Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ВАТАНГА МУҲАББАТ – ЭНГ МУҚАДДАС ТУЙҒУ
2021-03-29 08:32:44 14529
“Агар сен бир инсоннинг қанақалигини билмоқчи бўлсанг, унинг ватанини соғинишига боқ” (Ал-мужаласа ва жаваҳирул илм)
Ватанга муҳаббат аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатидир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний, яхши фазилатлардан ҳисобланади. Бу ҳақда “Ватанни севмоқ иймондандир” дейилган ҳикматни эсга олиш кифоя. Дарҳақиқат Ислом инсонпарвар, ватанпарвар, миллатпарвар дин. У барча инсоний туйғу ва қадриятларни улуғлайди ва инсонларни шунга ўргатади. “Ватан” атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт маъносини англатади.
Буюк муфассир имом Фахриддин ар-Розий раҳматуллоҳи алайҳ фикрича ватанга бўлган муҳаббат инсон табиатида бўлган ҳис бўлиб, бу туйғу инсонда мустаҳкам ўрнашган бўлади. Имом бунга мисол қилиб Қуръоннинг Нисо сураси 66-оятини келтирадилар:
Агар Биз уларга: «Ўзларингизни ўлдиринг ёки юртингиздан чиқиб кетинг», — деб буюрганимизда эди, озчилигидан бошқаси уни қилмаган бўлур эдилар.
“Тафсирул Кабир” да бу оятда Аллоҳ таоло ватандан ажралишни ўзини ўлдиришга тенглаштиряпти деганлар. Яъни гўёки Аллоҳ: “Агар Мен уларга бу икки синовдан бирини танлашни ёзганимда, улар бу ишни қилмасдилар” демоқда.
Бундан олимлар ватандан айрилиш бу қийин иш эканлигини ва унинг алами жонидан айрилишга тенглаштирилишини ҳамда ватан муҳаббати инсон қалбига чуқур ўрнашишини айтишган.
Буюк олим Мулла Алиюл Қорий роҳимаҳуллоҳ эса ўзларининг машҳур “Мирқотул мафотих” китобларида: “Ватандан айрилиш катта синов эканлигини айтиб, бунга мисол Аллоҳнинг қуйидаги сўзидадир: “ва сизларни чиқарган жойдан уларни чиқарингиз!”(сўзидан кейин) Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир(Бақара 191-оят)” деганлар.
Имом Бухорий, ибн Ҳиббон ва имом Термизий роҳимаҳумуллоҳлар Анас розиаллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилишган: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафардан қайтганларида Мадина шаҳри деворларини кўришлари билан Мадинага тезроқ кириш учун туяларини тезлатардилар ва уни яхши кўрардилар”.
Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанларини шунчалар қаттиқ севганларки унга кириш учун сафардан қайтишда шошилганлар.
Имом ибн Ҳажар ал-Асқалони роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Фатхул бори фи шархи сахихил Бухорий ” асарларида ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай деганлар: “Бу ҳадис Мадина шаҳрининг фазлини билдириш билан бирга ватанни севиш жоиз эканлигига ҳам ишора қилади.” Бу фикрни Бадриддин Айний роҳимаҳуллоҳ ҳам ўз китоблари “Умдатул Қори” да билдирганлар. Ушбу суннат пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа суннатлари каби қадрли ҳисобланади ва бу мусулмоннинг бошқа одамлар билан самимий муносабатларда бўлишини англатади.
Имом Захабий роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Сияру аъламин нубало” китобларида шундай деганлар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розиаллоҳу анҳони, унинг отаси(Абу Бакр розиаллоҳу анҳу)ни, Усома розиаллоҳу анҳуни, икки набиралари(Ҳасан ва Ҳусан розиаллоҳу анҳумо)ни, ширинликларни, асални, Ухуд тоғини, ўз ватанларини, ансорларни розиаллоҳу анҳум ва саналмаган бошқа кўплаб одамларни ва нарсаларни яхши кўрардиларки, буларни билмоқ ҳар бир мусулмонга лозимдир”.
Уламолар фикрича ватандан узоқдаги мусофир учун унинг муҳаббати ҳақиқий синовдир. Имом Аҳмад ва имом Табарий роҳимаҳумаллоҳлар Уқба ибн Омир ал-Жуханий розиаллоҳу анҳудан келтирган ҳадисда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Уч кишининг дуоси мустажобдир: ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси”. Мусофирнинг дуосини Аллоҳ қабул қилишининг бир сабаби у ватани ва оиласи соғинчида қийналганлигидадир.
Агар тафаккур қилсак Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг яратган барча махлуқларининг фитратида, яъни асл табиатида ўз уйи, ватани муҳаббатини жойлаган. Табиатга назар солинг ҳайвонлар ҳам ўз уйларига томон талпинишади: айиқ ўз ғорига, чумоли ўз инига ва ҳоказо… Шундай экан онгли мавжудот бўлган инсон ҳайвонотдан кўра ўз ватанини кўпроқ севиши ва қадрлаши уни муҳофазаси учун жонини беришга тайёр туриши лозимдир.
Фақиҳлар Ҳаж қилишнинг фазилати ва ҳикмати ҳамда унга бериладиган улкан ажрлар сабабларидан қилиб инсоннинг қалбини поклаш машаққатида ўз ватанидан айрилишини айтишган.
Абу Нуайм роҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Ҳилятул авлиё” асарларида санадини Иброҳим ибн Адҳам қуддиса сирроҳуга етказиб у кишининг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Мен ватандан айрилиқ синовидек оғир синовга дучор бўлмаганман.”
Ал-Асмаий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Туя ҳатто ўз уйидан узоқда бўлса ҳам унга томон талпинади. Қуш ҳам ҳаттоки унинг уйи бузилган бўлса ҳам унга томон талпинади. Одам ҳам ҳатто бошқа жой унга кўп фойда келтириб турган бўлса ҳам ўз уйи топон талпинади.”
Ватан муҳаббати борасида кўплаб олимлар асарлар ёзганлар ва кўплаб олимлар бу ҳақда ўз китобларида келтирганлар. Очиқ қалб билан ўқиб ватан нималигини тушуниш учун юқоридаги фикрлардан хулоса чиқариш қийин эмас. Аллоҳ барчамизга ҳақни танитсин ва унга эргашишни насиб қилсин.
(Усома ас-Сайид Маҳмуд Ал-Азхарийнинг “Очиқ ҳақиқат” асаридан фойдаланилди)
Абдухошим АХМАДАЛИЕВ,
Қўштепа тумани бош имом хатиби.