Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ БАЙРАМ ҚИЛИБ БЕРГАН КУН
2021-05-13 07:56:53 367
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Халқимиз қадимдан, Ислом дини билан мушарраф бўлган кундан бошлаб «Ийд ал-Фитр» кунини тантанали равишда байрам қилиб нишонлаб келган. Ийд намозини ўқиш учун бутун шаҳар аҳли бир намозгоҳга йиғилган. Намоздан сўнг бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш, фақиру камбағалларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаларга ҳайитлик совғалари улашиш халқимиз ичида анъанага айланган.
Ҳали ҳануз кўпчилик одамларимиз ушбу куннинг келиб чиқиши, мўмин-мусулмон шахс учун аҳамияти, ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Уни айрим кишилар оддий бир урф-одат деб тушуниши ҳам сир эмас. Ана шу жиҳатларни эътиборга олиб, сиз азизларга ушбу муборак куннинг келиб чиқиш тарихи, унга доир одоб ва аҳкомлар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик.
Исломнинг аввалида Рамазон рўзаси ҳам, Рамазон ҳайити ҳам бўлмаган. Зотан, бу каби аҳкомлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Макка шаҳридан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларидан кейин бирин-кетин жорий қилинган. Ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз қилинди ва мана шу ибодатнинг тантанаси ўлароқ Рамазон ҳайити Аллоҳ таоло томонидан мусулмонлар учун байрам қилиб берилди. Бу ҳақда муҳаддисларимиз қуйидагиларни келтирадилар:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, у (Мадиналик)ларнинг икки куни бўлиб, улар ўша кунларида ўйин-кулги қилишар эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу икки кун қандоқ кун?», – деб сўрадилар. Улар:
«Биз жоҳилиятда шу кунларда ўйин-кулги қилар эдик», – дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхшироқ – Азҳо ва Фитр кунларини берди», – дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилган.
Азҳо – Қурбон ҳайити, Фитр – Рамазон ҳайитини билдиради.
Демак, бу икки ҳайит кунларини сиз билан биз мўмин-мусулмонларга бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи байрам қилиб берган экан. Уларни одамлар ўзлари ўйлаб топган ёки олимлар жорий қилган эмас, балки илоҳий ирода шуни ихтиёр қилган экан. Ана шу эътибордан, ушбу кунларни байрам қилишнинг ўзи алоҳида ибодат ҳисобланади.
Мадина аҳли Исломдан олдин йилнинг иккита кунини – баҳорда шамсий йилнинг бошланиш кунини, кузда «Меҳрижон» кунини байрам қилишар эди. Ўша кунларни улар турли ўйин-кулгилар билан ўтказишар эди. Аллоҳ таоло уларга ўша икки куннинг ўрнига бошқа икки кунни байрам қилиб нишонлашни Ислом шариатида жорий қилиб берди. Шундай қилиб, Ислом аркон – асосларидан ҳисобланган икки буюк ибодат – рўза ва ҳаж ибодатларининг якуни мусулмонлар учун энг улуғ байрам этиб тайинланди.
Ана шундан буён мўмин-мусулмонлар бу кунларни байрам қилиб келадилар. Уларни ўзига хос гўзал суратда, ибодат, хайру саховатлар билан, ахлоқ-одоб меъёрлари асосида нишонлайдилар. Бу кунлар доимо эзгулик, хайру барака, меҳр-оқибат рамзи ҳисобланиб келган.
Яратганга беҳисоб шукроналар бўлсинким, мана бугун туманимизда Ҳайит намозини кўтаринки руҳда адо этиш учун масжидлар жамоаси, туман ҳокимлиги ва ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари қулай шарт-шароитларни яратиб бердилар.
Қўштепа туманидаги барча масжидларда Ҳайит намози осойишталик билан адо этилди. Пандемия сабабли карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинди ва Ийд намози очиқ ҳавода ўқилди.
Имом-хатибларимиз барчани ушбу улуғ байрам билан қутлаб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга шукроналар айтдилар. Шунингдек, Ҳайит байрами фазилатлари хусусида маъруза қилдилар.
Азизлар, шу фурсатдан фойдаланиб барчангизни бугунги, улуғ айъём-Ийди Рамазон ҳайити билан чин қалбдан самимий табриклаймиз. Аллоҳ таоло тутган рўзангизни ва ўтган кунларда қилган тоат-ибодатларингизни қабул қилсин. Улуғ Раббимиз қалбингизга шодлик, юзингизга нур, хонадонингизга барака, фарзандларингизга, барча яқинларингизга ва сиз севган инсонларга омонлик, сиҳат-саломатлик, Исломга мувофиқ осуда ҳаёт берсин. Келаси йилларда ҳам амалда собит, иймонда зиёда бўлиб шу байрамни қайта-қайта нишонлашни Аллоҳ барчаларимизга насиб қилсин. Улуғ айём Рамазон ҳайитингиз қутлуғ бўлсин!
Абдухошим АХМАДАЛИЕВ,
Қўштепа тумани бош имом хатиби.