Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 217 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР НЕГА КЎПАЙМОҚДА

×

 2021-12-06 20:02:04    554

PDF юклаш
Чоп этиш



Юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз даргоҳда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам. Оилани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама жамиятнинг асосий бўғини сифатида барқарорлигини таъминлаш ҳар бир мамлакатнинг доимий эътиборда бўладиган устувор йўналишлардан бири саналади.

 Турмушимиз тобора фаровонлашаётган пайтда оилалар мўртлашаётгани, оилавий ажримларнинг бирмунча кўпайиб бораётганлиги ташвишланарли ҳолат. Бунинг оқибатида қанчадан қанча оилаларнинг обрўси тўкилмоқда. Ўртадаги фарзандлар тирик етим бўлиб, бечора фарзандлар ушбу ҳолатдан сарсон ва саргардон бўлиб, нима қилишни билмай қолмоқда. Отасига борай деса она норози, онасига борай деса ота рухсат бермайди. Бола икки ўтни орасида қолиб, бир қанча машаққатларга дуч келмоқда. Натижада эса боланинг тарбияси бузилмоқда. Ота-она ажрими аксар ҳолларда фарзандни ноқобил бўлиб вояга етишига сабаб бўлмоқда. Руҳий изтироблар боланинг соғлом вояга етишига салбий таъсир қилади. Қалби бутун умрга кемтик бўлиб қолади.

 Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор. Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз.

 Оилавий ажримларга сабаб бўлаётган омиллар жуда кўп. Келинг, бугун уларнинг айримлари ҳақида фикр-мулоҳаза юритсак. Айтайлик, оилаларнинг бир-бирига мос эмаслиги (лўнда қилиб айтганда, тенг тенгини топмаганлиги) ҳам ажримларни юзага келтиради. Яъни куёвнинг оиласидаги ҳаёт тарзи келинникига умуман ўхшамайди. Уларнинг ҳаётга муносабати, дунёқараши, фикрлаши, моддий имкониятлари бутунлай фарқ қилади. Охир-оқибат келишмовчилик, ўзаро жанжал, дилхираликлар рўй беради ва бу ҳолат ажрим билан якунланиши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай вазиятда ота-онанинг бир умр йиққан-терганлари, тўйга қилган харажатлари, ҳаттоки, шириндан-шакар фарзандлар ҳам кўзга кўринмай қолади.

 Масалан, урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик кабилар ҳам кўп ҳолларда ажримларга сабаб бўлаётганини ҳам таҳлиллар кўрсатмоқда.

 Айрим эркаклар ҳеч қаерда ишламайди. Рўзғорнинг бутун ташвишларини аёлининг зиммасига юклаб қўяди. Фарзанд тарбиясига ҳам қарашмайди. Бу аёлни ҳам маънан, ҳам жисмонан толиқтиради.

 Эр ёки хотиннинг узоқ муддат чет давлатлар­­да бўлиши ҳам орага совуқчилик тушиши, оилаларга дарз кетишига олиб келмоқда. Ҳаддан ташқари рашк қилиш, бир-бирига ишончсизлик ҳам ажралиш сабабларидан бири.

 Ёшлар келин-куёвлик ҳақ-ҳуқуқлари, бурч ва масъулиятларини яхши билмасликлари, оилавий маданиятни тушунмасликлари, умуман олганда ёшларнинг оила муносабатларига тайёр эмасликлари оила бузилишига асосий сабаб ҳисобланади. Оила қуриш, уни юритиш қандай амалга оширилиши, оила аъзоларининг бир-бирларига муносабати қай тарзда бўлиши ҳақида муқаддас динимиз таълимотларидан хабардор бўлиш оила мустаҳкамлигининг омилидир. Албатта, ҳар бир нарсани билиб, унинг мазмун-моҳиятига тушуниб етиб, билим асосида олиб борилиши кўп яхшиликларга сабаб бўлади. Оила муносабатлари жуда нозик ва мураккаб бўлиб, ниҳоятда эҳтиёт бўлиш, унга жиддий қараш лозим. Фарзандларимизнинг фақат моддий жиҳатлари эмас, балки маънавий дунёсига кўпроқ эътибор беришимиз зарур.

 Эру-хотинларнинг ўзаро муносабатларида сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслиги оила бузилишига сабаблардан биридир. Ҳаёт жуда мураккаб жараён бўлиб, унда турли ҳолатлар учраб туради. Гоҳи шодлик, гоҳи ғам деганларидай оилада эр ва хотин ўртасида ҳам турли сабаблар ила келишмовчиликлар бўлиб туради. Шошқалоқлик, жаҳлнинг тез чиқиши, қаноатсизлик, манманлик, тирноқ остидан кир қидирмоқлик оилавий муносабатларга путур етказади. Шуни айтиб ўтиш жоизки, эр хотинининг бир ёмон хулқидан норози бўлса, унинг бошқа яхши томонлари ҳам бор эканлигини унутмасин. Аёл ҳам ўрни келганда ғазабини ютиши, гарчи ёқмасада, оилавий ҳурмат юзасидан баъзи нарсаларга чидашга одатланиши лозим.

 Маънавий жиҳатдан бир-бирига сабр қилиш лозим бўлганидай, моддий жиҳатдан ҳам қаноатли ва сабрли бўлиш жуда муҳимдир. Чунки, оилада кўпгина келишмовчиликлар етишмовчиликдан келиб чиқади. Оила аъзоларига ҳурмат, қайнота-қайнонанинг дуолари деган нарсаларга эътибор камайиб кетаётгандай гўё. Ҳар қандай вазиятда ҳам оила муқаддас эканлиги, унинг шу даражага етишида ота-оналарнинг машаққатли меҳнатлари, ҳаракату харажатлари ва энг асосийси вақт сарф бўлганини унутмаслик керак.

 Халқимизда “Бир кун жанжал чиққан уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақол бор. Баракаси, хотиржамлиги ариган оилада эса тинчлик, фаровонлик бўлмайди. Бир оиланинг равнақи мамлакат тараққиётига дахлдор экани ҳам шундан.

 Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамиятимизнинг келажаги оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Оила никоҳ асосида вужудга келадиган фароғат маскани бўлмоғи даркор. Уни юритишда илоҳий таълимотларга амал қилинадиган бўлса, у ҳақиқатда мустаҳкам ва бардавом бўлади. Бу борада ҳар биримиз бир ёқадан бош чиқариб, оилаларнинг мустаҳкамлиги, жамиятимизнинг соғломлиги ҳамда фарзандларимизнинг порлоқ келажаги йўлида ўстираётган ўғил-қизларимизга тўғри тарбия бериб бормоғимиз лозим.

М.Ўрмонова,

Қўштепа тумани бош отинойиси.




Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram