Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 53 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ТУРМУШ МАДАНИЯТИ ХОНАДОН ОСТОНАСИДАН БИЛИНАДИ

×

 2021-04-06 17:19:23    407

PDF юклаш
Чоп этиш



Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ҳар йили "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастури доирасида бир неча юзлаб қишлоқлар, маҳаллалар ажратилган бир неча миллионлаб маблағлар эвазига ободлик сари юз тутиб, аҳоли турмуш тарзи замонамизга муносиб тарзда босқичма-босқич кўтарилиб бормоқда. Юрти ободнинг кўнгли ободдир, дейдилар. Кўнгли ободнинг эса ишида унум, ҳаётида мазмун бўлади. Маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш орқали, уларнинг турмуш даражасини кўтаришга эришиляпти. Биргина туманимиздаги "Истиқбол" маҳалласида 16 та оила эҳтиёжмандлик даражасидан келиб чиқиб "Темир дафтар"га киритилибди. Бундан ташқари, белгиланган мезонлар асосида "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" рўйхатидаги фуқаролар ҳам бор.

Уларнинг барчаси қўллаб-қувватлашдан умидвор. Хўш, "Обод қишлоқ" дастурига киритилган "Истиқбол"ликларнинг эҳтиёжманд оилалари қандай қўллаб-қувватланмоқда? Президентимиз—Қуролли Кучларимизнинг Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев эҳтиёжмандларни камбағаллик даражасидан чиқаришдек олижаноб ҳаракатда аскарларнинг иштирокини таъминлаш халқ билан армия бирлигининг ўзига хос намунаси бўла олишини илгари сурдилар. Бу эзгу ҳаракат  биргина "Истиқбол" маҳалласидаги 16 та хонадон мисолида қисқа давр—бир ой ичида ўзини намоён эта олди. Ўтган ҳафтада маҳаллага ташриф буюрган Мудофаа ишлари вазири, генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ана шу хонадонларда аскарлар томонидан амалга оширилган қурилиш-таъмир, экин-тикин ишларини бирма-бир кўздан кечириб, амалга оширилган ишлардан қониқиш ҳосил қилди.


"Мерос" кўчасидаги мана бу хонадон бекаси Саодатхон Умарованинг турмуш ўртоғи бундан тўққиз йил илгари вафот этган, вояга етмаган икки ўғли бор. Ҳовли девори сувоқсиз, дарвоза ўрнатилмаган, бир уйининг эшик-ромлари ҳам йўқ. Тандир, ўчоқ қурилмаган, томорқага экин-тикин қилиш учун ҳам  жисмоний, ҳам моддий имконияти етмайди. "Деҳқонобод", "Мерос", "Мураббийлар", "Обод", "Оқбилол", "Заковат", кўчаларида яшовчи Маъмурахон Турғунова, Мўътабархон Нурматова, Шоҳсанам Орифжонова, Муҳаррамхон Мамадалиева, Инобатхон Абдукаримова, Гулбаҳор Ашурова, Зуҳрахон Юсупова, Маликахон Иброҳимова, Санобархон Айбошова, Рўзихон Қурбонова сингари эҳтиёжмандлар хонадонларида ҳам уй-жойини таъмирлаш, ўқдевор уриш, гувала деворларни сувоқдан чиқариш, ўчоқ-тандир, субсидия асосида бериладиган паррандалар учун товуқхона қуриш, молхоналарини тартибга келтириш, каттагина томорқаларини экин-тикинга тайёрлашдек юмушларни бажаришнинг ўзи бўлмайди.

Баҳорнинг биринчи куниданоқ бу ерга сафарбар этилган аскарлар Саодатхон ва маҳалладошлари жонига оро кирдилар. Уларнинг ёшларга хос шижоатли ҳаракатлари билан оилалар даромад манбаига эга бўлиши учун томорқаларга субсидия асосида бир-икки сотихли иссиқхоналар қурилди. Қолган қисмлари экишга тайёрланиб, аксариятига эртаки картошка, сабзи, иссиқхоналарга помидор, бодринг, булғори ва аччиқ қалампирлар экилди. Энди аскарлар енг шимариб, қурилиш-таъмир ишларига киришиб кетдилар. Мартнинг охиригача 16 та хонадоннинг деярли ҳаммаси учун режалаштирилган ишлар поёнига етказилди. "Аскарлар қилган ишлари усталарникидан яхши бўлса-яхшики, улардан қолишмайди,—дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сайфулло Умаров ҳар бир хонадондаги ишларни синчковлик билан кўздан кечираётган вазирга.—Ҳокимимиз, секторимиз раҳбари шиферми, ғиштми, оҳак ёки бўёқми, намаики зарур бўлса, узлуксиз етказиб беришларини ташкил этдилар. Тандир-ўчоқларни ҳам худди усталардек барпо қилишди, барака топишсин.


—Хонадонларга барча қурилиш-таъмирлаш, иссиқхона материаллари, ҳомийлик ёрдами асосида келтирилди,—дейди вазирга ҳамроҳлик қилган туман ҳокими, биринчи сектор раҳбари Илёсбек Новиков.—Иссиқхона ва томорқага экилган уруғлик ва кўчатлар ҳам бепул берилди.

—Бизга кўрсатилган ғамхўрликдан миннатдормиз,—дейди "Мерос" кўчасининг 9-уйида истиқомат қилаётган Саодатхон Умарова.—Турмуш ўртоғим вафот этганларига тўққиз йил бўлди. Агар бизни "Темир дафтар"га киритиб, ёрдам кўрсатмаганларида ҳали вояга етмаган икки фарзандим билан нима ҳам қила олардим, оиламиз бора-бора камбағаллашиб бораверарди.

Уй-жойларимиз таъмирланиб, кўнгилларимиз кўтарилди. Мана энди ўғилларим билан мана бу иссиқхонага, томорқага аскарлар экиб берган помидор, қалампир, картошка, сабзини парваришлаб, даромадга кирамиз. Товуқхона қуриб, келтириб берилган товуқлар ҳам тухумга кирган экан. Давлатимиз энг яқин жигарларимиздан ҳам зиёда меҳрибонлик қилди. Аввало Президентимиздан, ҳокимимиздан, бизнинг оғиримизни енгил қилган аскар йигитлардан жуда миннатдормиз. Шу акаларини кўриб, ўғилларим ҳам ҳарбийликка қизиқиб қолишди.

—Ёлғиз онам бизни оёққа қўйиш учун жуда қийналаётган эдилар,—дейди "Деҳқонобод" кўчасидаги 29-уйда яшовчи Маъмурахон Турғунованинг вояга етмаган ўғли кўзларини жовдиратиб.—Аскар акаларим келиб ҳамма уйларимизни чиройли қилиб таъмирлаб беришди. Ҳовлимиз энди бошқаларникидан ажралиб турмаяпти. Иссиқхонадаги, еримиздаги экинларимизни ҳам экиб бердилар. Энди онам, укам иккаламиз уларни яхши парвариш қиламиз. Бизга оталик қилган ҳаммага раҳмат.

Бундай сўзларини уй-жойлари таъмирланган, тандиру ўчоқлари тартибга келтирилган ҳар бир хонадон бекаси чин дилдан айтиб, дуога қўл очди. Маълум қилишларича, шу кўчанинг 8-уйидаги мактабни битириб, иш сўраб мурожаат қилган Матлубахон Мирзаевага 30 сотихли ер ажратиб, деҳқончилик қилиши учун барча имконият яратиб берилибди. Зокиржон Латиповнинг келини фарзанди билан "Она-бола" сиҳатгоҳида даволаниб келишибди.

Вазир аскарларнинг бунёдкорлик ишларини кўздан кечириб, хонадонлар аҳли билан самимий суҳбатлашаркан, уй-жойларни саранжом-саришта сақлашга, Аллоҳнинг неъмати бўлган она ердан даромад олишга маблағ зарур эмас, меҳнатдан қочилмаса, ҳамма нарса изга тушади, буни унутмаслик кераклигини уқтирди.

Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик туфайли камбағалликдан чиққан оилаларга бундан буён мана шундай турмуш тарзини сақлаб қолиш зарурлигини қайта-қайта таъкидлади.


Деҳқонободда ўттиз йиллардан буён ҳувиллаб ётган, турар жойга мўлжалланган тўртта икки қаватли чала қурилиш бу ерга келган ҳар қандай одамнинг эътиборини тортиб, ғашини келтирмай қолмасди. Биринчи сектор ҳудудидаги шу қишлоқнинг ўзида ҳам уй-жойга муҳтожлар бор. "Обод қишлоқ" дастури учун ажратилган маблағнинг бир қисмини шу қурилишларга жалб этиб, ана шундай одамлар эҳтиёжини қондириш мумкин эмасми?!

Бу хайрли иш бошлаб юборилди. Унинг қурилишини поёнига етказиш Акбаршоҳ номли масъулияти чекланган жамият қурувчиларига топширилди. Қурувчилар сардори Собирхон Исмоилов йигирма нафар ишчи билан фаолиятни жадал бошлаб юборишди. Ҳозиргача учта бинодаги икки, уч, тўрт, беш хонали хонадонлар битказилди. Уларнинг тўққизтаси ҳокимлик балансига олиниб, бошида паноҳи, халқона қилиб айтганда, ватани йўқ тўққиз оилага бепул топширилади. Хонадонларга кириб, кўрган одамнинг ҳаваси келади. Ошхона, меҳмонхона, ётоқхона, болалар хоналари энг замонавий жиҳозлар билан тўлдирилган. Шу кунларда ташқи йўлаклар, дам олиш жойлари бунёд этиляпти. Олдидаги майдонга футбол майдончаси қуриларкан.



—Шу ишларнинг бошида турган ҳокимга минг раҳмат,—дейди вазир жараённи кузатиб.—Бу ташаббус билан ҳам қишлоқ обод бўляпти, ҳам одамларни юксак турмуш маданиятига ўргатиш баробарида уларнинг кўнгиллари олиняпти, ҳаётига мазмун киряпти. Энди ҳамма гап ободликни, гўзал турмушни барқарор сақлаб қолишда қолади.

—Мен қишлоқдаги 4-умумтаълим мактабида ўқитувчилик қилдим,—дейди Мунаввархон Ҳошимова вазирга юзланиб.—Ҳозир нафақадаман. Қишлоғимиздаги ободликдан кўнгилларимиз тоғ қадар юксаляпти, десам муболаға эмас. Бўлаётган мана бу бунёдкорликлар ҳар бир қишлоқдошимизни хурсанд қиляпти. Сизни бутун "Истиқбол"ликлар номидан ишонтириб айтаманки, шундай турмуш тарзини ҳамиша сақлаймиз. Чекка қишлоқлар халқининг ҳаётини ўйлаётган, ободончилик учун катта-катта маблағлар ажратиб бераётган Президентимиз, ҳукуматимизга мингдан-минг раҳмат.—Мунаввархоннинг фикрини-яна бир Мунаввархон Орипова, Зуҳрохон Турғуновалар ҳам маъқуллайдилар.

—Биз ҳам маҳалла аҳли обод турмуши барқарорлигини назоратга оламиз,—дейди ҳоким.—Мана хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчимиз Муҳаббатхон опа Мўйдинова ҳам шу ерда. Хонадон, маҳалла ободлигига жонсарак опа-сингилларимиз масъул бўлсалар, ишимиз кўнгилдагидек бўлади.


Вазир маҳаллада ободлик йўлида олиб борилаётган ишларда аскарларнинг иштирокидан, одамларнинг кайфиятидан, уларни рози қилиш борасида секторлар раҳбарларининг интилишларидан кўнгли тўлиб қайтади.

Хаёлимизда эса у кишининг бир фикри айланади: одамларни турмуш маданиятига, ободликка қалбан ўргатиш керак. Кўнгли, қалби ободнинг остонаси, демакки, Ватани обод бўлади!

Хадичахон КАРИМОВА,

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА.


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram