Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Қўштепа тумани спорт бўлими: "Биз - соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз"
2019-07-12 10:51:41 473
Ҳамма ҳам соғлом, тетик ва бақувват бўлишга, ўз ёшлиги, ҳусни ҳамда ишчанлик қобилиятини сақлашга ҳаракат қилади. Бунга эришишнинг асосий омилларидан бири жисмоний ҳаракат саналади. Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, айни вақтда, мамлакатимизда жисмоний жиҳатдан етук, соғлом авлодни тарбиялаш борасидаги туб ислоҳотлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.
ИСТАК БЎЛСА КИФОЯ
Албатта, барчанинг ҳам юқори малакали спортчи бўлиши, мусобақаларда қатнашиб, мукофотлар олиши шарт эмас. Лекин, инсон мунтазам равишда ўз имкониятидан келиб чиқиб спорт билан шуғулланиши, жисмоний чиниқишини кони фойда. Ёки ҳар куни бажариш имкони бўлган 15-20 дақиқалик эрталабки бадантарбия машғулотлари, 40-60 дақиқа давомида очиқ ҳавода пиёда юриш, тунги уйқу олдидан 20-30 дақиқалик сайр қилиш ҳам, албатта, бундай истаклар рўёбига киради.
Замонавий тиббиёт инсоннинг жисмоний меҳнатга бўлган кам ҳаракати туфайли унинг саломатлик даражасининг пасайиши, ички аъзолар фаолиятининг бузилиши, ишлаш қобилиятининг паст кўрсаткичи ва талаб даражасида бўлмаган жисмоний ривожланиш каби ҳолатларнинг мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш ўсиб келаётган авлодни баркамол бўлиб вояга етиши, шу билан бирга, уларнинг бўш вақтдан унумли фойдаланишига имкон беради. Инсон организми ташқи муҳит билан уйғун, бир бутун ҳолда ривожланади. Ушбу уйғунлик, шунингдек, барча аъзолар фаолиятини марказий асаб тизими бошқариб туради. Доимий, узлуксиз равишда бажариладиган жисмоний ҳаракат киши соғлигига яхши таъсир этади: модда алмашинуви яхшиланади, организм тўқималари озиқ моддаларни яхши ўзлаштиради, парчаланган моддалар организмни тезроқ тарк этади.
Эрталабки бадантарбия машғулотлари билан барча ёшдаги кишилар шуғулланиши мумкин. Машғулотлар узлуксиз, доимий равишда бажарилгандагина ижобий натижа беради. Узоқ муддатли танаффус эса олдинги машғулотлар таъсирининг пасайишига олиб келиши мумкин. Демак, ўз организмини чиниқтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, соғлиқни мустаҳкамлаш асосида узоқ умр кўришни истаган ҳар бир киши доимо жисмоний тарбия билан шуғулланиши, шунингдек, кундалик фаолиятини муайян тартиб асосида олиб бориши зарур.
Аслини олганда, ҳаракат учун энергия зарур, энергия эса озиқ-овқат маҳсулотлари ёғ ва углеводларни қайта ишлаш йўли билан олинади. Ҳаракат нафас, қон томирлари, овқат ҳазм қилиш, қон ишлаб чиқариш тизимларини такомиллаштиришга ёрдам беради.
ТЕТИКЛИК ТАЛАБИ
Шу сабабли, фаол жисмоний ҳаракат қиладиган кишилар руҳи енгил, тетик, қувватга тўлган, дили равшан, кайфияти юқори ва барқарор бўлади. Жисмоний машқларни бажариш натижасида организмнинг ҳимоя тизими яхши ривожланади. Шу ўринда физиолог-олимлар томонидан 200 нафардан ортиқ киши иштирокида ўтказилган тадқиқот натижасини мисол сифатида келтириш мумкин. Жисмоний машқлар билан доимий равишда ва изчил шуғулланувчи кишиларнинг ҳис-туйғулари даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадқиқотнинг кўрсатишича, тажрибада иштирок этганларнинг 72 фоизи ўзини жуда бахтиёр деб ҳисоблайди. Бунинг сабаби сифатида улар айнан узлуксиз равишда жисмоний машқлар билан шуғулланишини қайд этади.
Болалик, ўсмирлик давридан бошланган чиниқиш машғулотлари, айниқса, фойдалидир. Ҳар бир киши ўз организмини мустаҳкам режимга ўргатиши зарур. Бадантарбия, очиқ тоза ҳавода сайр қилиш, спорт ўйинлари каби чиниқтирувчи машғулотлар билан шуғулланиш узоқ умр кўриш ва саломатликни таъминловчи омиллардандир.
Бундан ташқари, бизнинг нисбатан иссиқ иқлим шароитимизда ноанъанавий усуллар билан ҳам организмни чиниқтириш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, турли хил оёқ ванналари, туз ва тош йўлакчаларида юриш, шунингдек, уйқудан олдин ва кейин очиқ ҳавода сайр қилиш сингари чиниқтириш усуллари организм иммун тизимининг фаолиятини кучайтиради.
Бир сўз билан айтганда, саломатлик одамнинг руҳий сокинлиги ва ташқи муҳитнинг зарарли таъсирларига қарши тура олиш қобилиятидир. Чиниқиш эса организмни сув, қуёш ва ҳаво таъсирида секин-аста мослаштира бориш механизми саналади. Соғлом турмуш кечириш учун, албатта, организмни турли табиий муҳит шароитларида чиниқтириш лозим. Буни, айниқса, ёшларимиз онгига сингдириш зарур. Зеро, болалик, ўсмирлик давридан чиниқиш бир умр соғлом яшаш, узоқ умр кўриш гаровидир.
Болаларнинг оммавий спортга қизиқишларини ошириш, бошланғич гимнастика ва ҳаракатли ўйинлар бўйича машғулотлар олиб бориш орқали жисмоний ривожлантириш ҳамда саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида, Қўштепа тумани “Спорт” бўлими билан ҳамкорликда “Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида” ўтказилаёнган эрталабки бадантарбия машғулотларидан лавҳалар.
Қўштепа тумани Спорт бўлими хисобчиси Машхурвхон Шокирова