Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 102 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТХОНА

×

 2023-06-01 09:52:33    149

PDF юклаш
Чоп этиш



Бугун бизга Марғилон туманлараро иқтисодий судининг судьяси Хусниддин Бойназаров “Тарафларни ўзаро - медиатив келишуви” ҳақида тушунча беради:

– Хабарингиз бор, ҳуқуқни қўллаш амалиётида жисмоний ва юридик шахсларнинг ортиқча вақтини, харажатлари ҳамда қоғозбозликнинг олдини олиш, низоларни тарафларнинг ярашувига асосан ҳал этишга қаратилган ҳуқуқ институтлари, хусусан медиация институти ва ҳакамлик судлари томонидан низоларни судгача ҳал қилиш кенг қўлланилмоқда.

Бу жараёнда давлат органларида низоларни судгача кўриб чиқишнинг ягона тизимини яратиш, медиация, ҳакамлик судлари, халқаро арбитражларни фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ишончига сазовор бўладиган низоларни ҳал этувчи самарали муқобил институтга айлантириш зарурати юзага келмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 17 июндаги “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бу борада янги босқични бошлаб берди.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Фуқаролик процессуал кодекси асосида ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафлардан келишув битимини тузиш эҳтимолини ёки низони ҳал этишнинг муқобил усуллари эҳтимолини аниқлаши ва уларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши, шунингдек, ҳуқуқий жамиятда низони ҳал этишнинг муқобил механизмлари яратилиши жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эришишнинг самарали воситаси сифатида баҳоланиши маълумот учун қабул қилинди. 

Хусусан, медиация - бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули, медиатор эса - медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланади. 

Ушбу соҳадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек, якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади.

Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар қўлланилиши мумкин.

Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳам ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин. Медиацияда иштирок этганлик факти айбни тан олиш далили бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас. Медиация институтини қўллашнинг кафолати сифатида қонунда назарда тутилган ҳолларда, ваколатли давлат органи ишнинг муҳокамасини қолдириб, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш учун муддат тайинлаши мумкин ва медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида давлат органининг бевосита аралашуви тақиқланади. Медиация тартиб-таомили амалга оширилаётганда даъво муддатининг ўтиши тўхтатиб турилади.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати медиацияни амалга ошириш тўғрисидаги келишувда белгиланади. Бунда медиатор ва тарафлар медиация тартиб-таомили ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда тугалланиши учун барча мумкин бўлган чораларни кўриши керак. Зарур бўлган тақдирда, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддати тарафларнинг ўзаро розилиги билан ўттиз кунгача узайтирилиши мумкин. Медиация тарафлар томонидан медиатив келишув тузилгани, низо хусусида ўзаро мақбул бўлган қарорга эришиш имконияти йўқлиги, мавжуд ихтилофлар бўйича келишувга эришмай туриб медиацияни тугатиш тўғрисида тарафларнинг келишуви тузилгани (медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисида ёзма келишув мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек бирор-бир тарафнинг медиацияни давом эттиришдан воз кечишни маълум қилгани ҳамда медиация тартиб-таомилини амалга ошириш муддатлари ўтгани муносабати билан тугатилиши мумкин.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.

Давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган бўлса, ўша шахс мазкур давлат органининг ёки бошқа органнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли.

Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади. Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақли. 

Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги Қонуни ҳамда давлатимиз раҳбарининг “Низоларни муқобил ҳал этишнинг механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Зеро, жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларида юқори суммадаги даъво билан боғлиқ низолар кўп учраб турибди. Табиийки, бу даъволар суд мажлисида кўриб чиқилиши учун тўланиши лозим бўлган давлат божи ва бошқа тўловлар ҳам катта миқдорни ташкил қилади. Қолаверса, медиация институтининг қўлланилиши тарафларни қоғозбозлик ҳамда ортиқча оворагарчиликдан озод этади. 

Демак, медиация институтини ҳуқуқни қўллаш амалиётига кенг жорий этишга қаратилган ислоҳотлар жисмоний ва юридик шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларига ўрталаридаги низоларни судгача кўриб чиқиш тартибини белгилаб, низоларни ўзларига маъқул шахс (медиатор) иштирокида, тегишли шартлар асосида тарафларга қулай тарзда ҳал этиш имконини бериши билан ҳам муҳимдир. 


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram