Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 24 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

РУҲИЯТИМИЗГА СИНГГАН СЎЗЛАР... ЁКИ АЙРИМ СЎЗЛАРНИ ЎЗБЕКЧА ТАЛҚИНИДА ТАЛАФФУЗ ҚИЛИШГА БИЗДА ХОҲИШ, ИРОДА ТОПИЛМАЯПТИМИ?

×

 2020-05-20 12:21:04    245

PDF юклаш
Чоп этиш


Жонажон тилимизни ривожлантириш, давлат тилида иш юритишни ташкил этиш, айни кунларда жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.  Телевидение, босма нашрларда ва ижтимоий тармоқларда кўп чиқишлар, мақола ва кўрсатувлар тайёрланди. Ҳозир ҳам мазкур жараён муҳокамаси давом этмоқда. Лекин амалда тилимиз, яъни ўзбек тилини миллий қадрият сифатида, давлат рамзлари қаторида муқаддас билиб, уни ардоқлаш борасида айрим фуқароларимиз ўзларида куч топа олмаяпти.

Ҳудудлардаги савдо дўконларининг пешлавҳаларидаги ёзувлар фуқароларимизнинг руҳиятига шунчалик сингиб кетганки, у сўзларни ўзбекча талқинида талаффуз қилишга хоҳиш, ирода топилмаяпти. Бунинг оқибатида русийзабон сўзлар аҳоли ўртасида оммалашиб кетган.

Ҳозирги кунда юртимизда ҳаракатланаётган автомобиллар сони ортганлиги сабабли, уларга хизмат кўрсатувчи субъектлар ҳам кўпайган. Бунга, пешлавҳасида “АВТОМОЙКА” сўзи ёзилган автомобиллар ювиш жойлари мисол бўла олади. “Мойка” сўзи, бугун автомобилга эгалик қилувчи ҳар бир фуқаронинг кундалик атамасига айланиб қолган. Бу биргина мисол, тилимизга ёт бўлган бундай сўзларни кўплаб санаб ўтса бўлади (балансировка, замена масла, запчаст, ходовой, кузов ремонт ва ҳ.к.) Ҳудудларда ташқи реклама ёзувларини давлат тилига мос талқинда ёзилиши юзасидан мониторинг ўтказилганда, аксарият автомобиллар ювиш фаолияти билан шуғулланувчи шаҳобчалар пешлавҳасида “АВТОМОЙКА” сўзи ўрнатилган.  Шаҳобча эгалари билан гаплашилганда, “АВТОМОЙКА” сўзи ўзбекча сўзку деб, ўзини ишонтиргани кишини ҳайратлантиради.

Шу маънода, ҳукуматимизнинг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни ташкил қилиш тўғрисида” ги 34-сонли қарори билан белгиланган, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг давлат тилида иш юритишни таъминлаш бўйича маслаҳатчиларининг зиммасига катта масъулият юклатилган.

Ўз хизмат мажбуриятларимиздан келиб чиқиб, ҳудудимиздаги давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланилаётган, давлат тилига зид бўлган сўз ва атамаларни тилимиздан сиқиб чиқаришимизга метин ирода ва масъулият билан қаттиқ курашмоғимиз керак. Зеро, юртдошларимизнинг руҳиятига сингиб кетган юқоридаги каби ёт атамалар вақтлар ўтиб унутилиб, жонажон тилимиздаги сўз ва атамалар уларнинг ўрнини эгалласа ажаб эмас. Келажак авлодга муқаддас она тилимизни соф ва покиза ҳолда қолдириш, жонажон Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир ўзбек миллатининг бурчидир.

Мана шу масъулиятли бурчни адо этишни ёддан чиқармайлик!  

      У. Холматов,

Қўштепа тумани ҳокимининг маънавий-маърифий

ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили

тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш

масалалари бўйича маслаҳатчиси.