Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ОДАМ САВДОСИ ЖИНОЯТИ УЧУН ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК ЧОРАЛАРИ БЕЛГИЛАНГАН?
2021-05-28 15:35:16 1132
Инсон инсонни сотиши нақадар аянчли ва жирканч ҳолат эканлигини ҳаммамиз биламиз. Аммо, минг афсуски орамизда шундай қабих ишларни қиладиган нобакор инсонлар ҳам мавжуд.
Одам савдоси нима?
Одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини, тўқималарини ва (ёки) ҳужайраларини ажратиб олишни англатади.
(2020 йил 17 августдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-633-сон Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддаси)
Одам савдоси жинояти учун қандай жавобгарлик чоралари белгиланган?
Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали;
б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;
г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;
д) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
е) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
ж) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;
з) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;
и) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;
к) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса, —
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;
б) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;
в) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
(Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси)
Авазжон ЭРГАШЕВ,
жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани судининг раиси.