Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ЖОРИЙ ЙИЛ 11-12 ИЮЛ КУНЛАРИ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИГА ТАШРИФИ ДАВОМИДА БЕРИЛГАН ТОПШИРИҚЛАРИ ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ ЮЗАСИДАН ТУМАН ҲОКИМИ АНВАРЖОН АБДУЛЛАЕВНИНГ ҚЎШТЕПА ФАОЛЛАРИ, ТАДБИРКОРЛАРИГА МУРОЖААТИ
2024-07-22 16:29:07 263
АССАЛОМУ АЛАЙКУМ, АЗИЗ ТУМАНДОШЛАР!
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 11-12 июл кунлари Фарғона вилояти саноати ва инфратузилмасининг ривожланиши, маҳаллаларда олиб борилаётган йирик бунёдкорлик ишлари билан танишиш, янги йирик лойиҳаларга старт бериш мақсадида амалга оширган ташрифи бизга янги имкониятлар эшигини очиб берди.
Фаоллар йиғилишида давлатимиз раҳбари вилоятимиз иқтисодий тараққиёти аҳволини чуқур таҳлил этиб, ҳар бир туман ва шаҳар, жумладан, Қўштепани ҳар томонлама ривожлантириш манбааларини, фойдаланишимиз зарур бўлган ички имкониятларни бирма-бир санаб ўтдилар ва биз, ҳокимлар, сектор раҳбарлари, тадбиркорлар, иқтисодий тараққиётга масъул бўлган мутасаддилар, бутун фаоллар олдига бугунни эртага қўймай амалга ошира- диган вазифаларни илгари сурдилар.
ТУМАНИМИЗНИНГ ШИЖОАТЛИ ИШБИЛАРМОН ВА ТАДБИРКОРЛАРИ!
Президентимизнинг юртимиз тараққиётини бундан буён тадбиркорлар ҳаракати белгилаб бериши ҳақидаги гаплари Сизларга давлатимиз раҳбари нечоғли ишонаётганини ва меҳнаткаш халқимиз турмуш даражасини кўта- ришда чинакам ватанпарварлик ва халқпарварлик билан иш олиб бори- шингиз зарурлигини кўрсатиб турибди.
Вилоятимизда, жумладан, тумани- мизда аҳоли сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, ҳозирда бу кўрсаткич Қўштепамизда 211 мингга яқинлашганини инобатга оладиган бўлсак, меҳнатга лаёқатли одамларга иш ўрни яратиш, уларнинг етарли даромадга эга, ҳаётидан рози бўлишига эришиш Сизу биздан, керак бўлса, туну кун фидойилик билан иш юритиш зарурлигини тақозо этмоқда.
Туманда салоҳиятли тадбиркорлар кўплиги, имконият ҳам, шароит ҳам керагидан ортиқлиги, агар тўғри ёндашув ва тизимли ишлар ташкил этилса, инвестиция, ишлаб чиқариш, иш ўрини ва экспортни бир неча баробар ошириш мумкинлиги барчамизга бирдай аён.
Ушбу ишларни изчил амалга ошириш учун маърузадан келиб чиқиб, мутасаддилар билан ҳамкорликда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ички имкониятларни қайта кўриб чиқиб, махсус дастур ишлаб чиқдик. Унга кўра, Сизу биз қуйидаги мақсадларни рўёбга чиқариш учун астойдил бел боғлашимиз керак:
Биринчидан, “Тошкент-Ош” А-373 магистрал автомобил йўлининг Қўштепа тумани ҳудудидан ўтган қисмида 10 та хизмат кўрсатиш ва сервис лойиҳаларини амалга ошириш орқали 50 та янги иш ўринлари яратамиз;
Иккинчидан, 9 гектар ер майдонларида Сармозор кичик саноат зонаси ташкил этилади. Ушбу ер майдонларига Хитой давлатидан жалб этиладиган инвестор томонидан 30,0 млн.доллар инвестициялар жалб этилиб, чарм-пойабзал ва савдо логистикаси ташкил этилиши натижасида 1200 та янги иш ўринлари яратилади;
Учинчидан, туманда қўшимча 48 гектар ер майдонларида кичик саноат зонаси ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу саноат зонасига маҳаллий саноат лойиҳалари жойлаштирилади. Натижада 60,0 млн.доллар хорижий инвестициялар жалб этилиши натижасида 5,0 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади;
Тўртинчидан, “Эшонгузар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 11,9 гектар ер майдонида мебел ишлаб чиқариш корхоналари учун кичик саноат зонаси ташкил этиб, 1000 та янги иш ўрни яратамиз. Айни пайтда мебел маҳсулотлари экспорти ҳажмини 15 миллион долларга етказамиз.
Бешинчидан, “Хумдон” маҳалласи ҳудудидаги 9 гектар ер майдонидаги “Агрологистика маркази” ишини барқарорлаштириш орқали 30,0 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобига экспорт ҳажмини босқичма-босқич 20 миллион долларга етказамиз;
Олтинчидан, туманни иқтисодий ривожлантириш мақсадида Президентимиз белгилаб берган янгича тизим асосида иш олиб бориб, Сизлар билан яқиндан мулоқотлар олиб бориб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, қўшимча имкониятларни ишга солиш орқали жорий йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,94 триллион сўмга етказиб, ўсиш ҳажмини 1,1 баробарга оширамиз;
Еттинчидан, дунёдаги ҳозирги ўта мураккаб шароитда Давлатимиз раҳбари томонидан жаҳон бозорларига янги йўл очиш, хорижий инвестиция олиб келиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб бердилар. Шундан келиб чиқиб, хорижий инвестициянинг умумий қиймати 101 миллион долларлик 5 та лойиҳани шакллантириб олдик ва уларни Сизлар билан биргаликда йил якунига қадар тўлиқ ишга туширилишини таъминлаймиз.
Президентимиз ўз маърузаларида экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида урғу бердилар. Туманимиз ишбилармон ва тадбиркорлари 2023 йилда 86,3 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотни экспорт қилган бўлсалар, бу борадаги топшириққа амалий жавоб бериб, Сизларнинг самарали ҳаракатларингиз билан жорий йил якунида бу кўрсаткични 122,0 миллион долларга етказиб, ўтган йилга нисбатан 141 фоизга ўсишга эришилади.
ТУМАНИМИЗ ФАОЛЛАРИ!
Аҳоли турмуш даражаси ишга яроқли фуқароларнинг даромадли иш ўрнига эга бўлишига боғлиқ эканлигини яхши биласиз. Ҳозирда ишсизлар сони 1690 нафарни ташкил этиб, бундан ташқари янги меҳнат бозорига 4500 нафар (Миграциядан кайтадиган 1918 нафар ҳамда 2582 нафар битирувчи ёшлар) фуқаролар қўшилмоқда, йил якунига қадар 6190 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлашимиз зарур бўлади. Шунинг учун ҳам тегишли мутасаддилар билан бамаслаҳат илгари сурилган устувор вазифалар ижросига қаратилган дастурда аҳоли даромадла- рини ошириш, камбағалликни қисқар- тириш мақсадида йил якунига қадар туманда 17 минг 344 нафар аҳоли бандлигини таъминланлашни белгилаб олдик. Жумладан:
-инвестициялар, ташқи савдо ва маҳаллий саноатни ривожлантириш йўналишида – 1048 та;
-молия-иқтисод, тадбиркорлик ва камбағалликни қисқартириш йўналишида аҳолини доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд қилиш йўналишида – 5300 та;
-қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалигида доимий, вақтинчалик ва мавсумий ишларда банд қилиш орқали – 10380 та;
-қурилиш, транспорт ва коммунал соҳаларида аҳолини доимий ишларда банд қилиш ва корхоналарда норасмий ишлаётган ходимларни вақтинчалик прогноз кўрсаткичлари бўйича – 616 та иш ўринлари яратилади.
Бу, албатта, одамларни рози қилиш учун Президентимиз таъбирлари билан айтганда, ўз ҳаловатимиздан кечиб, барча имкониятдан самарали фойдаланиб иш юритишимизни талаб қилмоқда.
Аҳолини камбағалликдан чиқариш ва даромадини ошириш мақсадида қуйидаги ишларни амалга оширамиз, жумладан:
Президентимиз белгилаб берган лойиҳага кўра, туманимиз экин майдонларининг 1000 гектарида боғ ва токзорлар ташкил этишга киришилади; маҳаллаларда қиймати 60,1 миллиард сўм бўлган 510 та кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш микролойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига иккинчи ярим йилликда 1352 нафар аҳоли банд қилинади;
аҳолининг 3500 нафари ўзини-ўзи банд қилиши, 265 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имконият яратилади, 175 та янги корхоналар ва 1327 та деҳқон хўжаликлари ташкил этилади;
маҳаллаларда томорқа ва уй хўжалигида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш доирасида йил якунига қадар 1560 нафар аҳоли бандлиги таъминланади, ушбу мақсадларга жами 19,7 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилади;
банк мижозлари билан учрашувлар ташкил этиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш орқали 1560 та янги иш ўрни яратилади.
Президентимиз бугунги кунда миграцияда юрган, кам даромад олаётган фуқароларни ўз юртимизга қайтариб, уларни доимий даромадга эга, кафолатланган иш ўрни билан таъминлаш олдимиздаги энг долзарб вазифа эканлигини таъкидлаб, бунга жиддий ёндашишимизни уқтирдилар. Ҳозирда туманимиз аҳолисининг 3989 нафари мигрант ҳисобланади. Ҳисоб-китоб қилсак, туманимиз фуқароларининг 1972 нафари кам даромадга эга бўлган мигрантлар ҳисобланиб, уларни юртга қайтариш чорасини кўриш ҳамда билим ва кўникмаларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш корхоналарига жойлаштириш чораларини кўришимиз шарт.
Шунингдек, уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, субсидия ҳамда имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан тадбиркорликка йўналтиришимиз талаб қилиняпти.
Аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданиятини янада ошириб, бу йўналишда туманимизда бошланган Сайхунобод ва Уйчи тажрибаларини кенг ёйишга маҳалла мутасаддилари, айниқса, ҳоким ёрдамчилари ўта масъулият билан ёндошишлари зарур. Унутманг, бу тажриба оилалар даромадини оширишнинг энг синалган, ҳар бир хонадондаги инсон омили ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш, одамларни меҳнатга, яхши яшашга интилишини ошириш манбаидир.
Давлатимиз раҳбарининг берган вазифа ва топшириқларидан тегишли хулоса чиқарган ҳолда мен, Қўштепанинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти, халқининг ҳаётдан рози бўлиб, тўқ ва фаровон яшашига биринчи даражали масъул сифатида Сиз, азизларнинг фидойилигингизга, туманимиз, вилоятимиз, шу азиз Ватанимиз умидли эртасига дахлдорлик ҳиссини теран англашингизга ишонаман.
Президентимиз даъвати ва топшириғига кўра, шу меҳнаткаш қўштепаликлар ҳаётини янада фаровонлаштиришдек олижаноб ишга Аллоҳ берган куч-ғайратимиз, бор салоҳиятимизни бағишлайлик. Бу йўлда барчамизга Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!
Қадрли ҳамюртлар!
Муҳтарам пиру бадавлат отахон ва онахонлар!
Азиз фарзандларимиз!
Аввало, Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинки, бугун биз сизлар билан биргаликда тинчлик-осойишталикда, халқимиз фаровонлиги, маҳалла ва оилаларимиз ободлиги йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётган бир даврда яшаб, умргузаронлик қилмоқдамиз. Мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, ёшлар келажагини таъминлаш, айниқса, биз – кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ҳар биримизнинг ҳаётимизни янада файзли ва мазмунли этмоқда. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳалла ва оилаларда ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик муҳитини асраш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга ҳурмат руҳида, замонавий билим ва касб-ҳунарлар эгаси этиб тарбиялаш, маънавий-маърифий ишларни янада кучайтиришда биз – кекса авлод вакилларига юксак ишонч билан қарамоқдалар.
Албатта, ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрган, оқ-қорани ажрата оладиган, катта тажрибага эга бўлган сиздек муҳтарам отахон ва онахонлар бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Сизларнинг фойдали ўгит ва насиҳатларингиз ёшларимиз учун доимо ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Дунёда турли нотинчликлар, зиддият ва тўқнашувлар кучайиб бораётган бугунги ғоят мураккаб замонда келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг тарбияси борасида зиммамизда қандай масъулиятли вазифалар турганини албатта, барчамиз яхши тушунамиз.
Афсуски, мана шундай таҳликали вазиятда инсон қалбини эгаллаш, уни руҳий-маънавий мувозанатдан чиқаришга қаратилган таҳдид ва хатарлар бизнинг ҳаётимизга ҳам хавф солмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқлардаги ахборот хуружлари, кибержиноят ва зарарли диний оқимлар ёшларимиз онгини заҳарлашга уринмоқда. Бундай шароитда фарзандларимизнинг юриш-туришидан доимо хабардор бўлиб, ҳушёрлик ва огоҳлик билан яшашни замоннинг ўзи талаб этмоқда.
Аввало, жондан азиз фарзанд ва невараларимиз билан дўстона мулоқот қилиб, уларнинг энг яқин сирдошига айлансак, уларнинг қалбини, онгини эзгулик, илм-маърифат, ота-она, маҳалла ва Ватанга меҳр-муҳаббат билан тўлдирсак, ҳеч шубҳасиз, тарбия масаласида жиловни маҳкам қўлга олган бўламиз.
Ҳар бир оилани кўз қорачиғидек асраш – бизнинг ота-она сифатидаги муқаддас бурчимиздир. Зеро, битта оиланинг пароканда бўлиши бегуноҳ фарзандларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатади, хонадонлардаги нотинчликлар жамият учун катта ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаради! Қариндошлар ўртасидаги никоҳлар оқибатида ногирон ва хаста фарзандлар туғилиши, миллий генофондимизга катта зарар етиши ҳам ҳаммамизга аён ҳақиқат. Бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун ҳар бир ёш оила, хонадонга кириб бориб, улар билан манзилли иш юритишимиз зарур.
Азизлар, оилавий зўравонликлар, нотинчликлар ёшларимиз ҳаётида, жамиятимизда тузатиб бўлмас муаммоларни пайдо қилишига йўл қўймайлик!
Маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган, оғир турмуш шароитида яшаётган ҳамюртларимиз, қўни-қўшниларимиз ҳолидан хабардор бўлиб, уларни ҳеч қачон меҳр ва эътибордан четда қолдирмайлик!
Меҳнат миграцияси билан хорижга кетган ҳамюртларимиз ҳам бизнинг жигарбандларимиз. Уларнинг оиласи, ота-онаси билан суҳбатлашиб, касб-ҳунарсиз, тил билмаслик оқибатида сарсон-саргардон бўлиб юрганларни юртимизга қайтариб, “маҳалла еттилиги” орқали уларни иш билан таъминлаш чораларини кўрайлик!
Ўзбекистон Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилгани, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари, туман ҳамда шаҳарларда эса “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилгани натижасида ўзгалар кўмагига муҳтож, қалби ўксик инсонларнинг муаммоларига ечим топилмоқда. Ана шундай ҳамюртларимизга пул ва эҳсонлар бериш билан бирга, уларни қурби етадиган, соғлиги кўтарадиган ҳунарга ўргатиб, шу асосда бандлигини таъминлаб, уларда ўз кучи ва имкониятига ишончни шакллантиришга ҳам эътибор қаратайлик!
Ҳар бир оиланинг ички имкониятларини юзага чиқариш, айниқса, томорқачиликни ривожлантириш, турли касб-ҳунарлар орқали аҳолимизнинг даромад топишига кўмаклашиш ҳам долзарб вазифамиз.
Томорқа — беқиёс хазина эканини ёш оилалар ҳаётига сингдириш учун бу борада “устоз – шогирд” анъаналарини ҳаётга кенг татбиқ этайлик! Ҳар бир хонадонда каттами, кичикми иссиқхоналар ташкил этиб, помидор, бодринг, кўкат ва лимонлар парваришлашни ёшларга ўргатайлик! Меҳнат ортидан келадиган қут-барака, бахтли ва файзли ҳаёт қадрини жойларда турли йиғин ва маъракаларда, ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб этайлик!
Кўзимиз нури, дилимиз ғурури бўлган азиз ёшлар!
Муҳтарам Президентимиз яқинда Ёшлар куни муносабати билан сизларга йўллаган табригида “Янги Ўзбекистон ёшлари” деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган йигит-қизлар бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин фондимиздир”, деб, алоҳида таъкидлади. Меҳр ва эътиборга тўла бундай сўзлар замирида сизларга бўлган катта ишонч мужассам. Бу ишончни оқлаш йўлида сизлар доимо олдинга интилиб, замонавий билим ва касб-ҳунарларни, хорижий тилларни, рақамли технологияларни пухта эгаллаб, ёшликни ғанимат билиб, вақтни қадрлаб, эл-юртимизга астойдил хизмат қилишга ҳозирдан тайёр бўлинг!
Ҳеч қачон унутманг, ҳақиқий бахт, аввало, она юртга чин дилдан хизмат қилиб, унинг меҳрини, эътиборини қозонишда намоён бўлади.
Ёшлар учун бугунгидек мислсиз шароитлар илгари ҳеч қачон бўлмаган! Юртимизда ҳеч қайси авлод давлат раҳбарининг бунчалик меҳри ва эътиборини ҳис қилиб яшамаган! Буларнинг қадрига етинг!
Биргина ёшларнинг даромадларини ошириш мақсадида ер бериш бўйича жорий этилган янги тизим орқали бу йил 156 минг ёшга 60 минг гектар ер майдони 30 йил муддатга ижарага берилди. Азму шижоатли ёшларимиз ана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, яхши натижаларга эришмоқда. Афсуски, бу имкониятлардан етарлича фойдалана олмаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Уларда зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришда муҳтарам нуронийларимизнинг беғараз ёрдами жуда муҳим. Сиз, азиз ёшлар, ўзингизга устозлик қилаётган мўътабар кексаларнинг маслаҳатларига амал қилсангиз, ҳеч қачон кам бўлмайсиз. Чунки ҳаётда не-не синов ва машаққатларни кўрган меҳнат фахрийлари, устозларингиз, бобо ва момоларингизнинг тажрибаси, илми ва насиҳатлари – ўзига хос академиядир.
Қадрли ота-оналар, уста-ҳунармандлар, боғбон ва деҳқонлар!
Ер билан тиллашишда, сувдан тежаб-тергаб фойдаланишда ёшларнинг маслаҳатчиси бўлиб, ёнида туриб, уларга олтиндан қиммат ўгитларингизни дариғ тутманг! Кўзлари чақнаб турган дилбандларимизнинг миллий анъаналаримизга, она тупроғимизга меҳр боғлашида, ўзига ишончи, эътиқоди мустаҳкамланишида камарбаста бўлинг!
Ёшларни биз етакламасак, шубҳасиз, бошқалар етаклайди. Уларни биз ўқитмасак, бошқалар ўқитади. Фарзандларимизга Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт ғояларини, қадимий тарихимиз, бой маданиятимизни аниқ дастурлар асосида, ҳаётий мисоллар билан сингдирмас эканмиз, уларга бошқалар ўз мафкурасини тиқиштиради. Бу – аниқ.
Муҳтарам отахон ва она- хонлар, маҳалла фаоллари
Бугунги дунё – шафқатсиз рақобат дунёси. Ёвуз кучлар интернет орқали миллий маънавиятимизга, қадриятларимизга, шарқона одоб-ахлоқимизга мутлақо ёт бўлган “маданият”ларини ёшларимиз онгига синдиришга уринмоқда. Уларга ўзбекона маданият, ўзбекона маърифий ҳаёт, ўзбекона ҳамжиҳатлик қандай бўлишини амалий ишларимиз билан кўрсатиб қўяйлик! Токи, улар бу юртда ғоявий-маърифий соҳанинг чинакам мард ва баҳодирлари борлигини билсин ва бундан хулоса қилсин!
Бугунги нурли, файзли ҳаётимиз, фарзандларимизнинг бахтиёр нигоҳларига қараб, чексиз шукроналар айтар эканмиз, ҳар биримизнинг қалбимизда ёшлик йилларимиздан қолган машаққатлар оғриғи, табиийки, бот-бот ўзини сездириб туради. Бизнинг болалик йилларимиз ёз чилласидаги жазирама иссиқлар, кузнинг изғиринли шамоллари, декабрнинг қаҳратон совуқларида пахта далаларида ўтмадими? Сохта ва баландпарвоз шиорларга алданиб, совуқда тарс ёрилган қўллари билан кўсак чувиб юрган ўқувчи ва талабалар ёшлик завқидан бебаҳра бўлмадими? Мана, бугун ўша азоблар ортда қолиб, тарихга айланди. Юртимиз обод бўлиб, ёшларимизга беқиёс имконият эшиклари очилмоқда. Уларнинг қалбида бугунги тинч ва эркин ҳаётимиз учун, хоҳлаган илм ва ҳунарни ўрганиб, камол топишларига, яратилаётган барча имкониятлар учун шукроналик ҳиссини кучайтирайлик! Зеро, бугунги кунни қадрлаган инсон эртага бундан ҳам ёруғ ва бахтли ҳаётга эришиш учун интилиб яшайди.
Шу боис, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш борасидаги ишларимизни кучайтириб, маънавий-маърифий тарғибот тадбирларининг самарасини оширайлик! Оила — маҳалла — таълим муассасаси ҳамкорлигида, ёшлар масалалари бўйича “маҳалла еттилиги” ёрдамида бу борадаги фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқайлик! Ёшларимиз билан уч авлод вакилларининг учрашув ва жонли мулоқотларини янада кўпроқ ташкил этайлик!
Янги Ўзбекистонга ҳар томонлама муносиб бўлган ёш авлодни тарбиялаш бўйича бир тану бир жон бўлиб иш олиб борайлик! Бу борада муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган улкан саъй-ҳаракатларга камарбаста бўлайлик!
Доимо ёдда тутайлик: ёшларимиз — нафақат умримиз, айни пайтда бугун биз амалга ошираётган улкан ишларнинг ҳам давомчиларидир. Ёшларимиз — бизнинг қандай буюк халқ эканимизни жаҳон майдонида яққол намоён этадиган тенгсиз куч, тенгсиз қудратдир. Ёшларимиз — шаънимиз ғуруримиздир. Бинобарин, бундай буюк бойликни доимо асраб-авайлаб, бугун ва келажак учун ишлайдиган бебаҳо инсоний ресурсга айлантириш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ва вазифамиздир. Бизнинг тақдиримиз ва келажагимиз, Ватанимизнинг обрў-эътибори ана шу вазифани қанчалик самарали ҳал этишимизга боғлиқ.
Айнан ана шундай улуғ ишлар халқимизни янада бирлаштириб, кучли ва қудратли қилади, кўксимизни тоғдек кўтариб, умримизни янада мазмунли этади.
Сиз, азизлар ана шундай эзгу ва олижаноб ҳаракатда бор куч-ғайратингиз, билим ва тажрибангиз билан фаол иштирок этасиз, деб ишонамиз.