Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
БИР ЙИЛ ТУТ ЭККАН КИШИ, ЮЗ ЙИЛ ГАВҲАР ТЕРАДИ
2020-03-19 17:20:15 316
Бир йил тут эккан киши, юз йил гавҳар теради, дейишади ёши улуғларимиз. Дарҳақиат, бугунги кунда туманимизда янги тутзорлар ташкил қилиш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда биз юқоридаги ҳикматли сўзни унутгандек бўлдик гўё. Тутларни кесдик, ўтин қилдик. Охир оқибат ипак қурти озуқаси учун барг етказа олмай қолдик. Ерларимиз шўрлаша бошлади. Мана бугун тутзорлар барпо қилиняпти, йўл чети, ариқ бўйларига тут кўчатлари экиляпти.
Туманимизда бир неча йиллардан буён шўрлашиб, экин экилмаган 150 гектар ер майдонида тут плантациялари барпо қилинмоқда. Ушбу ишлар кластерлар томонидан олиб борилмоқда ва янги тутзорлар барпо қилинмоқда. Биргина “Шарқ ипаги дурдонаси” кластери томонидан 100 гектар ерда тут плантацияси барпо этилмоқда.
Бундай тутзорларнинг афзаллиги шундаки, тут майдонлари қатор ораларига ёшлар экин экиб, қўшимча даромадлар олишади. Энди ёшларимиз вақтини бекор ўтказмасдан навниҳол тутларни парваришлаб, қатори орасига полиз, сабзавот ва дуккакли экин экиб деҳқончилик билан шуғулланади. Оиласига қўшимча даромад келтиради.
Бугун Алигавхаров Лангар ММТПга қарашли ҳудудда тут кўчати экиш ҳашари бўлиб, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси ўтказилди. Ушбу лойиҳада туманимиздаги банд бўлмаган 300 нафарга яқин ёшлар қатнашди. Олинган ариқлар қошланиб, тут кўчатлари яхши ниятда экилди. Ушбу лойиҳани ўтказишдан мақсад ишсиз ёшларнинг мавсумий бандлигини таъминлаш, уларни томорқадан мақсадли фойдаланишга, қўшимча даромад топишга йўналтиришдир. Тадбир давомида 10 нафар ёшларга 20 сотихдан ер ажратилди ва ёшларга туман ҳокимининг сертификати топширилди.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати