Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ ҚЎШТЕПАДА КЕНГ НИШОНЛАНДИ
2022-10-20 15:21:25 175
Қўштепа туманидаги Маданият марказида 21 октябрь –“Ўзбек тили байрами” кенг нишонланди. Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллигига бағишланган байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда туман ҳокими Илёсбек Новиков Ўзбек тили байрами билан барчани муборакбод этиб, тилимизнинг бугунги кундаги нуфузи ва мавқейи ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг “Тил – маънавият кўзгуси” шиори остида ўтказилган танловнинг турли йўналишларида ғолиб бўлган иштирокчиларга ва ўз она тилининг обрўсини ошиши йўлида беминнат хизмат қилаётган бир гуруҳ фидойиларга туман ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Туман маданият уйининг санъаткорлари ва 49-умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчилари томонидан ижро этилган шеър, қўшиқ, рақс ҳамда саҳналаштирилган ижодий чиқишлар барча тадбир иштирокчиларида кўтаринки руҳ ва фахр-ифтихор уйғотди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади.
“Давлат тили тўғрисида” қонун қабул қилинган кунга бағишланган ўтказилаётган байрам тадбирлари туманимиз бўйлаб давом этмоқда.