Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН – ЯШИЛ МАКОНДА БИРГА ЯШАЙЛИК!
2023-10-18 19:16:03 542
Қўштепа тумани маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг туманимиз аҳолисига МУРОЖААТИ
Азиз қўштепаликлар!
Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида эътиборлари ҳамда ташаббуслари билан мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
“Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак” деган ғояни илгари сурган Давлатимиз раҳбари, табиатга эътибор беришни, бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш олиб боришни, ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялашни таъкидлаб келмоқдалар.
Икки йил аввал юртимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги сайъ-ҳаракатларимизнинг катта бўлагидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.
Жорий йилнинг баҳор мавсумида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида туманимиз бўйлаб жами 550 минг дона манзарали ва мевали кўчатлар ҳамда қаламчалар экилган бўлса, куз мавсумида 6 турдаги 386 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалар экиш белгиланган.
Қўштепаликлар азалдан деҳқончиликда миришкор саналган. Она замин ва табиатни қадрлаш, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш ҳамда боғу-бўстон яратиб, шириндан-шакар мева ва сабзавотлар етиштириш билимлари бизга аждодларимиздан ўтиб келаётган меросдир.
Қўштепанинг ҳеч бир кўчаси, ҳеч бир хонадони йўқки, у ерда дов-дарахтлар, мевали ва манзалари кўчатлар, сабазавот экинлари парваришланмайдиган бўлса.
Қўштепаликлар ер билан тиллашиб, экин билан гаплашиб, қачон қандай деҳқончилик қилиш керак, қайси нихолга қанақа парвариш зарурлигини жуда яхши биладилар.
Барча қўштепаликларни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга, бу умуммиллий ҳаракатнинг натижасини ҳар бир маҳалла ва хонадонда кўрсатиб, ҳавас билан бу савобли ишда иштирок этишга чақирамиз. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, фидойилик билан ҳаракат қилсак, энг аввало Президентимиз бошлаган эзгу ташаббусни туманимизда Республикамиз ҳудудлари орасида энг намунали қилиб бажарамиз, қолаверса, юртимизнинг экологик тозалигига, яшиллигига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшамиз.
Бунда барча даражадаги раҳбарларни, маҳалла фаолларини, зиёлиларни, жамоат арбобларини, нуронийларни, санъаткор ва спортчиларни, журналист ва блогерларни алоҳида ўрнак кўрсатишга чорлаб қоламиз.
Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва маҳалла оқсоқоллари!
Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам бор. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, барча масъуллар жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва маҳалла оқсақоллари ҳамда хонадон эгаларининг вазифаси муҳим саналади.
Муҳтарам нуроний отахонлар!
Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.
Туманимиздаги 19 мингга яқин нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчат экиш ишларини намунали ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду-насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз биз учун муҳим.
Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, 19 минг янги дарахт пайдо бўлади. Ёки ҳар бири ўз ёнига фарзанд-набираларини жалб қилса, бу рақам бир неча баробарга ошади.
Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!
Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир!
Табиат ҳам она каби муқаддас! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!
Токи, зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.
Айни вақтда, “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бу ишларда маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни бор. Галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни халқимиз орасида кенг ёйишдан иборат.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!
Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта.
Қўштепада 38 мингдан ортиқ хонадонлар мавжуд. Бу савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, туманимиз бўйлаб ўртача 380 мингдан зиёд дарахт бунёд бўлади.
Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.
Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилар!
Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.
Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига Қўштепа ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.
Шундай экан, туманимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!
Азиз ёшлар!
Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.
Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!
Асло унутманг, сиз Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз, Қўштепамиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.
Қадрли қўштепаликлар!
Бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол бўлайлик!
Дарахт экиш ва уни парваришлаш, ўзимиз яшаётган масканни яшил макон, боғу-бўстонга айлантиришдек хайрли ишга бош қўшайлик!
Зеро, Сиз ва бизнинг бугун эккан нихолимиз ўзимизнинг эртанги кунимизга, фарзандларимизнинг порлоқ келажагига бўлган мустаҳкам ишончимизнинг белгиси бўлади.