Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 14 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

СЎЗ ДЕПУТАТЛАРГА

×

 2020-08-12 10:08:36    144

PDF юклаш
Чоп этиш


Хабарингиз бор, “Сўз депутатларга” рукни остида туман Кенгашига сайланган депутатларимизнинг фаолиятлари билан таништириб боришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Бугун 5-Қизилариқ сайлов округидан туман Кенгашига сайланган депутат, Қўштепа туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабининг немис-инглиз тиллари фани ўқитувчиси Хабибахон Парпиеванинг фикр мулоҳазалари билан танишамиз.

 ДЕПУТАТЛИК МАНСАБ ЁКИ МАРТАБА ЭМАС балки фидойилик, халқ ташвишига камарбасталик демакдир

Юртимизда “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайловлар натижасида республикамизда демократик ислоҳотларни юқори босқичга олиб чиқиш учун зарур бўлган янги сиёсий муҳит вужудга келди.

Сайловлардан сўнг 5-Қизилариқ сайлов округида Халқ депутатлари Қўштепа туман кенгаши депутати сифатида ўз фаолиятимни бошлаб, муҳтарам Президентимизнинг “Қайси партияга мансублигидан қатъий назар, барча юртдошларимизни бирлаштирадиган ягона ва муштарак мақсад – бу жонажон Ўзбекистонимиз, унинг буюк келажагидир. Айни шу мақсад  ҳаммамизни она юртимизга садоқат билан хизмат қилишга даъват этади” деган сўзларини ўзимга шиор қилиб олдим.

Жорий йил 17-январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоларини сайлаш бўйича халқ депутатлари Фарғона вилояти, туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлисида мен ҳам иштирок этдим. Сенаторларни сайлашда иштирок этар эканман, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини масъулият билан бажаришим кераклигини яна бир карра ҳис этдим. Депутатлик мартаба эмас, аксинча масъулият, фидойилик эканлигини, биз депутатларнинг елкасида эса жуда катта залворли юк борлигини англаб етдим.

Депутатлик фаолиятимни энг аввало Қамиштепа ва Қизилариқ маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари, ҳудуддаги профилактика инспектори, 1-умумий ўрта таълим мактаби маъмурияти ва ўқитувчилари билан ҳамкорликда йўлга қўйдим.

Бу йил бутун дунёда, қолаверса, мамлакатимизда ҳам таҳликали холатни юзага келтирган коронавирус касаллигига қарши курашилмоқда. Юртимизда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси даврида барчани карантин талабларига қатъий риоя этишга даъват қилиш орқали тиббиёт фидойиларига елкадош бўлишда депутатлар ҳам ўрнак бўлмоқдалар. Шу мақсадда 2020-йил 23-мартдан бошлаб маҳалладаги савдо дўконларида нарх-наво бўйича мониторинг ўтказиб келмоқдамиз. Ўзбекистонда жорий этилган карантин чекловлари муносабати билан маҳалла фаоллари иштирокида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқдамиз.

Пандемия даврида вақтинча ишсиз қолган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, кўп фарзандли ва эҳтиёжманд оилалар, якка ёлғиз яшайдиган фуқароларнинг турмуш тарзи ўрганилди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида тизимли-марказлашган ишлар ташкилланиб, эҳтиёжманд оилалар маҳалланинг “Темир дафтар”ига киритилди. Бугунги кунда бундай оилалар юртимиз томонидан кўрсатилаётган меҳр ва эътибордан, саховат ва кўмакдан четда қолмасдан назоратга олинган.

Қамиштепа маҳалласида яшовчи кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалардан Ш.Суярова, Ў.Мирбобоева, А.Қодирова, Қизилариқ маҳалласидан Р.Мадаминов, Х.Худойбергановалар хонадонига бепул иссиқхоналар қурилиб, куз-қиш мавсумига тайёрлаб қўйилди.

Қизилариқ маҳалласида “Темир дафтар”га киритилган фуқаролардан  Ё.Тошбоева, С.Мамажонова, Х.Худоберганова каби 8 нафар фуқароларга 2-3 бошдан қўй берилди. Худди шунингдек, бошқа эҳтиёжманд оилаларга ҳам қора мол, парранда ва пул кўринишидаги моддий ёрдам кўрсатилди.

Тиббиёт ходимлари билан бирга якка ёлғиз бўлган фуқароларга Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан юборилган дори-дармонлар қутиси ўз вақтида топширилди.

“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” биз таълим соҳаси ходимларини улкан вазифа ва мақсадларни амалга оширишга чорламоқда. Пандемия даврида ёш авлодга онлайн сабоқ беришда қийинчиликларга дуч келдик ва интернет тармоғининг ишлаш тезлиги жуда паст эканлигига гувоҳ бўлдик. Шунга қарамасдан 1-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиларидан Г.Абдусатторова, С.Бакиржонова, 6-синф ўқувчиси Ш.Юнусалиевлар вилоят миқёсида ўтказилган тезкор онлайн немис тили мусобақасида қатнашиб, 55 номдаги бадиий китоблар, А.Навоий асарлари, инглиз, немис, рус тилларидан грамматик қўлланмалар, луғатлар каби қимматбаҳо китоблар мажмуасига эга бўлдилар. Ушбу совғалар 1-июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида ғолибларнинг хонадонларига етказиб берилди.

Бугунги кунда интернет дунё миқёсида тезкор, кенг оммага мўлжалланган хизмат турига айланган. Шу боис, интернет нафақат таълим соҳасида балки кундалик янгилик ва воқеликлардан тезроқ хабардор бўлиш учун ҳам ҳар жабҳада керак бўлади. Туманимиз аҳолиси учун сифатли ва юқори тезликдаги база станцияларини кўпайтириш, илғор замонавий ахборот-коммуникация хизматларини йўлга қўйиш тарафдориман.

Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу йилдан бошлаб, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилиниши таъкидланган эди. Бу жараёнда хусусий мактабгача таълим  муассасалари ҳам бевосита иштирок этади. Ушбу муассасаларда овқатланиш тизимини янги иновациялар асосида янгитдан ташкил этиш, калорияли овқатлар ҳамда мия фаолиятини яхши ишлашида керак бўладиган витаминларга бой озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олишига эътибор бериш каби масалаларни сайловолди дастуримга киритган эдим. Бундан ташқари, Тошкентдаги Гёте институти билан “Келажакнинг ҳамкор мактаблари” қаторига Қизилариқда жойлашган 1-умумий ўрта таълим мактабини киритиш учун  амалий чора-тадбирларни олиб бормоқдаман.

Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган барча эзгу ва хайрли ишлар халқимиз манфаатига хизмат қилар экан, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади”, деган ибора барча-барчамизни эртанги ёруғ кунлар саодати сари етаклаши шубҳасиздир.

Хабибахон Парпиева,

Халқ депутатлари туман кенгаши депутати.