Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 16 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

МИСГАР-КАНДАКОРЛИК МАКТАБИ ДАВОМЧИЛАРИ

×

 2022-09-19 15:23:01    280

PDF юклаш
Чоп этиш



“Ўзим ясаган асарларим билан мисгар-кандакорлик санъати шуҳратини оламга ёйсам дейман” – дейди ҳунарманд Акрамхон Юнусов

Кунларнинг бирида Акрамхон Юнусовнинг қўлига тасодифан келиб қолган қадимий мис идиш унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Шу тарихий идиш туфайли мисгарликка бўлган қизиқиши ошди. Бу соҳага оид китобларни топиб мисгарлик тарихи ва бугуни билан танишиб чиқди. Фарғона вилояти Қўштепа туманининг Сармазор маҳалласида тадбиркорлик орқасидан рўзғор тебратиб келаётган Акрамхоннинг дилида “мен ҳам мисгар-кандакор бўлсам”, деган бир умид учқуни йилтиллади. Ҳечдан кўра кеч деганларидек, ўттиз уч ёшида шу ҳунарни бошини тутиш учун бир нечта мисгарларга учрашиб кўрди. Унинг мақсади уста мисгарлардан бирига шогирд тушиш ва бу ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганиш эди.

Афсуски, ҳолва деган билан оғиз чучимас, ҳар ерда тошу тарози бор экан.

– Мисгар усталарга шогирд тушмоқчи бўлдим, лекин бу ишлар ўз-ўзидан бўлмас экан, – дейди Акрамхон Юнусов. – Мисгар-кандакорлик ҳунари авлоддан авлодга ўтиб келгани учун уста ҳунармандлар ўз сир-асрорларини бировга ўргатишга рўйхушлик бермас эканлар. Ҳар сафар бир устоз топганимда шу ҳолат такорланаверди... Лекин ҳунар ўргангани борган жойларимдан барибир нималарнидир ўрганишга ҳаракат қилавердим. Шу зайл анча вақт ўтсада, таслим бўлмадим. Албатта кандакорлик ҳунарини ўрганаман, мени ҳам устахонам, устахонамда эса ўз қўлларим билан ясаган бежирим буюмларим бўлади деб қатъий аҳд қилдим. 

Устоз борасида омади чопмаган шогирд уйида ўзига шароит яратиб, мисдан буюм ясаш учун керакли бўлган асбоб-анжомларни топиб келди, йўғини ўзи ясади. Шу ҳунарга оид китобларни топиб ўқиди, изланди. Аввалига эски буюмларни таъмирлади, жуда яроқсизларини бузиб, ўрнига нималарнидир ясашга ҳаракат қилди. Ўзи мустақил фаолиятини йўлга қўйгач, марғилонлик уста Аъзамхон акадан сўраб суриштириб, билмаганларини ўрганди. Устадан олган билимларини ўз устахонасига келиб амалиётда қўллади. Иш устида баъзан тунни тонгга улган кунлари ҳам бўлди. 

Вақт югурук, мана орадан йиллар ўтди. Қўштепалик мисгар-кандакор Акрамхон Юнусов ўз соҳасини яхши биладиган, ишбилармон уста даражасигача етишди. 




Бу ишда унга ўғллари ёрдам бермоқда. Фарзандлари – Муҳаммадалихон ва Муҳаммадюсуфхонлар ҳам ота изидан бормоқдалар. Улар ҳали ёш бўлишларига қарамай дарсдан бўш вақтларида бу санъатнинг заҳмати ва сирларини отасидан ўрганмоқдалар.

Тўнғич ўғил Муҳаммадалихон нақш чизса, кичиги Муҳаммадюсуфхон идиш ясайди.  Уста келажакда икки ўғлини ҳам етук уста қилиб етиштирмоқчи.

Акрамхон авваллари  ясаган идишларини жойлаш учун 150 минг сўмдан қути сотиб оларди. Кейинчалик бу ишни оилавий ясай бошладилар. Ҳозирда онаси ва турмуш ўртоғи қутини ўзлари ясашяпти. Қутига жойланган санъат асарларини эса чет элларга олиб кетишмоқда.

