Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҚЎШТЕПА ТУМАНИДА “ЁШЛАР ДАФТАРИ”ДАГИ 132 НАФАР ЁШГА ТИКУВ МАШИНАЛАРИ, МОТОКУЛЬТИВАТОР, ТУРЛИ АСБОБ-УСКУНА ВА МЕҲНАТ ҚУРОЛЛАРИ ТАРҚАТИЛДИ
2021-05-08 15:58:27 239
Ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича туманимизда “манзилли режа”лар ишлаб чиқилиб, унинг ижросига эътибор қаратиляпти. Хусусан, Қўштепа туманида “Ёшлар дафтари” бўйича ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 38 минг 216 нафар ёш иштирокида сўровнома ўтказилди.
Тумандаги ёшларнинг 4921 нафари (1980 нафари аёллар) “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб шундан, 2280 нафарини ишга жойлаштириш орқали, 446 нафарини тадбиркорлигига кўмаклашиш орқали, 485 нафарини касб-ҳунарга ўқитиш орқали, 685 нафарини “Ҳар бир тадбиркор ёшларга мададкор” тамойили асосида, 855 нафарини “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида уста ҳунармандларга бириктириш орқали бандлиги таъминланади ҳамда 180 нафар ёшларни ижтимоий, иқтисодий ва психологик муаммоси ҳал этилиб, ёшлар дафтаридан чиқариш режалаштирилган.
“9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан туманимизда кенг кўламли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбирлардан бири ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими И.Новиков, туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши бўлими ҳамда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Тадбирни туман ҳокими И.Новиков очиб йиғилганларни “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” билан муборакбод этди. Шунингдек, бугунги кунда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариши учун кенг имкониятлар яратилганлиги ҳақида такидлаб ўтди.
Тадбирда “Ёшлар дафтари”даги жами 132 нафар ёшларга 323 миллион 345 минг сўмлик жихозлар топширилди.
Туманимиздаги 51 та маҳалла фуқаролар йиғинидан келган ёшларимизга 51 дона велосипед ва ўсимликларга кимёвий ишлов бериш аппарати, 51 дона тикув машинаси, 10 та мотокультиватор, 10 та электро сварка аппарати, 5 та сантехника дазмоли, 5 та моторли арра топширилди.
Шунингдек, 51 нафар ёшларга бир марталик 24 миллион 490 сўмлик моддий ёрдам берилди.
– Уйда онамни эски тикув машинаси бор, – дейди биз билан суҳбатда “Йўлдошобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Хосиятхон Олимова. – Ўша эски тикув машинасида турли кийим-кечаклар тикар эдим. Янги тикув машинам бўлишини жуда-жуда хоҳлаган эдим. Мана, бугун ниятимга эришдим. Энди олдингидан ҳам кўпроқ буюртма олиб, маҳалладошларимга хизмат қиламан. Бизга кўрсатилаётган бундай эътибор учун юртбошимизга ва туманимиз раҳбарларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Дарҳақиқат, бугун туманимизда яна 132 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Ишсизлиги туфайли “Ёшлар дафтари”га киритилган 132 нафар ёшлар энди ўз ишларини бемалол йўлга қўйиб олиб, бу имкониятдан унумли фойдаланадилар.
Тадбир давомида туман маданият маркази ходимлари томонидан “9 май – Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган байрам дастури ҳам намойиш этилди.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.