Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 54 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ АЖРАТИШНИНГ – ЯНГИ ТАРТИБИ

×

 2021-06-16 15:59:40    116

PDF юклаш
Чоп этиш



Хабарингиз бор, жорий йилнинг 8 июнь куни Президентимизнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон 18-банддан иборат бўлиб, Фармон билан Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ишлаб чиқилган ер тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар маъқулланди.

Шунингдек, Фармон билан 2021 йил 1 августдан бошлаб;

- ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;

- мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;

- ижарага олинган ер участкаларда қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;

- қишлоқ хўжалигига мўжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;

- қишлоқ хўжалигига мўжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;

- давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;

- барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;

- давлат-хусусий шериклик лойихалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойихаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин;

- кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши тартиби жорий этилиши белгиланди.

Фармоннинг 4-бандига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинади.

Хусусан, ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлантириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, бундан мазкур Фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлари мустасно;

- туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;

- суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;

- жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;

- хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

Шунингдек, қонун ҳужжатларида ушбу Фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилинади.

Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланиши белгиланди.

Фармоннинг 9-банди билан ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилиб, уларнинг таркиби тасдиқланди.

Бош прокуратура, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари тегишлича Республика кенгаши ва ҳудудий кенгашларнинг ишчи органи ҳисобланади.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига ушбу Фармон билан ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди.

Ушбу Фармон билан ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари объекти сифатида эркин муомалага киритишга эришилади.

Хусниддин БОЙНАЗАРОВ,

Марғилон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram