Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 148 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАР: АСАЛНИНГ ТОТЛИ ДАРОМАДИ

×

 2024-05-01 09:33:52    417

PDF юклаш
Чоп этиш


 

Қўштепа туманидаги Лойсон маҳалласида яшовчи Абдурашид Азимов ёшлигида синфдоши Шахриёрдан асалари ҳикоясини кўп эшитарди. Чунки Шахриёрларнинг уйида асалари парваришланар эди-да.

Абдурашид ўртоғининг уйидаги асалариларга қизиқиб, дарсдан кейин тез-тез уларникига борадиган бўлиб қолди. Шахриёрнинг дадаси Насрулло ака эса ундаги қизиқишни пайқаб, “Агар дарсдан бўш вақтингда келсанг, бу ишни сенга ҳам ўргатаман. Меҳнати кам, лекин даромади жуда яхши. Ўрганиб олсанг, уйингдагилар билан қарайверасан” деди.

Ўз хоҳиши ва уйидагиларнинг розилиги билан асалари парваришлашни ўрганишга киришган Абдурашид ўшанда 13 ёшда эди. Болакайнинг қизиқиши кундан кун ортиб борди. Асаларичиликка меҳрини бериб, сабр-тоқат билан ҳеч эринмай устози Насрулло Хошимовдан кўп нарсани ўрганди.  

Абдурашиддаги асаларичиликка бўлган қизиқишни кўрган ота-онаси 2018 йилга келиб, ўзларига 5 та яшикда 15 та асалари оиласини сотиб олишди. Абдурашид бундан жуда ҳурсанд бўлди. Лекин ота-онасининг шартига кўра асалариларга қараш билан бирга мактабдаги дарсларни қолдирмай, аъло баҳоларга ўқиши керак эди. 15 ёшли болакай сўзида туриб мактабда ҳам жуда яхши ўқиди. Дарсдан кейин вақтини беҳуда ўтказмай асалари парваришлаш билан шуғулланди.

Мана, орадан бир неча йил ўтиб, Абдурашид Азимов 21 ёшга тўлди. Лекин ёш бўлишига қарамай асаларичиликда анчагина тажриба орттирди. Парваришлаётган асалари оиласи эса 120 тага етди. Ҳозирда у нафақат асаларичилик маҳсулотлари етиштирмоқда, балки тажрибали устози ёрдамида асалари пакетларини сотиш билан ҳам шуғулланиб,

йилига 40 миллион сўмдан ортиқ даромад топади. Қолаверса шу соҳада билимини ошириш мақсадида Фарғона давлат университетининг Аграр қўшма факултетида Зооинженерия: асаларичилик мутахассислиги бўйича 3-курсда таҳсил олмоқда.

Суҳбатимиз чоғида ёшгина бўла туриб, яхшигина даромад топаётган йигитнинг сараф-ҳаражатларига қизиқиб кўрдик.

– Ота-онамга ёрдам бўлсин деб уч йилдирки ўқишимни тўлов-шартономасини топаётган даромадимдан тўлайман. Ортганини эса рўзғорни кам-кўстига ишлатамиз, – дейди Абдурашид.

Асаларини бежиз етти хазинанинг бири дейишмас экан. Абдурашид билан суҳбатлашиб биз бунга амин бўлдик.

– Асалари жуда меҳнаткаш ва интизомли ҳашарот бўлади, – дейди ўз тажрибалиарини биз билан ўртоқлашган ёш асаларичи. – Уларни томоша қилишнинг ўзи мароқли. Ҳар бири ўз вазифаси, ишини яхши билади ва ундан оғишмайди. Ишчиси ишлайди, қўриқчиси қўриқлайди, она асалари кўпайиш жараёни марказида бўлади. Биласизми, улар тозаликни жуда яхши кўради ва шунга қатъий риоя қилади. Ҳар бир қути ичида ўзининг махсус тозаловчи арилари бўлади. Уядаги барча чиқит, кераксиз нарсаларни йиғиб, қути ичининг бир четига уйиб қўйишади. Биз эса уларни олиб ташлаймиз. Яна қизиқ томони, қанот чиқариб уча бошлаган ишчи арилар бир кун олдин тинмай қути атрофида айланиб учади ва узоққа кетмайди. Эртасидан эса, қолганларига ўхшаб, ишга чиқиб кетишади. Ишчи асалари 40 кунча умр кўрса, она асалари икки йилча яшайди. Маҳсулдорлиги пасая бошлаганда ёш она асалариларига алмаштирилади.

Абдурашид яна бизга асалари парваришлаш мураккаб иш эмаслигини, бунинг учун одамда хоҳиш ва истак бўлиши кераклигини сўзлаб, ундан олинадиган даромадни ҳам ҳисоблаб берди. Суҳбатдан шуни англадикки, бу фойдали ҳашаротни парваришлаш жуда баракали экан.

Ёш бўлишига қарамай асалари парваришлашда 8 йиллик тажрибага эга бўлган Абдурашид Азимов олийгоҳда таҳсил олаётганлиги учун асалариларини қўшни вилоятлардаги тоғли ҳудудларга олиб бора олмас экан. Шунинг учун уларни уйларига яқин боғларда, жийда гулида чўл ҳудудларида, пахта гулида эса дала майдонларига яқин жойларда парваришлайди. Унинг мақсади ўқишни тугатгач асаларичилик соҳасини ривожлантириш йўлида илмий иш билан шуғулланиш ва фаолиятни янада кенгайтириш.

Баъзан ёшларни “яхши иш йўқ”, дея нолиши тез-тез қулоққа чалинади. Лекин, орамизда Абдурашид Азимов сингари чекка қишлоқдаги кичик имкониятлардан фойдаланиб, катта тадбиркорликка қўл урганлар ҳам талайгина. Албатта, ён-атрофимиздаги нафақат ёшларга, балки “қандай иш қилсам экан” деб бош қотириб юрганларга ҳам мана шу заҳматкаш йигитдек ўз мақсади йўлида бир ишни бошини тутиб ҳаракат қилишларини тавсия қилган бўлар эдик.




 

 





Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram