Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
КАНДАКОРЛИК МАКТАБИ ДАВОМЧИЛАРИ
2021-04-03 14:35:46 549
“ҚЎШТЕПАНИНГ МИСГАР-КАНДАКОРЧИЛИК МАКТАБИ БЎЛАДИ” – ДЕЙДИ ҲУНАРМАНД АКРАМХОН ЮНУСОВ
Кунларнинг бирида Акрамхон Юнусовнинг қўлига тасодифан келиб қолган қадимий мис идиш унинг ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Шу тарихий идиш туфайли мисгарликка бўлган қизиқиши ошди. Бу соҳага оид китобларни топиб мисгарлик тарихи ва бугуни билан танишиб чиқди. Сармазор маҳалласида тадбиркорлик орқасидан рўзғор тебратиб келаётган Акрамхоннинг дилида “мен ҳам мисгар-кандакор бўлсам”, деган бир умид учқуни йилтиллади. Ўттиз уч ёшида кўп эмас, бундан саккиз йил олдин шу ҳунарни бошини тутиш учун бир нечта мисгарларга учрашиб кўрди. Унинг мақсади уста мисгарлардан бирига шогирд тушиш ва бу ҳунарнинг сир-асрорларини ўрганиш эди.
Афсуски, ҳолва деган билан оғиз чучимас, ҳар ерда тошу тарози бор экан.
– Мисгар усталарга шогирд тушмоқчи бўлдим, лекин бу ишлар ўз-ўзидан бўлмас экан, – дейди Акрамхон Юнусов. – Мисгар-кандакорлик ҳунари авлоддан авлодга ўтиб келгани учун уста ҳунармандлар ўз сир-асрорларини бировга ўргатишга рўйхушлик бермас эканлар. Ҳар сафар бир устоз топганимда шу ҳолат такорланаверди... Лекин ҳунар ўргангани борган жойларимдан барибир нималарнидир ўрганишга ҳаракат қилавердим. Шу зайл анча вақт ўтсада, таслим бўлмадим. Албатта шу ҳунарни ўрганаман, мени ҳам устахонам, устахонамда эса ўз қўлларим билан ясаган буюмларим бўлади деб қатъий аҳд қилдим.
Устоз борасида омади чопмаган шогирд уйида ўзига шароит яратиб, мисдан буюм ясаш учун керакли бўлган асбоб-анжомларни топиб келди, йўғини ўзи ясади. Шу ҳунарга оид китобларни топиб ўқиди, изланди. Аввалига эски буюмларни таъмирлади, жуда яроқсизларини бузиб, ўрнига нималарнидир ясашга ҳаракат қилди. Ўзи мустақил фаолиятини йўлга қўйгач, марғилонлик уста Аъзамхон акадан сўраб суриштириб, билмаганларини ўрганди. Устадан олган билимларини ўз устахонасига келиб амалиётда қўллади. Иш устида баъзан тунни тонгга улган кунлари ҳам бўлди.
Вақт югурук, мана орадан саккиз йил ўтди. Қўштепалик мисгар-кандакор Акрамхон Юнусов қисқа вақт ичида ўз соҳасини яхши биладиган, ишбилармон уста даражасигача етишди.
Бу ишда унга ўғллари ёрдам бермоқда. Фарзандлари – Муҳаммадалихон ва Муҳаммадюсуфхон ота изидан бормоқдалар. Улар ҳали ёш бўлишларига қарамай дарсдан бўш вақтларида бу санъатнинг заҳмати ва сирларини отасидан ўрганмоқдалар.
Акрамхон Юнусов ўз асарларида ноёб мис буюм ясаш техналогиясини тиклади. Ҳунарманд ҳозирда уларни санъат даражасига олиб чиқмоқда. Унинг устахонасидан тарихий мис буюмлардан тортиб, бугунги кунимизнинг замонавий буюмлари ҳам жой олган. Ҳозирда у “Ҳунарманд” уюшмаси Қўштепа тумани бўлимининг мисгар-кандакорлик йўналишидаги аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Юртимизда анъанавий кандакорлик мактаблари шаклланган. Уларга Бухоро, Самарқанд, Қўқон, Фарғона, Хива, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент каби ва бошқа мактабларни киритиш мумкин. Кўплаб усталарнинг номлари қўлёзмаларда, уларнинг асарларида сақланиб қолган. Ушбу мактабларнинг усталари ўзларидан нодир осори-атиқаларни қолдирган. Уларнинг санъатини ўғиллари, набиралари давом эттириб келмоқдалар.
Шу сабабдан ҳунарманд Акрамхон Юнусов “Нима учун бизни Қўштепа туманида мисгар-кандакорчилик мактаби бўлмасин?” дея мисгарлик-кандакорликнинг йўқолиб кетаётган жиҳатларини тиклаб келажак авлодга етказиб беришда ўзининг билм ва тажрибасини аямай меҳнат қилиб, ўз мактабини яратишга интилмоқда.
