Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚАДАМИНГ ҚУТЛУҒ КЕЛСИН, НАВРЎЗ!
2020-03-20 14:20:23 208
Наврўзи олам қалбларимизда энг инжа туйғуларни уйғотади. Инсон онги ва тафаккурида умуминсоний ғоялар мавжланади.
Ўзбек халқи бунёдкор халқ. Бу эл яратувчи эл. У тошларда гулзорлар, боғу роғлар яратади. Бу халқ эзгу ниятлар билан ерга ниҳол қадайди. Фарзанди, набира, эвараси учун уй қуради. Бешик тўй, ҳовли тўйлар ўтказади. Яхши кунимга, болаларимга деб сармоя тўплайди.
Ана шундай бағри бутун, орзулари осмон одамлар яшайди Ўзбекистонда. Тинчликни нон ва имон каби ардоқлайдиган, нафақат ўзи учун, балки бутун дунё учун, тинчлик сўрайдиган бағри кенг, танти инсонлар яшайди Ўзбекистонда.
Наврўз меҳр-оқибат, хайр-саховат, ўзаро ҳурмат, аҳиллик, ғамхўрлик, эътибор ва эъзоз тантанасидир.
Наврўзи оламни нафақат инсонлар, балки замину осмон, она табиат, жами тириклик интиқ кутади, шодланади, қувончга тўлади.
Боласини севадиган, фарзандини ардоқлайдиган, дилбандини еру кўкка ишонмайдиган, “Болам” деб яшайдиган ўзбек халқи Наврўзи оламни кутиб оляпти. Унга пешвоз чиқяпти. Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз!
Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин! Ҳар кунимиз эзгулик, бахт, иқбол, қувончга тўлсин. Наврўзингиз муборак бўлсин!
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати