Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 40 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Ғўза парвариши авжида

×

 2020-07-22 14:25:23    134

PDF юклаш
Чоп этиш


Айни кунларда “Нисбатулло Маҳкамов ери” фермер хўжалигининг даласида иш қизғин. Бу йил ғалладан мўл ҳосил олинди. 30 гектар пахта майдонида баравж ўсаётган ғўза арготехник талаблар асосида парваришланмоқда. Қуёш тафтидан баҳраманд ғўзалар кўзни қувонтиради.
Фермер хўжалиги раҳбарини далада учратдик.

– Шу вақтгача ғўзага уч марта суспензия билан ишлов бердик, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Нусратулло Маҳкамов. – Азотли ўғитга, суғориш даврида “шарбат”га тўйинтирилаётган ғўза дуркун ўсиб, мўл ҳосил тўплаяпти. Мавжуд техникадан унумли фойдаланиб, қатор ораларига ишлов бериш, чилпиш каби агротехник тадбирларни сифатли бажаришга ҳаракат қилаяпмиз. Айниқса, ёз жазирамасида кундузлари ғўза илдизини қиздириб, тунда сувга қондириш, суспензиядан омилкорона фойдаланиш ҳосил ошишига хизмат қилади.

Дарҳақиқат, 40 нафар ишчи меҳнат қилаётган жамоада самарадорликни ва жамоа аъзолари манфаатдорлигини оширишга доимий эътибор қаратилади. Бу йил давлатга 170 тоннадан зиёд дон сотилиб, шартнома режаси ошириб бажарилди.

Мана, жазирама ёзнинг июль ойи ҳам поёнига етиб бормоқда. Август – ҳосил тўплашда муҳим палла. Бу пайтда деҳқоннинг билим ва тажрибаси, омилкорлиги яна бир бор синовдан ўтади. Буни яхши билган фермер хўжалиги аъзолари ҳосилга ҳосил қўшиладиган ойда барча агротехник тадбирларни тез ва сифатли амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Агротехник тадбирлар натижасида ҳар бир туп ғўзада етарлича кўсак тўпланаётир. Айрим кўсаклар нишона бериш арафасида.

Ниҳолларни белгиланган муддатларда суғориш учун Х.Маҳкамов, О.Эралиев, Э.Тожибоев сингари тажрибали сувчилар жалб этилган.

Айни кунларда чилпиш ишлари изчил давом этмоқда. О.Қодирова, Х.Маҳкамова, Ш.Хамроқулова, Д.Мамажонов, А.Хамроқуловлар бу ишда жонбозлик кўрсатмоқдалар.

Ҳозир хўжалик даласидаги ҳар туп ниҳолда ўртача 10-15 та кўсак бор. Шарбат усулида тунги суғориш ва бегона ўтлардан тозалаш ишлари эса давом этмоқда. Ишчилар учун барча зарур шарт-шароит яратиб берилган. Культивация сифатли бажарилмоқда. Натижада ҳосил чўғи ошмоқда. Фермер хўжалиги аъзолари жорий йилда ҳар гектар майдондан ўртача 45 центнердан ҳосил олишни мўлжалламоқдалар.

Ғўза зараркунандаларига қарши кураш тадбирлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган бундай агротехник тадбирлар юксак хирмонга пухта замин яратиши шубҳасиз.

Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.