Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚЎШТЕПА ТУМАНИДА ПРЕСС-ТУР ВА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ
2023-08-23 17:03:15 465
Бугун Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан навбатдаги пресс-тур ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар қатнашди.
Иштирокчилар пресс-тур давомида Янгидўкон маҳалласидаги хотин-қизлар фаоли Адолатхон Акрамова томонидан амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Марямхон Юлдашева, “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Давлатхон Юсупова ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ва маҳалладаги фаол, ибратли, ҳар ишда барчага намуна бўлаётган хотин-қизлар ҳам иштирок этишди.
Янгидўкон маҳалласидаги хотин-қизлар фаоли Адолатхон Акрамова аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” ўрганиш ва уларни ҳал этишга кўмаклашиш, маҳаллада ажримларни олдини олиш, “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган ва ногиронлиги бор фуқароларни, жумладан, хотин-қизларни иш билан таъминлаш ҳамда бундай оилаларга моддий ва беғараз ёрдамлар кўрсатилишини, жамиятда аёллар ўрни ва мавқеини оширишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Маҳалланинг намунавий хонадонларидан бири Зиёдахон Акрамовалар хонадонида ташкил этилган тадбирда маҳалла хотин-қизлар фаоли томонидан амалга оширилаётган ишлар тўла-тўкис кўрсатиб берилди. Маҳалланинг бир гуруҳ намунали, ибратли бекалари ва “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоларига “Ташаккурнома” ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Тадбир давомида шоира Ўктамхон Солиева, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Нилуфар Эргашевалар ўзларининг ижод намуналаридан ўқиб бердилар. Тадбир иштирокчилари учун маҳалланинг ижодкор аёллари ва жажжи қизалоқлар томонидан мусиқий дастур намойиш этилди.
Шунингдек, пресс-турдан сўнг туман ҳокимлигида журналист ва блогерлар учун “Қўштепа туманида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ҳам ташкил этилди.
Иштирокчилар матбуот анжуманида Қўштепа тумани ҳокими И.Новиков билан юзма-юз мулоқот олиб бордилар ва мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олишди.