Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ҲАР КУНИМИЗ НАВРЎЗ БЎЛСИН! (ФОТО ЛАВҲА)
2021-03-17 15:47:50 259
Қишнинг аёзли кунлари ортда қолиб, кўкда чарақлаган қуёш нури баҳорни, Наврўзни соғинганимиздан дарак берди. Чунки Наврўз барчамиз учун шарқона янги йил дебочаси, маънавиятимизнинг узвий қисмига айланиб кетган энг қадимий, асл миллий байрам сифатида азиз ва мўътабардир.
Юртимизда ҳар йили Наврўзи олам ўзгача шукуҳ ҳамда кўтаринки кайфият билан кутиб олинади. Бизнинг Наврўзимиз шундай беғубор, гўзал ва меҳрли байрамки, унга кўнглинг талпинаверади.
Гўзал миллий қадриятларимизга таянган ҳолда бугун Қўштепа туманида Наврўз шодиёнаси бўлиб ўтди. Коронавирус пандемияси инобатга олинган ҳолда ушбу тадбир Ғиштмон маҳалла фуқаролар йиғинида очиқ ҳавода бўлиб ўтди.
Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда “Деҳқон бозори” МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туманимиздаги 51 та маҳалла фуқаролар йиғинидан “Аёллар дафтари”га киритилган 120 нафар аёллар иштирок этдилар.
Аёлларимизни Наврўз байрами билан қутлаш мақсадида тадбирга туман ҳокими ва сектор раҳбарлари ҳам ташриф буюрдилар.
– Сизларни, оила аъзоларингизни баҳор ва янгиланиш айёми – Наврўз билан чин қалбдан муборакбод этамиз! – дейди тадбирда сўз олган туман ҳокими И.Новиков. – Байрам шукуҳи, баҳор нафаси ва Ватанимизнинг нурафшон олами Сизларга ҳамиша ҳамроҳ ва мададкор бўлсин. Ҳар кунимиз – Наврўз бўлсин. Ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Туман ҳокими И.Новиков аёлларимизга ўзининг самимий тилакларини билдиргач даврадаги барча аёлларимизга байрам туҳфалари улашилди.
Тадбир иштирокчиларига очиқ ҳавода тўкин дастурхон ёзилиб шўрва, ош тортилди.
Туман маданият маркази ходимлари томонидан шўх кўй-қўшиқлар ижро этилиб, аёллар мириқиб хордиқ чиқардилар.
– Мен Қоражийда маҳалла фуқаролар йиғинида яшайман – дейди суҳбатдошимиз Ҳаётхон Йўлдошева. – Маҳалладаги боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёллар тоифасида “Аёллар дафтари”га киритилганман. Бугунги тадбирга таклиф қилинганлигимдан жуда ҳурсандман. Бу ерда бизга кўрсатилаётган илтифотдан, улашилган совға-саломлардан бошимиз осмонга етди. Бунинг учун энг аввало юртбошимизга ва ҳокимларимизга тадбирда қатнашаётган барча аёллар номидан миннатдорчилик билдираман.
Айтишларича, йил боши – Наврўз олдидан қилинган яхши ният, албатта, ижобат бўлади. Шундай экан, бугунги даврада қилинган эзгу тилакларга биз ҳам қўшиламиз.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.