Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 26 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

65 ЁШИДА ҲАМ ҚУРОҚЧИЛИКНИ ЭЪЗОЗЛАБ КЕЛАЁТГАН АЁЛ

×

 2021-10-27 10:38:02    300

PDF юклаш
Чоп этиш



Қўштепа туманининг Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинида асосан қирғиз миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилишади. 65 ёшли Розияхон Сотволдиева 1979 йили Қирғизистон Республикасининг Баткен вилоятидан, Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Махсудовлар хонадонига келин бўлиб тушди. Болаликдан 2-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғи Одилжон ака билан бахтли ҳаёт кечириб, қиз фарзандли бўлишди.

Розияхон Сотволдиева ҳам 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай тикувчилик қиларди. Гапириш ва эшитиш имконияти чекланган бўлсада уй ишларидан, оила ташвишларидан ортиниб қурокчилик билан шуғулланарди. Қўли гул аёл маҳалладаги келин-қизларни сепига буюртмага кўра қуроқ ёстиқлар тикиб берарди. Гоҳида тўпланиб қолган ёстиқларини она юрти Баткенга борганида ҳамқишлоқларига сотиб келарди.   



Розияхон опа йиллар давомида қуроқчиликни Бўстон қишлоғида яшовчи аёлларга ҳам ўргатиб келди. Унинг фарзанди Сожидахон ҳам онасининг ҳунарини ўрганиб улғайди.

Орадан йиллар ўтиб қиз узатилди, Одил ака ва Розияхон опа қатор-қатор набирали бўлишди. Шундай қувончли кунларнинг бирида Одил ака вафот этди.

Тақдир, қисмат деганлари шу экан-да, Розияхон опа ҳозирда якка ёлғиз яшайди. Лекин ҳаётидан нолимайди. Қизининг оиласи тинч, уч нафар бир- биридан ширин набираси бор.

Якка ўзи яшаётган Розияхон Сотволдиевани маҳалладагилар ёлғизлатиб қўйишмади. Бўстон маҳалла фуқаролар йиғинидагилар ҳар доим унинг ҳолидан хабар олиб туришади.

Розияхон опа маҳалланинг “Аёллар дафтари”га киритилган. Аслида у олаётган нафақаси ва маҳалладан берилаётган ёрдамлар ҳисобига ҳам тирикчилигини ўтказиши мумкин эди. Лекин тиниб тинчимас, ғайратли ва шижоатли аёл, 65 ёшида ҳам ҳамон қуроқчилик билан шуғулланади.

– Тўғри, мени имкониятларим чекланган, ногиронман. Лекин оёқ-қўлим ишлайди, кўзларим кўради. Бунинг учун Аллоҳга беҳисоб шукур. Бундан баттари бўлса нима қилар эдим, – дейди Розияхон опа. – Уйда томорқага қараб, қуроқчилик билан шуғулланаман. Бу ишим менга завқ бағишлайди.



Дарҳақиқат, ҳунармандчиликнинг ушбу ноёб тури бугунги кунда республикамизнинг айрим ҳудудларида эъзозлаб келинади. Хусусан, Розияхон опа ҳам қуроқчиликни санъат даражасига кўтариб, мато парчасидан бежирим нақшлар тикади.

Бўлиб ўтган суҳбатимиз давомида Розияхон Сотволдиева имо-ишоралар билан қуроқчилик ҳақида бизга маълумот берди.

Унинг ишига синчиклаб назар солдик. Турли ранг ва шаклдаги майда-майда мато парчаларидан безак ҳосил қилинар экан. Бу иш бир қарашда оддий кўринсада, аслида жуда машаққатли экан.

Розияхон опа айни кунларда касаначилик асосида фаолият юритмоқда. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи тадбиркор аёл Кимёхон Зокирова миллий ҳунармандчилигимизнинг бетакрор турларидан ҳисобланган қуроқчилик билан шуғулланади. Тадбиркор аёл бу ишни устоз-шогирд анъанаси даражасида давом эттираётганлиги боис, маҳаллада у тобора оммалашиб бормоқда. Энг қувонарлиси, шу қуроқчиликнинг ортидан ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланмоқда. Ҳозирда маҳалладаги 60 фоиз аёллар касаначилик билан шуғулланади.

Розия опа ҳам қуроқ ёстиқларни тикиб кимга сотсам экан деб, ўйланиб ўтирмайди. Тадбиркордан маҳсулотларни олиб, тикиб беради ва тикканига ҳақ олади.



– Юртбошимизга мингдан минг раҳмат, – дейди Розияхон Сотволдиева. Биз каби ногирон ва якка-ёлғиз яшовчиларни эътибордан четда қолдирмаяпти. Ҳар доим уларнинг ғамхўрликлари остидамиз. Шу юртда яшаётганимга, шу юртнинг бахтли аёли бўлганимдан ғоят мамнунман.

Розияхон опа билан суҳбатлашиб қайтар эканмиз, унинг юз-кўзларида бир олам қувончни ва ҳаётдан мамнунлик ифодасини кўрдик.

Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram