Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 30 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

АЁЛЛАРГА ЭҲТИРОМ БУЮКЛИК РАМЗИ

×

 2021-05-19 22:20:27    204

PDF юклаш
Чоп этиш



Фарғона вилояти ҳокими Ҳайрулло Бозаровнинг ташаббуси билан республикада биринчи бор “Оналарга эҳтиром” фестивали ўтказилмоқда. Бир неча кундир ушбу тадбирлар Қўштепа туманида ҳам кенг нишонланмоқда. Тадбир доирасида туман ҳокими Илёсбек Новиков ва сектор раҳбарлари томонидан юртимиз равнақи йўлида самарали ва фидокорона меҳнат қилган ва қилаётган онахонларга, опа-сингилларга эҳтиром кўрсатилмоқда. Хуллас, шу тадбир баҳона фарзандлар оналарига, опа-сингилларига яна бир бора ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдалар. Хатто оналари билан муросалари келишмай қолган ўғил-қизларимиз волидаи муҳтарамаларидан узур сўраб, уларнинг нозик кўнгилларига йўл топмоқдалар.  

Аллоҳ таоло инсоният силсиласини давом эттириш учун аёлга оналик имконини берган. Аёл эркак учун таскин ва осойишталик ва либос тимсолига айланган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир” (Аъроф сураси, 189-оят)

Бошқа бир оятда эса шундай дейилади: “Улар (Аёллар) сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз”. (Бақара сураси, 187-оят)

Аёл – борлиқ кўзгуси. Унинг нафис гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, ўзи пок.  Барчаларимизга аёнки, оналарни, аёл зотини эъзозлаш эл-юртимиз учун азал-азалдан эзгу қадрият бўлиб келган.

Аёл деганда кўз олдимизга энг аввало мўътабар онамиз, қадрли бувижонларимиз, мунис опа-сингилларимиз келади. Уларга қанча эътибор, ғамхўрлик қилсак, қувонтиришга урунсак барибир оздир. Чунки, мана шу аёллар дунёда янгидан-янги чақалоқ йиғиси эшитилишига сабаб бўлаётган зотлардир. Дунёда шундай бир зот борки, уни ҳар куни эъзозласак ҳам, дилларини ҳушнуд қилишга урунсак ҳам унинг ҳаққини адо эта олмаймиз. Бу мўътабар зот–онадир.

Она шундай бир зотки дуоларида ўзини унутиши мумкин, аммо ҳеч қачон фарзандларини унутмайди. Шу билан бирга, онанинг мунислиги, муштипарлиги, жисм нозиклиги, кўнгил нозиклиги ва бошқа тарафлари ҳам бор. Улар оталарга нисбатан ёрдамга, яхшиликка, иноятга, лутфга, мархаматга кўпроқ муҳтожлиги учун ҳам уларга ортиқроқ даражада эҳтиром кўрсатиш зарур.

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.): видолашув хутбаларида умматларини уч нарсадан огоҳ этиб, шундай дедилар:

 “Намоз, намоз, намозга диққат қилинг, унга ҳеч ҳам бепарво бўлманг! “Қўл остингиздагиларга кучлари етмайдиган вазифаларни юкламанг! Хотинларнинг ҳақларини ҳурмат қилинглар, мен бу хусусда Аллоҳдан қўрқишингизни тавсия этаман. Хотинларнинг ҳаққи масаласида Аллоҳдан қўрқинглар! Зеро, улар сизнинг ёрдамингизга муҳтождирлар. Улар сизга Аллоҳнинг омонатидирлар...”

Пайғамбаримиз (с.а.в.) эътибор қаратиш лозим бўлган асосий 3 масаланинг бири бу аёлларнинг ҳаққи ҳусусида Аллоҳдан қўрқиш ва уларни Аллоҳнинг омонати деб асраб авайлаш кераклиги эканини ўз умматларига насиҳат қилмоқдалар.

Шундай экан,омонатга содиқ қолиб, аёлларимизнинг турмушини фаровон қилишликка, уларга доимо эътиборли ва муҳаббатли бўлишга ҳаракат қилишимиз лозимдир.

Ҳозирда юртимизда аёлларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳам тахсинга лойиқ ишдир. Ватанимизда яшаётган аёлларга улар хоҳлаган барча шарт-шароитлар мавжуддир. Қисқа қилиб айтганда, бизнинг юрт – аёллар қадр топган юрт десак муболаға бўлмайди. Шундай бўлсада, ҳар қандай аёл суюкли ёр, меҳрибон она, файзли хонадон бекаси сифатида ўрни, эъзозини топгандагина ўзини чинакам бахтли ҳис этади. Аёлларимизни мана шундай чинакам бахтга эга бўлишлари учун биз эркаклар ҳам масъулмиз. Зеро аёлларга эҳтиром – бу буюклик рамзидир.

Шундай экан, ҳар биримиз бошимизда тож бўлиб, хонадонларимизни нурга тўлдириб бизнинг ҳаққимизга тўхтовсиз дуоларни қилиб турган волидаи меҳрибонларимизни дилларини шод қилиб, хизматларида бардавом бўлиб, уларни ғанимат билиб эъзозлаб яшашлигимизни Парвардигоримиз барчамизга насиб этсин!

Абдухошим АХМАДАЛИЕВ,

Қўштепа тумани бош имом хатиби.

 




Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram