Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ЭЪТИБОР, ЭЪТИРОФ АЁЛНИ РУҲЛАНТИРАДИ, ЯНГИ МАРРАЛАРГА УНДАЙДИ
2021-04-07 20:32:50 176
Қўштепа туманида “Аёллар дафтари”га 1656 нафар хотин-қизлар киритилган бўлиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад манбаларини яратиб бериш чоралари кўрилмоқда. Бугун туманимизда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар муаммолари ҳал этилиб, тикувчилик, ҳунармандчилик, касаначилик орқали уларнинг бандлиги таъминланмоқда. “Аёллар дафтари”га киритилган 33 нафар хотин-қизларга ўз тадбиркорликларини йўлга қўйиш учун туман Халқ банки филиали томонидан 433 миллион 293 минг сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.
Махсудахон Сотволдиева “Янгириқ” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. У маҳалладаги “Аёллар дафтари”га ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар тоифаси бўйича киритилган.
Махсудахон ва унинг турмуш ўртоғи мавсумий иш ортидан рўзғор тебратишади, уч нафар вояга етмаган фарзандлари бор. Махсудахон қўли гул чевар, буюртма асосида маҳалладаги аёлларнинг кийим-кечакларини тикади. Пандемия даврида турмуш ўртоғи Жахонгир бир муддат ишсиз қолгач, бу оила ҳам рўзғор тебратишга бир оз қийналди.
Дурадгорлик билан шуғулланган Жахонгир айни кунларда мавсумий ишини яна давом эттирмоқда. Ўз оиласининг даромадини орттириш учун Махсудахон тикувчилик цехи очишга қарор қилди. Унинг таклифини турмуш ўртоғи қўллаб қувватлади.
Халқ банкининг туман филиалидан ажратилган ўттиз миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ҳисобига Махсудахон 5 та тикув машинаси харид қилди. Маҳалладаги тадбиркор Донёр Муродов томонидан қуриб битказилган янги бинони ижарага олиб, шу жойда фаолиятини йўлга қўйди.
Бугун туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Мўйдинова тикувчилик цехининг очилишида иштирок этиб, аёлнинг режалари билан танишди.
Махсудахон Сотволдиева ҳозирда маҳалладаги 5 нафар аёлларни иш билан таъминлади. Яқин кунлар ичида цехни кенгайтириш ва қўшимча ишчи ўринлари яратиш ниятида.
– Пандемия пайтида маҳалладошларимни иш билан таъминлаш учун қилган ҳаракатларимга туман раҳбарлари яқиндан ёрдам беришди, – дейди, Махсудахон Сотволдиева. – Чевар аёлларимиз билан бирга буюртма асосида футболка тикишни бошладик, маош ишбай. Буюртма кўпайса, яна маҳалламиздаги тикувчи аёлларни ишга оламиз.
Бугун давлатимиз раҳбари томонидан “Аёллар дафтари” дея бошлаб берилган хайрли иш туманимизнинг барча ҳудудларида тизимли давом этмоқда. Мухтасар қилиб айтганда, юртимиз хотин-қизларига кўрсатилаётган эътибор, имкониятларга ҳавас қилса арзийди. Яратилаётган имкониятлар, шароитлар албатта, Махсудахон Сотволдиева сингари аёлларимизда меҳнатга, қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ уйғотиши, янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклайди.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.