Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
САМАРАЛИ МЕҲНАТНИНГ МУНОСИБ ЭЪТИРОФИ
2021-05-17 11:49:49 165
9 май – Хотира ва қадрлаш кунида вилоятимизда турли соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол ва самарали меҳнат қилган нафақа ёшидаги юртдошларимиздан 45 нафарига “Нуроний” жамғармасининг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ҳамда вилоят ҳокимлиги совғалари тантанали равишда топширилган эди.
Тақдирланиб, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони олганлар орасида Қўштепа тумани Қоражийда маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Каримжон ака Хакимов ҳам бор.
Қоражийдалик Каримжон ака Хакимов Фарғона политехникумини битиргач, 1970 йилдан 2010 йилгача Тошлоқ пахта тозалаш заводида турли лавозимларда ҳалол ва самарали меҳнат қилди. Қарилик нафақасига чиққач, 2011 йилдан 2016 йилгача Халқабод маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлади. Ҳозир ҳам эл-юрт хизматида.
Тиниб тинчимас инсон туманимиздаги бир гуруҳ нуроний отахонлар билан бирга оммавий спортни аҳоли орасида кенг тарғиб этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Каримжон ака Хакимовнинг ташаббуси билан 27 нафар нуронийлар жорий йилнинг 31 март куни Қўштепадан кўҳна Самарқанд шаҳригача велосипедда йўлга чиқишиб, 6 апрель куни Фарғонага қайтишди.
Туманимиздаги нуроний отахонлардан иборат велоспортчилар ҳафтада бир маротаба шанба кунлари вилоятимизнинг турли туманлари бўйлаб вилосипедда 100 км юришади. Уларнинг сафи тобора кенгайиб, ёшларнинг қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Жамоадагиларнинг аксариятини нуроний отахонлар ташкил этади.
– Менга кўрсатилган эътибордан жуда ҳаяжонланиб кетдим. Бунинг учун муҳтарам юртбошимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман – дейди Каримжон ака Хакимов. – Шу ўринда эзгу ниятимни айтай, энг аввало эл-юрт равнақи учун меҳнат қилишга ҳамиша тайёрман. Туманимиздан ҳам ватанимиз байроғини баланд кўтарганча ўзбек спортчилари куч-қудратини жаҳонга танитадиган ёшлар кўпайишига умид ва ишонч билдираман.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.