Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ДАВЛАТ ТИЛИ: ҲУКУМАТ ҚАРОРИ АМАЛДА
2021-04-02 12:51:40 256
Давлатимиз раҳбари томонидан “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тдбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 октябрдаги ПФ-6084-сонли Фармони ижроси юзасидан тил сиёсати борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Раҳбар кадрларни ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва уларга давлат тилини билиш бўйича даража сертификатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги 52-сонли қарори эълон қилинди.
Мазкур қарор талабларига асосан, 2021 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражасини аниқлаш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатлари жорий этилиши, мазкур ишларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан амалга оширилиши белгилаб берилган. Давлат тест маркази томонидан талабгор тўғрисидаги шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги таъминланади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд томонидан расмий мурожаат бўлган тақдирда, ариза берувчилар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.
Вазирлар Маҳкамаси ва давлат бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидаги раҳбар кадрлар ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар халқаро эътроф этилган баҳолаш стандартлари ҳамда ривожланган чет эл мамлакатларининг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда давлат тилини билиш ва эгаллаш даражасини аниқлаш бўйича ўқув-методик қўлланмалар асосида тест синовларини топширадилар. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга электрон шаклда давлат тилини билиш бўйича даража сертификати тақдим этилади.
Масъул лавозимларга тайинланадиган раҳбар кадрларни давлат тилини билиш даражаси, давлат тилида расмий иш юритиши, ўзбек тили меъёрларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўяди.
Албатта, соғлом, маънавиятли авлод тарбияси осон иш эмас. У ҳар бир инсон, ҳар бир оила, ҳар бир жамоадан, бутун бир жамиятдан жиддий эътибор ҳамда узлуксиз меҳнат талаб қилади. Айниқса бугунги кунда-мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган ҳозирги нозик, қалтис шароитда давлат тилимизни ривожлантириш, уни ёт унсурлардан сақлаш, келажак авлодга тилимизни соф етказиш бу ниҳоятда долзарб масала.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори ўз вақтида ва оқилона қабул қилинган ҳужжат бўлиб, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадамдир.
У.ХОЛМАТОВ,
туман ҳокимининг маслаҳатчиси.