Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ МАЖБУРИЙ ИЖРОГА ҚАРАТИШ
2021-06-25 17:44:31 342
Мамлакатимиз томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро қилиниши масаласига ҳозирги кунда жуда катта эътибор қаратилиб келинмоқда, бунинг ёрқин мисолини Ўзбекистон Репсубликаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6118-сонли Фармонида кўришимиз мумкин бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг нуфузи ва таъсирчанлигини кучайтириш мақсадида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини янада ошириш кераклиги ҳақида сўз юритилган.
Суд ҳужжатларини мажбурий ижрога қаратиш тўғрисида гапирганимизда, уларни ижро этиш ваколатига эга орган ва ҳужжатлар кимлар томонидан ижро қилиниши ҳақида гапириб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги 258-II-сонли Қонунининг 3-моддаси 1-қисмига кўра, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларининг давлат ижрочилари зиммасига юклатилади.
Пул маблағларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларининг ва бошқа органлар ҳужжатларининг талабларини ижро этиш қонунда назарда тутилган ҳолларда солиқ органлари, банклар ҳамда бошқа кредит ташкилотлари томонидан амалга оширилади, суд ҳужжатларининг ва бошқа органлар ҳужжатларининг талаблари қонунда назарда тутилган ҳолларда ўзга жисмоний ёки юридик шахслар томонидан ҳам ижро этилиши мумкин, 3-модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган органлар ҳамда шахслар мажбурий ижро этиш органлари ҳисобланмайди.
Ижро тўғрисидаги қонуннинг 5-моддасида ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари келтирилган бўлиб, улар ичида фуқаролик ишлари ва иқтисодий низолар бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари, жиноят ишлари бўйича судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми, шунингдек, жарима тариқасидаги жазони назарда тутувчи ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд қарорларининг мулкий ундиришга оид қисми ҳам мавжуд, бу судларга тегишли бўлган судлар томонидан чиқариладиган ижро ҳужжатлари ҳисобланади.
Ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари ҳам қонунчиликда белгилаб қўйилган бўлиб, улар қуйидагича кўринишда бўлади:
умумий юрисдикция судларининг суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари уч йил мобайнида, иқтисодий судларнинг суд ҳужжатлари эса — олти ой мобайнида;
ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари — олти ой мобайнида;
нотариусларнинг ижро хатлари — уч йил мобайнида;
меҳнат низолари комиссияларининг гувоҳномалари — уч ой мобайнида;
ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари — уч ой мобайнида.
Мажбурий ижро бўлимлари давлат ижрочилари ижро ҳужжатини олган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаради.
Давлат ижрочиси ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда ижро ҳужжатидаги талабларни ихтиёрий равишда бажариш учун ижро иши юритиш қўзғатилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кун муддат белгилайди ва қарздорни мазкур муддат тугаганидан кейин ижро ҳужжатидаги талаблар ундан ижро йиғими, давлат ижрочиси томонидан қарздорга солинган жарималар, шунингдек ижро харажатлари ундирилган ҳолда мажбурий ижро этилиши тўғрисида хабардор қилади.
Ижро ҳаракатлари ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун белгиланган ўн беш кунлик муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак, бу муддат суд ҳужжатларини мажбурий ижрога қаратиш муддати ҳисобланади.
Ижро қонунчилигида ижро ҳужжатларида келтирилган дарҳол ижро этилиши керак бўлган талаблар мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар ҳисобланди:
алиментлар ҳамда уч ойдан ошмаган иш ҳақини ундириш тўғрисидаги талаблар;
қонунга хилоф равишда меҳнат шартномаси бекор қилинган ёки қонунга хилоф равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш асосининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги талаблар;
ижро ҳужжатида баён этилган талаблар дарҳол ижро этилиши ҳужжатда кўрсатилган ёки дарҳол ижро этилиши қонунда назарда тутилган ҳоллардаги бошқа ишларга доир талаблар.
Шунингдек, икки ойлик мажбурий ижрога қаратиш муддатига кирмайдиган вақтлар ҳам мавжуд бўлиб, у ижро тўғрисидаги қонуннинг
3-қисмида берилган: ижро ҳужжати ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро қилиш вақти, ижро ҳаракатларини кейинга қолдириш вақти, ижро иши юритишни тўхтатиб туриш вақти, мутахассис тайинлаш ҳақидаги қарор мутахассисга юборилган кундан то унинг хулосаси ёки иш натижалари тўғрисидаги бошқа ҳужжат давлат ижрочисига келиб тушгунигача бўлган вақт, мол-мулк реализация қилишга топширилган кундан то бу мол-мулкни реализация қилишдан тушган пул маблағлари Мажбурий ижро бюроси органининг депозит ҳисобварағига келиб тушгунигача бўлган вақт мажбурий ижрога қаратиш муддатига кирмайди.
Ижро ҳаракатларини амалга ошириш муддатининг ўтиши ижро иши юритишни тугатиш ёки тамомлаш учун асос бўлмайди.
А.Акбаров,
Марғилон туманлараро иқтисодий суди раиси,
Ф.Обидов,
Марғилон туманлараро иқтисодий суди девонхона мудири.