Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚЎШТЕПАДА ЭҲТИЁЖМАНДЛАРГА БЕПУЛ БУҒДОЙ ВА ТАКРОРИЙ ЭКИН УЧУН ЕР БЕРИЛМОҚДА
2023-07-05 17:04:06 459
Жорий йилги ғалла мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиб, улкан хирмон уйишга эришган Қўштепа тумани фермерлари ҳудудларда яшовчи эҳтиёжманд оилаларга буғдой ва хўжалик учун зарур маҳсулотларни беғараз тарқатишиб, моддий ёрдам ҳам беришмоқда.
2023 йил ғалла ҳосили йиғими давомида тумандаги 165 та ғалла етиштирувчи фермерлар, ғаллачилик кластерлари билан биргаликда эҳтиёжларидан ортган дон маҳсулотларини кам таъминланган оилаларга етказиб бериш мақсадида хайрия тадбири уюштирилди.
Бугун Янгиариқ МФЙ ҳудудидаги “Карим ота” тўйхонасида тумандаги 400 нафардан зиёд кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга дастурхон ёзилди.
Тадбирда иштирок этган туман ҳокими Илёсбек Новиков ва сектор раҳбарлари саховатпеша фермерлар ҳамда ғаллачилик кластерларининг ушбу аҳдини эътироф этишиб, хайрли ишлар ҳали бардавом бўлишини таъкидлашди.
Тадбир давомида туман маданият бўлимининг хонандалари томонидан концерт дастури намойиш этилиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашилди.
Тадбирдан сўнг Қўштепа Фарғонадон филиалининг омборида тумандаги мавжуд 51 та МФЙлар кесимида кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турувчи фуқароларга буғдой маҳсулотлари беғараз тарқатилди.
Бу йилги ғалла режасини ортиғи билан бажарган Қўштепалик фермерлар томонидан тумандаги 2000 та кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга 400 тонна буғдой, буғдой сомони беғараз тарқатилиб, такрорий экин экиш учун 20 сотихдан 1 гектаргача ер берилмоқда. Шунингдек, экиш ишларида ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Фуқаролар ҳам бундай ғамхўрлик ва давомли эътибор, юртимиздаги халқчил ислоҳотлардан мамнунликларини билдиришмоқда. Бундай савобли ишлар туманимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламда давом этмоқда.