Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 147 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Қўштепа тумани ҳокими И.Новиковнинг “21-октябрь – Ўзбек тили байрами” тадбирида сўзлаган нутқи

 2022-10-21 13:51:06    269

PDF юклаш
Чоп этиш


Ассалому алайкум, Хурматли тадбир қатнашчилари!

Бугун Сизлар билан “21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун” муносабати билан ўтказилаётган тадбирда учрашиб турибмиз.

Аввало, сиз, азизларни, сизлар орқали бутун халқимизни улуғ айём — Ўзбек тили байрами куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Албатта, кейинги йилларда мамлакатимизда янгича руҳда кенг нишонланаётган бу байрамнинг алоҳида файзи ва шукуҳи борлигини барчамиз яхши биламиз. Ушбу қутлуғ санада миллий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимизнинг тарихимиз ва тақдиримиз, бугунги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини, уни ривожлантириш борасида олдимизда турган долзарб вазифаларни янада чуқур ҳис этамиз.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилаётганидан хабардорсиз. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.

Ўтган қисқа даврда ўзбек тилини чуқур ўрганиш ва ўргатишга хизмат қиладиган 16 та китоб, жумладан, 9 та луғат нашр қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни вақтда 5 жилддан иборат «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» фундаментал тадқиқоти вазирлик ва идоралар, таълим-тарбия масканларига, мамлакатимизнинг чет элдаги дипломатик ваколатхона ва консуллик муассасаларига етказилди. Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юртдошларимизга ўзбек тилини ўргатадиган онлайн платформа, ўзбек тили изоҳли луғатининг мобил иловаси, хориждаги ватандошларимиз учун махсус веб-сайт яратилгани ҳам, албатта, муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлгани ташкилот доирасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш билан бирга, туркий тиллар, хусусан, ўзбек тилининг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз ташаббуси билан мазкур ташкилотнинг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилгани буюк аждодимиз хотираси ва бебаҳо меросига, шундай улуғ зотларни вояга етказган халқимизга бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Ҳозирги кунда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган эзгу интилиш ва ҳаракатларимиз ҳал қилувчи босқичга кўтарилмоқда. Бу йўлда миллий ўзлигимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлган она тилимиз, ҳеч шубҳасиз, беқиёс куч-қудрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Ана шундай ҳаётий эътиқод ва буюк мақсад билан яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин!

Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, файзу барака тилайман. Она тилимиз мангу яшасин!

Эътиборларингиз учун раҳмат!