Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
РАМАЗОН ОЙИ МУБОРАК
2021-04-13 16:31:55 369
Дунёдаги барча мусулмонлар Рамазон ойини соғиниб, катта тайёргарликлар билан кутиб олишади. Мана ўлкамизга ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрди. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда барча ибодатларни, солиҳ амалларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига мувофиқ адо этишимизга муяссар айлашини сўраб, Аллоҳ таолога илтижолар қиламиз.
Aллoҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни ирода қилмоқда. Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни рўзадорлар ўшандан киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар кириб боришади. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Ундан бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий, Муслим ва Насаий ривояти).
Ушбу хадиси шарифда охиратда рўза ибодатининг фазли бошқа ибодатлардан кўра қанчалик улуғ бўлиши баён қилинмоқда. Қиёмат куни рўзадорлар жаннатга киришлари учун алоҳида «Раййон» исмли эшик очилар экан. Ўша эшикда «Рўзадорлар қани?!» деб чақириб юриб, улар жаннатга киритилади. Бошқа бир ҳадисда: “Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”. Бу ҳадиси шарифда рўзанинг нақадар улкан ибодат эканлиги, унинг қадри нақадар улуғлиги очик-ойдин баён қилинмоқда. Шу билан бирга, рўзани иймон, ихлос билан тутатиган бўлса банданинг ўтган гуноҳларининг мағфират қилиниши Аллоҳнииг улуғ марҳаматидир. Бу марҳаматга эса, банда Рамазон рўзасини тутибгина эришиши мумкин. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
яъни: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Маълумки, рўзадан бошқа ҳамма амалларга риё аралашиши мумкин. Лекин рўзада эса бундай бўлмайди: тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади, кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Рўза – Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шулар – рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир.
Аллоҳ таоло Рамазонни барчаларимизга муборак ва баракотли этсин, ушбу ойда қилинадиган Қуръон хатмлари хурматидан халқимиз бошидан бу бало офатларни ўзи кўтариб, халқимизни янада фаровон ҳаёт кечиришини Аллоҳ таолани ўзи муяссар қилсин! Кириб келган Рамазон ойи барчаларингизга муборак бўлсин.
Абдухошим АХМАДАЛИЕВ,
Қўштепа тумани бош имом хатиби.