Акрамхон Юнусов ўз асарларида ноёб мис буюм ясаш техналогиясини тиклади. Ҳунарманд ҳозирда уларни санъат даражасига олиб чиқмоқда. Унинг устахонасидан тарихий мис буюмлардан тортиб, бугунги кунимизнинг замонавий буюмлари ҳам жой олган. Ҳозирда у республика “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Юртимизда анъанавий кандакорлик мактаблари шаклланган. Уларга Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Фарғона, Хива, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент каби ва бошқа мактабларни киритиш мумкин. Кўплаб усталарнинг номлари қўлёзмаларда, уларнинг асарларида сақланиб қолган. Ушбу мактабларнинг усталари ўзларидан нодир осори-атиқаларни қолдирган. Уларнинг санъатини ўғиллари, набиралари давом эттириб келмоқдалар.





Шу сабабдан ҳунарманд Акрамхон Юнусов “Нима учун бизни Қўштепа туманида мисгар-кандакорчилик мактаби бўлмасин?” дея мисгарлик-кандакорликнинг йўқолиб кетаётган жиҳатларини тиклаб келажак авлодга етказиб беришда ўзининг билим ва тажрибасини аямай меҳнат қилиб, ўз мактабини яратишга интилмоқда.

Шу ўринда ҳунарманд билан бир оз суҳбатлашишни жоиз деб топдик. 

– Одатда, мисдан қандай буюмлар ясайсиз, улар қанча муддатда тайёр бўлади ва нархи қанча?

– Самовар, офтоба, чилопчин, чойдиш, чойнак, товоқ ҳамда бошқа уй-рўзғор ва совға учун буюмлар ясайман. Кейинги пайтда кўпроқ чойнак ясамоқдаман. Бир дона чойнак ясаш учун бир ҳафта вақтим кетади. Қадимий ўзбекона усулда яратилган мис чойнакларнинг нархи бир миллион беш юз минг сўмгача сотилмоқда.

– Сизнингча бу нарх қиммат эмасми?

– Тўғри, бу сумма бир қарашда қимматга ўхшаши мумкин. Лекин унинг ортида ҳунарманднинг бир неча кунлик қўл меҳнати, кўз нури ётибди. Тарихга назар солсак қадимда кандакор усталар олтин, кумуш, мис, биринж (бронза) буюмларга, шунингдек, пўлатдан ясаладиган қурол-яроғлар, хатто тўп (замбарак)ларга ҳам ғазал, нақшлар солганлар. Уларнинг меҳнати сермашаққат, узоқ вақт талаб қилганлиги учун маҳсулотлари юқори баҳода юрган. Шу туфайли, уларнинг маҳсулотидан бой хонадонлар, юқори унвонли ҳарбийларгина фойдаланганлар.

Ҳозирги кунга келиб мис идишдан фойдаланиш яна урфга кирмоқда. Чунки мисдан ясалган идишни ишлатиш инсон саломатлиги учун фойдали эканлигини халқимиз билиб бормоқда. Кўпни кўрган нуронийларимиздан “мис идишда таом тортиш ва танаввул қилиш инсон саломатлиги учун кони фойда” деган гапларни кўп эшитамиз. Масалан мис кўзада сув сақланса сувни филтирлагандай қилиб қўяди. Кўзадаги сув қанча турса ҳам айнимайди, ёз ойларида сув муздек бўлиб туради. Ёзда чойнакка чой дамланса кўп турмай айниб қолади. Мис чойнакка дамланган чой эса бир ҳафтада ҳам ачимайди. Фақатгина ранги ўзгаради. Чой мис идишда тургани учун таъми ҳам бошқача, лаззатли бўлиб туради.

– Бирор буюм ясалгандан сўнг унга нақш солиш керак. Андозасини олдин чизиб оласизми ёки шундай хаёлан буюмга муҳрлайверасизми?

– Биласизми, бу иш билан шуғулланаверсангиз, чизма ёки андозага ҳожат ҳам қолмас экан. Нақшнинг ўзи ич-ичи­нгиздан отилиб чиқади ва уни буюмга кўчирасиз. Буни йиллар давомида маҳорат ва тажрибанинг ошиб бориши маҳсули, деб ўйлайман. Хуллас, бизнинг ҳунарда бир-бирини такрорлайдиган нусхалар бўлмайди. Ҳар бири асл нусха – ягона.

– Ўзингиз қатнашиб келаётган кўргазма ва танловларда ҳақида ҳам икки оғиз сўзлаб берасангиз?

– Авваллари фестивалларда бир мисгар сифатида ясаган буюмларим билан қатнашиб келаётган эдим. Тўғрисини айтсам, шу вақтгача ясаган буюмларимни сотиш учун ҳаракат қилдим. Нолимайман ҳунаримни ортидан уй-жой, машина деганларидек... Лекин, ҳозирда давлатимиз томонидан миллий ҳунармандчиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мен ҳам эндиликда бизга яратилаётган имкониятлардан унумли ва оқилона фойдаланишга ҳаракат қилмоқдаман. “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлганимдан кейин фаолиятимда тубдан ўзгариш бўлди – дейди Акрамхон Юнусов.

Дарҳақиқат, халқ амалий санъати намуналаридан фойдаланиб, бир биридан гўзал буюмлар яратиб келаётган мисгар-кандакор уста ўз ижод намуналари билан Республика ва турли халқаро кўргазмалар иштирокчиси ва юртимизда ўтказилган танловларнинг ғолиби ҳисобланади.

Шу кунгача унинг ижод махсуллари 15 дан ортиқ давлатлардаги Ўзбекистон элчихоналари томонидан ўтказилган кўргазмалардан ўрин олди. Жорий йил 17-18-июн кунлари Хўжанд шаҳрида ўтказилган бизнес форум ва Халқаро кўргазмада ҳам иштирок этди.

Қолаверса, шу йил 30 июнда “Ёшлар куни” муносабати билан пойтахтимиздаги “Янги Ўзбекистон” боғида ташкил этилган тадбирларда ҳам қатнашди. Ушбу тадбир мисгар-кандакор Акрамхон Юнусовнинг ҳаётида унутилмас лаҳзалардан бири бўлиб қолди. Чунки бу тадбирга  юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ташриф буюрдилар. Давлат раҳбари боғда “Беш ташаббус” йўналишлари бўйича ташкил этилган павильонлар фаолияти билан танишиб, ёшлар ва тадбир иштирокчилари билан мулоқот қилди.

Ушбу тадбирда тўнғич ўғли Муҳаммадалихон билан иштирок этаётган мисгар-кандакор уста Акрамхон Юнусов ҳам давлатимиз раҳбари билан бўлган мулоқотда иштирок этди.

Шунингдек, унинг меҳнатлари эътироф этилиб, мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

Бу сафарги суҳбатимиз ҳам мисгар-кандакор устанинг мўжазгина устахонасида бўлди. Акрамхон Юнусов юртбошимиз билан бўлган мулоқот ва ўзига билдирилган ишончдан руҳланиб, янгидан-янги ижодий ишлар устида изланаётган экан. Дарҳақиқат, бундай эътибор ва эътироф Акрамхон Юнусовга ўз ишидан янада завқ олиб ишлашга, янги ижодий марраларни забт этишга ундамоқда.

Суҳбат якунида Акрамхон Юнусов: “Мисгар-кандакор уста сифатида ўзим ясаган асарларим билан кандакорлик санъати шуҳратини оламга ёйсам дейман. Қанийди, бизни уста-ҳунармандларимизнинг ишлари ҳам жаҳоннинг машҳур музейларидан жой олса, деб орзу қиламан. Шундай санъат асарларини ярата оладиган ҳунармадлар кўп юртимизда. Ҳар бир устанинг ўз “дастхати” бўлади ва у яшаётган даври, ўз ҳиссиётлари-ю, кечинмаларини яратаётган асарларига жо этади. Уларда миллийлик бўлиши, миллий тарихий обидаларимиз акс этиши нур устига нур. Мен ҳам келгусида яратадиган асарларимда мисгар-кандакорликнинг йўқолиб кетаётган жиҳатларини тиклаб келажак авлодга етказиб бериш ниятидаман”, деган фикрларни билдириб қолди.

Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram