳар бир фуқаросини бунёдкорлик туйғуси билан яшашга чорлаб турибди.

Муҳтарам Президентимиз такидлаганларидек, барчамизнинг ҳаракат ва интилишларимиз негизида, авваламбор, юртимизни, туманимизни ҳар томонлама обод қилиш, тинч, тўкис ва фаровон ҳаёт барпо этиш ғояси мужассамдир.

Азиз юртдошлар!

Яқинлашаётган энг ардоқли ва энг севимли Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Оилаларингиз, хонадонларингиздан файзу барака аримасин. Кексаларимизга умри зиёдалик, оиласи, жамияти, юрти равнақи йўлида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилаётганларга куч-қувват, ёшларимизга фидоийлик, мустаҳкам соғлиқ тилайман.

Ватанимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин, азизлар. Янги кун, Шарқона йилбоши туманимиз аҳли учун ҳам омадли ва баракотли келсин!

Яна бир бор Наврўз байрамингиз қутлуғ бўлсин!


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram