Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
22 МАРТ - МАҲАЛЛА ТИЗИМИ ХОДИМЛАРИ КУНИ
2024-03-22 10:34:38 267
Ҳурматли маҳалла фидоийлари!
Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўп миллатли бутун халқимизни мамлакатимизда кенг нишонланаётган муҳим сана – Маҳалла тизими ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклайман.
Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган бу идоранинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ишлар аввало бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёшлар, нуроний отахон ва онахонларимизга манзилли ёрдам кўрсатиш, фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, маҳаллага бириктирилган солиқ ходими, ижтимоий ходимдан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самаралар бермоқда.
Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин. Биргина ўтган йилнинг ўзида маҳалла фаоллари кўмагида минглаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Маҳаллаларни обод қилиш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишларимиз мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги, ўз маҳалласи, эл-юртимиз тақдири ва келажагига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Бу борада “Ташаббусли бюджет” дастури жорий этилгани муҳим рол ўйнамоқда. Ушбу дастур доирасида илгари сурилаётган таклифлар асосида аҳоли ҳаётига тааллуқли кўпгина долзарб масалалар ўз вақтида ва самарали ҳал этилмоқда.
Айни пайтда туманимизда 51 та маҳаллалар мавжуд бўлиб, барча маҳаллаларда МФЙ ходимлари фаолият олиб бориши учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Аксарият МФЙ идоралари янгидан қурилди. Маҳалла марказлари ташкил этилди. Бундан кейин ҳам МФЙларда иш олиб борадиган ходимлар аҳоли билан бемалол ишлаши учун шароитлар яхшиланиб бораверади.
Маҳаллаларимизни янада обод ва фаровон этишда бундан буён ҳам сизларнинг куч-ғайратингиз, бой билим ва тажрибангиз, бунёдкорлик салоҳиятингизга таянамиз.
Сизларни яна бир бор маҳалла тизими ходимлари куни билан муборакбод этган ҳолда барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт, маҳалла осойишталиги ва фаровонлиги йўлидаги фидойиларча олиб бораётган фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман.
Анваржон Абдуллаев,
Қўштепа тумани ҳокими.