Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
9 ФЕВРАЛЬ-АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН: “ИНСОНЛАРНИНГ ЯХШИСИ ИНСОНЛАРГА МАНФААТ КЕЛТИРАДИ”
2023-02-09 07:56:26 185
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий бобомиз таваллуди муносабати билан ҳар йили 9-февраль куни юртимизда тантанали ва байрамона кайфиятда нишонланиб келинади. Навоий бобомизнинг ижоди жаҳон адабиёти дурдонасига жавоҳир бўлиб қўшилганлиги билан аҳамиятлидир.
Алишер Навоий туркий ва форсий тилларда ғазаллар битган. Унинг назмий асарлари 120 минг байтдан ортиқ. 51230 мисрадан ташкил топган. “Хамса” эса шоирнинг шоҳ асаридир. “Хазойин ул-маоний” (Маънолар хазинаси) девони қарийиб 45 минг мисрадан иборат.
Мир Алишер Навоий бутун умрини нафақат ижодга, балки халқ фаровонлиги йўлида бунёдкорлик ҳамда эзгулик ва хайр-саховат ишларига бағишлаган. Бобокалонимиз фақат Ҳиротда эмас, Хуросоннинг барча вилоятларида ҳам кўплаб хайрия уйлари, кўприк ва работлар, ҳовузлар барпо эттиргани тарихдан бизга маълум. Барчамизга яхши аёнки, Навоий ўз даврида замондош шоирлар, олимлар ва санъат аҳлининг моддий ва маънавий кўмакчиси, санъат ва адабиётнинг ҳақиқий ҳомийси бўлганлар.
Шу сабаб шоир: “Инсонларнинг яхшиси инсонларга манфаат келтирганидир” деганлар ва қуйидаги мисрани келтиради:
Халқ аро яхшироқ дединг кимдир,
Эшитиб айла шубҳа рафъандин.
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Этса кўпрак улусға нафъандин.
Халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир. Яъни Навоий бобомиз айтганидек:
Одами эрсанг демагил одами,
Они йўқ, халқ ғамидин ғами.
Алишер Навоий умри давомида ўзбек халқи ва маданияти манфаати учун тинмай меҳнат қилди, дурдона асарлар яратди. Бир сўз билан айтганда, юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида беқиёс ҳисса қўшди. Бу ўз навбатида, одамларнинг яхшиси деган номга мушарраф бўлиш эмасми?!
Ҳаёт аслида тарих ва бугуннинг, керак бўлса истиқболни боғловчи кўприкдир. Алалхусус, ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавиятли, ҳар томонлама комил инсонлар этиб тарбиялаш эса тарихдан Навоий бобомиз орзу қилган ёруғ кунлар саодатига асос бўлади.
Бошқача қилиб айтганда, Темур тиғи етмаган жойни Навоий бобомиз қалам билан забт этгани ҳам айни ҳақиқат эмасми...