Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 94 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

Мустақиллик байрами муносабати билан Қўштепа тумани ҳокими И.Новиковнинг табриги

 2021-08-31 22:13:24    264

PDF юклаш
Чоп этиш


ОЗОД ВА ОБОД ЮРТГА БАЙРАМЛАР ЯРАШАДИ

Мустақиллик байрами муносабати билан Қўштепа тумани ҳокими И.Новиковнинг табриги

Қадрли юртдошлар!

Авваламбор, бугунги қувончли айёмда бутун туманимиз аҳлини Ватанимиз Мустақиллигининг 30 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди.

Айниқса, сўнгги беш йил мобайнида Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун барча шароитларни яратмоқда. Жаҳон ҳам ўз ўрнида, Ўзбекистонга юз тутмоқда.

Биз учун янги давр, эркин ва озод ҳаётни бошлаб берган шу қутлуғ санада халқимиз қандай машаққатли ва айни вақтда шарафли йўлни босиб ўтганини яна бир бор чуқур ҳис этамиз.

Азиз дўстлар!

Мустақиллик туфайли биз дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб, ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

Истиқлол йилларида эришган ютуқларимизга таяниб, миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари дадил қадам қўймоқдамиз.

Биз учун энг устувор вазифа бўлган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.  

Туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ҳам барқарор ўсишга эришилмоқда, саноат салоҳиятини ривожлантириш, сервис ва хизмат кўрсатиш дастури лойиҳалари изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда. Туманимизда пахта ва ғаллачилик, чорвачилик, боғдорчилик ва сабзавотчилик тармоқларини ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, экспорт имкониятларидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашнинг истиқболли тизимини яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, қишлоқ мулкдори бугунги куннинг пешқадам тадбиркорига, жаҳон бозорининг ишончли иштирокчисига айланмоқда. 

Фермерларимиз бошоқли дондан баракали хирмон кўтардилар. Улар томонидан 24362 тоннадан зиёд дон топширилди. Топширилган доннинг 3925 тоннадан зиёди уруғликка сотилди.

Юртимизда коронавирус пандемияси бўлишига қарамай қурилиш ишлари қизғин олиб бориляпти.

Айниқса, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари туманимизнинг энг чекка ҳудудларига ҳам янгиланиш нафасини, бунёдкорлик руҳини олиб кирмоқда. Одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгармоқда, қишлоқда турмуш маданияти ошиб бормоқда.

Жорий йилда ҳам “Обод қишлоқ” дастури асосида туманимизнинг “Дўрмон” ва “Истиқбол” маҳаллаларида катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, қишлоқларимизда бир-биридан чиройли ва барча қулайликларга эга кўпқаватли уй-жойлар қурилмоқда. Қолаверса, туманимизда хар жабҳада ана шундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Бир йилда шундай катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишларини бажариш бундан 30 йил олдин ушалмас орзу, катта армон эди.

Ёшларнинг эртанги порлоқ келажагига барчамиз масъулмиз. Туманимизда “Ёшлар дафтари”га 4921 нафар ёшлар киритилган бўлиб, уларнинг 1591 нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди.

267 нафарига 5,8 млрд. сўм имтиёзли кредитлар ажратилди. 2014 нафарига “Ҳар бир ёшга – бир гектар” тамойили асосида 201,4 гектар ер майдонлари ажратилди. 611 нафари “Устоз-шогирд” тамойили асосида, 222 нафарига эса “Субсидия” ажратилди.

 “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан 260 нафар ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 491 млн. сўм маблағ сарфланди.

Шунингдек, туманда ёшлар ўртасида 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида маданият, санъат, китобхонлик спорт йўналишларида ташкил этилган кўрик-танлов, спорт мусобақалари, интелектуал ўйинлари, ёшлар ойлиги доирасида фаол қатнашган ҳамда ғолиб ва совриндор ёшларни рағбатлантириш мақсадида ўтган 6 ой мобайнида 12 млн. 475 минг сўм маблағ сарфланди.

Туманда 2021 йилда 39 та янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун жами 235 млрд. 589 млн. сўм (ўз маблағларидан 202 млрд. 908 млн. сўм, банк кредитларидан 12 млрд. 200 млн. сўм, хорижий кредитлар 1 млн. 579 минг доллар, хорижий инвестиция 300 минг доллар) маблағлар сарфланиши ҳамда 1024 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Ҳозирда юқоридаги инвестиция лойиҳаларидан 17 таси ишга туширилган. Ушбу лойиҳаларга 55 млрд. 869 млн. сўм (ўз маблағлардан 40 млрд. 518 млн. сўм, банк кредитларидан 9 млрд. 966 млн. сўм, хорижий кредитлар 494 минг доллар) маблағлар сарфланди. Ҳамда 217 та янги иш ўринлари яратилган.

Барча ишларимизнинг замирида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик мужассам. Ахир осудалик бор экан, биз эртанги кунга ёруғ умидлар билан қараймиз, юксак марраларни кўзлаб меҳнат қиламиз.

Тинч эканмиз, ҳар бир кунимиз мазмунли кечади, тўйлар тўйларга уланади, халқимиз учун ардоқли, улуғ саналарни кенг байрам қиламиз. 

    Азиз ва қадрли тумандошлар!

Энг улуғ, энг азиз айём-мустақиллик байрамингиз қутлуғ бўлсин, Она ватанимиздан тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва ҳамжихатлик, файзу барака аримасин. 

Мустақиллик қуёши Ватанимиз узра абадий порлайверсин, азизлар! Яна бир бор мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин!