Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҲУНАРМАНД АЁЛЛАР САФИ ТОБОРА ОШИБ БОРМОҚДА
2022-09-21 13:34:58 328
Қўштепа туманининг Кўприк боши маҳалласида яшовчи Нилуфархон Ғозиева ўз уйида аъло бахмал тўқиш ва кашта ёстиқлар тикишни йўлга қўйди. Устоз-шогирд анъаналарини давом эттираётган ҳунармад аёл бир неча йилдирки маҳалладаги ишсиз аёлларга ушбу ҳунарнинг сир-асрорларини ўргатиб келмоқда.
– Ҳар доим уйим шогирдларим билан гавжум, – дейди Нилуфархон. – Шу вақтга қадар мендан ва қизларимдан иш ўрганган юзлаб хотин-қизлар бахмал тўқиш ва каштачиликни мукаммал ўрганиб, кўплари мустақил бизнес бошлашди. Ҳозирги кунда ҳам шогирдларим ёнимда туриб ҳунар ўрганмоқда.
Ҳунарманд аёл ўз уйига ўрнатилган дастгоҳларда уч нафар шогирди билан бахмал тўқийди. Қолаверса, ҳунар ўрганиш истагида бўлган ҳамқишлоқлари учун унинг эшиги доим очиқ. Ипакдан тўқилган аъло бахмалнинг 1 метри учун 150 минг сўмгача ҳақ тўланади.
Бундан ташқари Нилуфархон Ғозиева касаначилик асосида кашта тикишни ҳам йўлга қўйди. Айни кунларда маҳалладаги 10 нафар шогирдлари билан бирга ёстиқ тикишмоқда. Туман ҳунармандлар маркази томонидан уларга махсулотнинг хом ашёси етказиб берилади ва яна ўзлари томонидан харид қилинади. Ҳозирда туманимиздаги касаначи аёллар томонидан тайёрлаган кашта ёстиқлар Туркия ва бошқа давлатларга экспорт қилинмоқда.
– Қўл меҳнатимиз ва кўз нуримиз эвазига тикилаётган ёстиқларга хорижда талаб катта – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Қўштепа туман бўлими аъзоси Нилуфархон Ғозиева.
Дарҳақиқат, тоза ипакдан тикувчиларимизнинг қалб қўри қўшиб тикилган 60х80 хажмдаги кашта ёстиқларнинг ҳар бири учун 80 минг сўмдан ҳақ тўланади. Ёстиқ тикиш ишлари айниқса уйда ўтирган аёллар учун қўл келмоқда. Чунки улар уй юмушларидан бўшаганларида кашата тикиб даромад олишади. Айтишларича, астойдил игна ипни ушлаган аёлларимиз бир кунда бир дона ёстиқни тикиб битиришлари мумкин экан.