Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚЎШТЕПАДА “ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ 16 КУН” АКЦИЯСИ ДОИРАСИДА ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ БЎЛИБ ЎТДИ
2023-11-30 16:17:00 313
БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни, сифатида белгиланган.
2014 йилда БМТ Бош котиби хотин-қизларга нисбатан зўравонликларни бартараф этишга қаратилган “UNiTE” номли ташаббусини очиқ деб эълон қилди. Шу муносабат билан ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан 10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” остида турли тадбирлар ўтказилади.
Акция доирасида Қўштепа туманидаги таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда “Биз зўравонликка қаршимиз” мавзусида семинар-тренинг ва тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Бугун тумандаги Маданият марказида “Сиз биз учун қадрлисиз!” шиори остида ўтказилган тадбир ҳам айнан шу лойиҳа доирасида бўлиб ўтди. Унда зўравонликка учраган, айрим сабабларга кўра алоҳида ҳисобга олинган ва турмуш зарбаларига дуч келган хотин-қизлар учун маданий-маърифий тадбир ва чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари К.Кавлонова, вилоят ИИБ ХПБ хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи майор Д.Ўринова, вилоят “Хотин-қизлар ўқув маркази” раҳбари Д.Мехмонова ҳамда туман ҳокимлигининг масъул раҳбарлари ва ҳамкор ташкилотлар иштирок этишди.
Тадбир давомида хотин-қизлар учун меҳнат ярмаркаси, ҳунарманд хотин-қизлар томонидан тайёрланган миллий кийимлар кўргазмаси ташкил этилди. Хотин-қизлар шифокорлар кўригидан ўтказилиб, Соғлом авлод учун жамғармаси вилоят бўлими томонидан беминнат дори-дармон ва қўшимча биологик фаол озиқ-овқатлар билан таъминландилар. Шунингдек, иштирокчиларга психолог ва ҳуқуқшунос маслаҳати хизматлари ҳам кўрсатилди.
Давра суҳбатида сўз олганлар хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай зўравонликларнинг олдини олиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда аёлларнинг муаммолари ҳақида ўз вақтида хабар топиш ва тегишли идоралар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида сўз юритдилар. Зўравонлик ва унинг турлари, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақида тушунчалар берилиб, ҳар қандай зўравонликни олдини олиш, ундан жабр кўрганларга ҳуқуқий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда ҳимоя ордерларини бериш орқали оилалар тинчлиги ва тотувлиги таъминлаш борасида маълумотлар тақдим этилди.
Қизиқарли ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтган тадбир якунида иштирокчиларнинг таклифларига кўра бу турдаги суҳбат, тренинг ва учрашувларни ҳар бир ташкилот, муассаса ва маҳалла фуқаролар йиғинларида тизимли равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.