Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЁШ ТАДБИРКОР МАҲАЛЛАДОШЛАРИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАДИ
2021-05-22 20:35:22 195
Серқуёш заминимизда етиштирилаётган сархил мева ва сабзавотларга ташқи бозорда талаб катта. Хусусан, вилоятимизда ҳам бу борада йилдан-йилга экспорт ҳажми ортиб бормоқда. Жумладан, Қўштепа туманида 2020 йилда экспортёр корхоналар томонидан 16 миллион 630 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, унинг 8 миллиондан ортиғини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этди. Жорий йилда эса режалар янада улкан.
Қўштепа туманидаги “Янги Фарғона юксалиш сари” оилавий корхонаси томонидан айни кунларда Россия ва Қозоғистон давлатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.
“Янги Фарғона юксалиш сари” оилавий корхонасига Ўқчи маҳалласида яшовчи ака-ука Анвархон ва Орифхон Муродхоновлар раҳбарлик қилади. Корхонада 200 тонналик музлатгич омбори бор. Ёш тадбиркорлар эрта баҳордан кеч кузгача туманимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиб, хорижга экспорт қилишни йўлга қўйган.
Юртимизда пишиб етилган хуштаъм, кўриниши эътиборни тортадиган, юқори сифатли мевалар жаҳон бозорида харидоргир. Айниқса, гилосга ҳам талаб шундай. Таъми, донасининг йирик ва текислиги алоҳида аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб барча жиҳати билан хорижликлар дидига мос тушадиган маҳсулотни сотувга тайёрлашда ака-укалар яхши тажрибага эга.
Айни кунларда сара ва болга тўлган гилосларнинг харидори чаққон. Гилоснинг эртапишар турларига нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам талаб катта. Шу боисдан аллақачон ушбу корхонада гилос экспорти бошлаб юборилди. Корхона томонидан шу кунгача 81,2 минг АҚШ долларига тенг сифатли гилос маҳсулоти хорижга экспорт қилинди.
Ушбу корхонада ҳар йили 2000 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилиб, боғлардаги ҳосилни териб олиш ва корхонага етказиб бериш билан шуғулланади. Уларнинг даромадлари ҳар куни оилавий корхона томонидан ҳисоб китоб қилиб борилади.
Маҳалланинг Янги Фарғона кўчасида жойлашган 30 та ёғочни қайта ишлаш цехи ва 340 та хонадонларнинг 80 фоизи ушбу корхонанинг мижозлари учун яшик тайёрлаб беради. Улар ойига ўртача 4-5 миллион сўмгача даромад қилади. Энг муҳими, яшик ясаш билан шуғулланувчи оилаларда ҳамма шу иш билан банд. Хатто мактаб ўқувчилари ҳам бўш вақтларида оила даромадига ўз хиссаларини қўшадилар.
Корхонанинг ўзида 10 нафар доимий ва 40 нафар мавсумий ишчилар меҳнат қилишади. Уларнинг ойлик маошлари 2 миллиондан 5 миллион сўмгача етиб боради.
Ўқчи маҳалла фуқаролар йиғинининг тавсиясига кўра “Ёшлар дафтари”даги ишсиз ёшларнинг 10 нафари шу корхонага ишга жойлаштирилиб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Гилос жуда нозик ва тез бузилувчан мева ҳисобланади, шу сабабли уни юқори ҳароратда ҳамда кўп ушлаб туриш товарнинг бузилишига сабаб бўлади. Шу сабабли гилосларни ташиш ва юклаш ишлари асосан кечки вақтларда, яъни салқин об-ҳавода тонг отгунга қадар олиб борилади.
“Янги Фарғона юксалиш сари” оилавий корхонаси жорий йилда қиймати 700 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспортини амалга оширишни режалаштирган.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.