Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
БИЛГАНГА ТОМОРҚА - ҚЎШИМЧА ДАРОМАД МАНБАИ
2024-04-06 10:31:50 283
Томорқа даромад манбаи эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда йил бўйи қишлоқ хўжалик экинларидан ҳосил яратиш имконияти пайдо бўлди. Албатта бунинг учун иссиқхоналар қурилса кифоя.
Кейинги пайтларда Қўштепа туманида ҳам кундан-кунга иссиқхоналар сони ошмоқда. Қурилган иссиқхоналарда меҳнаткаш томорқачилар зиравор кўкатлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, гул кўчатлари ҳатто цитрус меваларни парваришлаш бўйича ҳам катта тажрибага эга бўлишаётир.
Шомирзалик Мирзаевларни маҳалладаги намунали томорқачилардан бири десак муболаға бўлмайди. Жахонгир Мирзаев ота-онасидан кўчатчилик сир-асрорини ўрганди. Оилали бўлиб, ўз хонадонида ҳам кўчат етиштиришни йўлга қўйди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра икки йил олдин 19 миллион сўм имтиёзли кредит олиб 2,5 сотихлик иссиқхона қурди. Мана, икки йилдирки иссиқхонасида ҳамда томорқасининг қолган қисмидаги махсус мосланган ерда помидор, қалампир, бақлажон, карам кўчатларини парваришлаб, қўшимча даромад топмоқда.
– Ҳар бир қарич ҳосилдор ерни қадрлашимиз керак, – дейди Жахонгир Мирзаев. – Кўчатчилик билан оилавий шуғулланамиз. Ота уйимиздаги 12 сотих томорқада ҳам ҳар йили кўчат етиштирилади. Айни кунларда кўчатларни маҳалладошларимизга, қолаверса ички бозорга олиб чиқиб сотиб, меҳнатимизни самарасини кўраяпмиз.
Бир сўз билан айтганда, бу хонадоннинг барча аъзолари ерга меҳр бериб меҳнат қилишади. Ушбу меҳнаткаш оиланинг иноқлиги ва рўзғоридаги қут-баракаси билан ҳамқишлоқларига ибрат бўлмоқда. Уларнинг меҳнатсеварлиги эртанги кунга ишончидан далолатдир.