Шу ўринда ҳунарманд билан бир оз суҳбатлашишни жоиз деб топдик.
– Одатда, мисдан қандай буюмлар ясайсиз, улар қанча муддатда тайёр бўлади ва нархи қанча?
– Самовар, офтоба, чилопчин, чойдиш, чойнак ҳамда бошқа уй-рўзғор буюмларини ясайман. Кейинги пайтда кўпроқ чойнак ясамоқдаман. Бир дона чойнак ясаш учун бир ҳафта вақтим кетади. Қадимий ўзбек усулида яратилган мис чойнакларнинг нархи бир миллион беш юз минг сўмгача сотилмоқда.
– Сизнингча бу нарх қиммат эмасми?
– Тўғри, бу сумма бир қарашда қимматга ўхшаши мумкин. Лекин унинг ортида ҳунарманднинг бир неча кунлик қўл меҳнати, кўз нури ётибди. Тарихга назар солсак қадимда кандакор усталар олтин, кумуш, мис, биринж (бронза) буюмларга, шунингдек, пўлатдан ясаладиган қурол-яроғлар, хатто тўп (замбарак)ларга ҳам ғазал, нақшлар солганлар. Уларнинг меҳнати сермашаққат, узоқ вақт талаб қилганлиги учун маҳсулотлари юқори баҳода юрган. Шу туфайли, уларнинг маҳсулотидан бой хонадонлар, юқори унвонли ҳарбийларгина фойдаланганлар.
Ҳозирги кунга келиб мис идишдан фойдаланиш яна урфга кирмоқда. Чунки мисдан ясалган идишни ишлатиш инсон саломатлиги учун фойдали эканлигини халқимиз билиб бормоқда. Кўпни кўрган нуронийларимиздан “мис идишда таом тортиш ва танаввул қилиш инсон саломатлиги учун кони фойда” деган гапларни кўп эшитамиз. Масалан мис кўзада сув сақланса сувни филтирлагандай қилиб қўяди. Кўзадаги сув қанча турса ҳам айнимайди, ёз ойларида сув муздек бўлиб туради. Ёзда чойнакка чой дамланса кўп турмай айниб қолади. Мис чойнакка дамланган чой эса бир ҳафтада ҳам ачимайди. Фақатгина ранги ўзгаради. Чой мис идишда тургани учун таъми ҳам бошқача, лаззатли бўлиб туради.
– Бирор буюм ясалгандан сўнг унга нақш солиш керак. Андозасини олдин чизиб оласизми ёки шундай хаёлан буюмга муҳрлайверасизми?
– Биласизми, бу иш билан шуғулланаверсангиз, чизма ёки андозага ҳожат ҳам қолмас экан. Нақшнинг ўзи ич-ичингиздан отилиб чиқади ва уни буюмга кўчирасиз. Буни йиллар давомида маҳорат ва тажрибанинг ошиб бориши маҳсули, деб ўйлайман. Хуллас, бизнинг ҳунарда бир-бирини такрорлайдиган нусхалар бўлмайди. Ҳар бири асл нусха – ягона.
– Кўргазмаларда ҳам иштирок этганмисиз?
– Фестивалларда бир мисгар сифатида ясаган буюмларим билан қатнашиб келмоқдаман. Тўғрисини айтсам, шу вақтгача ясаган буюмларимни сотиш учун ҳаракат қилдим. Нолимайман ҳунаримни ортидан уй-жой, машина деганларидек... Бугун давлатимиз томонидан миллий ҳунармандчиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта биз яратилаётган имкониятлардан унумли ва оқилона фойдаланишимиз керак.
Суҳбат якунида Акрамхон Юнусов: «Кандакор уста сифатида ўзим ясаган асарларим билан юртимиздаги кўрик, танлов, кўргазмаларда, қолаверса халқаро кўргазмаларда иштирок этиб, кандакорлик санъати шухратини оламга ёйсам дейман. Қанийди, бизни уста-ҳунармандларимизнинг ишлари ҳам жаҳоннинг машҳур музейларидан жой олса, деб орзу қиламан. Шундай санъат асарларини ярата оладиган ҳунармадлар кўп юртимизда. Ҳар бир устанинг ўз «дастхат»и бўлади ва у яшаётган даври, ўз ҳиссиётлари-ю, кечинмаларини яратаётган асарларига жо этади. Уларда миллийлик бўлиши, миллий тарихий обидаларимиз акс этиши нур устига нур. Мен ҳам келгусида яратадиган асарларимда мисгарлик-кандакорликнинг йўқолиб кетаётган жиҳатларини тиклаб келажак авлодга етказиб бериш ниятидаман», деган фикрларни билдириб қолди.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.