Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
#ОНАЛАРГА_ЭҲТИРОМ
2021-05-24 14:07:20 346
ФОТОЛАВҲА: ОНА – мўъжизавий хилқат, ОНА муқаддас зот ...
Бир неча кундирки гувоҳи бўлаётганимиздек, вилоят ҳокимининг ташаббуси билан ўтказилаётган “Оналарга эҳтиром” фестивали халқимизга хос эзгу фазилатлар ва қадриятлар билан уйғунлашиб кетди.
Ушбу фестивал доирасидаги турли тадбирлар Қўштепа туманида ҳам бўлиб ўтмоқда. Ҳар бир оилада, болалар боғчасидан тортиб, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари-ю маҳаллаларда бувижонларимиз, онажонлар, қайнона, раҳбар, устоз, ходима, келин қўйингки, барча-барча гўзал ва нурли сиймоларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда.
Туманимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган “Оналарга эҳтиром” фестивали доирасида бир неча йиллардан буён тўшакка михланган, якка ёлғиз яшовчи, ёзнинг иссиқ, қишнинг совуқ чилласига қарамай ҳар куни эрта тонгдан иш бошлайдиган ободонлаштириш бошқармаси ходимлари, далаларда жавлон уриб меҳнат қилаёган, ипак қурти парваришлаётган аёллар ҳамда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”га киритилган оналарнинг алоҳида йўқлангани ҳар бир она меҳр ва эътиборга муносиб эканлигининг яна бир бора исботи бўлди.
Онасига эҳтиром кўрсатиш тадбирларида тили эндигина чиққан болакайдан тортиб, туман ҳокими, сектор раҳбарлари ҳамда ташкилотлар раҳбарларигача волидаи муҳтарамаларини кўнгилларининг туб-тубидан чиққан дил изҳорлари билан йўқламоқдалар.
Хуллас, онасига ҳурмати баланд Қўштепа фарзандлари фестивал доирасида ўтказилаётган барча тадбирларда, акция, танлов ва челленжларда фаол иштирок этмоқдалар.
Кимдир онасига дил изҳори сифатида шеърлар битиб, қўшиқлар куйласа, яна кимдир суратлар чизиб, пойига гуллар сочмоқда...
Ўзларига кўсатилаётган ҳурмат ва эҳтиромдан тўлқинланган хокисор онахонлар эса ҳурсандчилик кўз ёшларига ҳукмрон бўла олмаяптилар...
Мен эса касбим юзасидан жойларда ўтказилаётган тадбирларда иштирок этишга ва ёритиб боришга ҳаракат қилмоқдаман. Аслида инсонга ҳаёт бағишловчи, уни яшашга ундовчи ҳиссиётнинг борини тўкиб солганда ҳам оналарнинг ҳақиқий сиймосини яратиш жуда оғир. Уларнинг фариштасимон фазилатларини тўлиқ тасвирлаб бўлмайди. Она – шундай улуғ зот, Она – шундай буюк яратувчи, Она – шундай мўъжизавий хилқат, Она – шундай муқаддас инсон…
Мўъжизавий хилқат бўлмиш ОНАжонларни тарифлашга сўз ва қалам ожиз бўлсада, уларнинг энг қувончли ва ҳаяжонли лаҳзаларини имкон қадар фото тасмаларга муҳрлашга ҳаракат қилмоқдаман.
“Оналарга эҳтиром” фестивали доирасидаги тадбирларда иштирок этаётган онахонларнинг ҳар бири алоҳида эътирофга лойиқ, аслида. Лекин, турли номинациялар бўйича ғолиб бўлиб иззату икром кўрсатилаётган онахонларга ҳавас қилганлар: “Барчамизга фарзандларимиз ортидан мана шундай эҳтиромлар насиб айласин!” дейишмоқда.
Туман ҳокими Илёсбек Новиков иштирокида бўлиб ўтаётган барча тадбирлар, йўқловлар, туман бош отинойиси Муқаддамхон Ўрмонова, Қумтепа, Шаҳартепа ва бошқа маҳаллаларда, ўқув муассасаларида, турли ташкилотларда ўтказилаётган тадбирларда ўнлаб фидойи ва матонатли оналар қучоғи эҳтиром гуллари билан лиммо-лим тўлмоқда.
Қумтепа маҳалласида ўтказилган тадбир иштирокчиси Соҳибкор маҳалласида яшовчи Гулшаной Ҳасанова шундай дейди:
– Қайнонам Давлатхон Юсупова ҳудуддаги “Энг яхши раҳбар она” номига чиндан ҳам муносиблар. Маҳалла-кўй онамизни эл-юртга керакли фарзандлар тарбиялаган волида, ибратли қайнона, набираларига муносиб тарбия берувчи буви сифатида ҳам тилга олишади.
Ўша куни бўлиб ўтган тадбир давомида Гулшанойнинг қайнонаси Давлатхон ва бувижониси Раънохон хожи онага йўллаган меҳр изҳорлари барчани тўлқинлантириб юборди.
24-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда 7-а–синф ўқувчиси, ёш рассом Мадинахон Султонова эрта тонгда мактабга келиб, асфалтга она суратини муҳрлади.
Тадбир доирасида мактабда бир неча йиллар давомида фаолият олиб бориб, ҳозирда нафақада бўлган онахон ўқитувчилар холидан хабар олинди. Намунали ўқувчиларнинг оналарига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, мактаб маъмурияти томонидан ташаккурномалар топширилди.
Ушбу ташрифдан оналарнинг боши осмонга етиб, кўнгиллари шод бўлди. Кўзларида севинч ёшлари ила ушбу хайрли ишнинг ташаббускорларига миннатдорчилик билдиришиб, уларнинг оналарига раҳмат дейишди.
Ёрқиной ҚОСИМОВА,
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.