Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 32 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ ВА ИСТИҚБОЛИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

×

 2021-03-02 16:37:55    702

PDF юклаш
Чоп этиш


Ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Улар том маънода, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси ҳисобланади. Зеро, янги Ўзбекистон ёшлари – келажагимиз ва истиқболимиз пойдеворидир.

Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Бундан оқилона фойдаланаётган эртамиз эгалари ўз истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиб, ҳамма соҳада юксак натижаларни қўлга киритишмоқда.

Қўштепа туманида ҳам ўз истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиб, ҳамма соҳада юксак натижаларни қўлга киритаётган ёшларимиз талайгина. “Ёшлар – келажагимиз ва истиқболимиз пойдевори” рукни остида туманимиздаги истеъдодли ва салоҳиятли ёшларнинг фаолиятлари ва уларни қўлга киритаётган юксак натижалари ҳақида сизларни таништириб борамиз.

 ИСТЕЪДОД ЁШ ТАНЛАМАЙДИ


Бугунги қаҳрамонимиз шу кунга қадар вилоят, республика ва халқаро кўрик, танловларда иштирок этиб фахрли ўринларни қўлга киритган. У 2018-йилда Белоруссианинг Минск шаҳрида бўлиб ўтган "Кубок Европы" халқаро конкурсида иштирок этиб 1-ўринни, 2020-йилда Москвада бўлиб ўтган «Салют Талантов» халқаро конкурсида 1-ўринни, 2020-йилда Полшада бўлиб ўтган "Халқаро маданият карвони-2020" халқаро конкурсининг 1-2 босқичларида иштирок этиб 1-ўринни, 2020-йил Санк Петербургда бўлиб ўтган "Музыкальный клондайк" халқаро конкурсида 1-ўринни, 2020-йилда Москвада бўлиб ўтган «Яркие дети» халқаро конкурсида 1-ўринни, ҳудди шу йили Италияда бўлиб ўтган «Dali’s Mustache» халқаро конкурсининг 1-2-3 босқичларида иштирок этиб 1-ўринни эгаллаб суппер финал босқичига йўлланма олди ва суппер финал босқичида 1-ўринни эгаллади. 2020-йил сўнгида Тошкетда бўлиб ўтган "Шарқ атиргули" халқаро конкурсида эса Гран При совриндори бўлди.

Қизиқ, мана шунча кўрик танловларда иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган ким экан деб қизиқаяпсизми? Назокатхон Комилжонова Қўштепа фарзанди. У нафақат туманимиз ва вилоятимиздаги, балки республикамиздаги истеъдодли ёшларимиздан биридир.


Назокатхон 15 ёшда бўлишига қарамай, ижодда жуда улкан муваффақиятларга эришди. Албатта бундай катта ютуқлар ортида унинг қўл меҳнатлари турибди. У бу йўлни поғонама поғона босиб ўтди. Дастлаб у туманимизда ва вилоятда бўлиб ўтган мусобақаларда қатнашди. Кейинчалик республика ва халқаро кўрик-танловларда, конкурсларда иштирок этиб, юздан зиёд фахрий ёрлиқ ва дипломларга сазовор бўлди.


5 ёшли Назокатхон телевизор кўриб ўтириб мултфилм қаҳрамонлари суратини дафтага чизиб қўярди. Қизалоқдаги талантни сезган ота-онаси қўллаб-қувватлаш мақсадида расм дафтар ва хил қалам олиб беришди. Ота-онанинг ўз фарзандига бўлган эътибори, ундаги хоҳиш ва истеъдодни илғай олишлари Назокатхоннинг бугунги муваффақиятига сабаб бўлди десак асло муболаға бўлмайди.

Назокатхон Комилжонова дастлаб Қўштепа туманидаги “Баркамол авлод” марказида, кейинчалик Болалар мусиқа ва санъат мактабида тасвирий санъат йўналишида таҳсил олди. Шу билан бирга юқорида айтиб ўтганимиздек, кўплаб танловларда иштирок этиб, ўз устида ижод қилди ва тасвирий санъатнинг энг ёрқин наъмуналарини яратиб, улкан натижаларга эришди.

Ҳар битта рассомни ўзига яраша йўналиши бўлганидек, Назокатхоннинг ҳам ўз услуби ва йўналиши бор. У тасвирий санъатнинг минатюра, натюрморд, манзара, портрет жанрлари ижод қилиб келмоқда. Санъат асарлари 300 дан ортиқ.

Унинг орзуси тасвирий санъат йўналиши бўйича Олийгоҳга кириш, келажакда машхур рассом ва санъатшунос бўлиш.


– Кўплаб халқаро конкурсларда иштирок этишни, кўргазмаларда ўз ижодий ишларим билан қатнашишни хоҳлайман, – дейди Назокатхон биз билан бўлган суҳбатда. – Ватанимиз гўзаллигини, миллийлигини, анъаналарини ва урф-одатлари акс эттирилган ижодий ишларимни ўша кўргазмаларда туришини ният қиламан. Яна бир орзуларимдан бири Зулфия номидаги Давлат мукофоти савриндори бўлишдир.

Назокатхон Комилжонова бугунги кунда Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабининг Дастгоҳли рангтасвир рассоми мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда. Ўқиш жараёнида бевосита ижодий ишлар яратмоқда. Унинг энг катта ижодий иши миллийлигимиз, урф-одатларимиз акс эттирилган “Она ва бола” асаридир. 



Назокатхонни эришган ютуқларига, қўлга киритган дипломларига бевосита тўхталадиган бўлсак, албатта улар осонликча, ўз ўзидан бўлгани йўқ. Мана шундай улкан ютуқнинг ортида инсоннинг захмати, меҳнати ва шу билан бирга ўз устида тинимсиз ишлаши турибди. 

Назокатхоннинг муваффақиятга эришишида унинг оила аъзоларини хусусан отаси Дилмуроджон Исоқовнинг ўрни беқиёс. Чунки улар томонидан кўрсатилган тўғри йўл, маслаҳатлар Назокатхонни шу натижаларга етишига сабаб бўлди.

Назокатхонни фаолиятини яқиндан билган инсонлар отаси Дилмуроджон Исоқовни унинг устози деб ўйлашади. Чунки ота қизига доимо ҳамроҳ бўлади, қўллаб-қувватлайди.

Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она фарзандининг қувончини, хатти-ҳаракатларини кўрса завқланади. Шунинг учун Дилмуроджон доимо қизига ҳамроҳ бўлади. Устоз ўрнида бўлиб қолган ота ўз фикрларини доимо қизи билан баҳам кўради. Энг яқин инсонини олдида далда бўлиб турганини хис қилган Назокатхон эса янада олдинга қараб интилади ва бу жараён унга завқ бағишлайди.



– Ота-она фарзандини доимо қўллаб-қувватлаши керак, – дейди Дилмуроджон Исоқов. – Хорижий давлатларни ҳам қизимни баҳонасида кўрдим. Фарзандингизни юқори шохсуппаларда кўрганингизда болангиздан кўра ҳам сиз кўпроқ қувонар экансиз. “1-ўрин Назокатхон Комилжонова. Ўзбекистон!!!” деганда севинчим ичимга сиғмай кетади. Мана, бизни Ўзбекистонда ҳам европалик ёшлар билан тенглашадиганлар бор деб мамнун бўламан. Мен бу билан нима демоқчиман, ҳар бир ота-она фарзандига бефарқ бўлмасин. Балки унинг фарзанди беқиёс иқтидор ва истеъдод эгасидир.

Назокатхон Белоруссияда ўтказилган "Кубок Европы" халқаро конкурсида энг ёш иштирокчи бўлиб қатнашаётган эди. Ўзидан анча ёши катталар билан беллашаётганлиги уни росса хаяжонга солди. Шунинг учун фахрли ўринни олиши хаёлимга ҳам келмади. Тақдирлаш маросими келганида эса ўша ҳаяжонлар янада ортиб кетди. Чунки энг ёш иштирокчи танловнинг ғолиби бўлди.

Дилмуроджон Исоқов ҳар бир ота каби фарзанди ҳақида тўқинланиб, хаяжонланиб гапирди. Сўзининг охирида эса ота-оналарни ўз фарзандига бефарқ бўлмасликка ва улардаги қобилиятга, қизиқишга қараб йўналтиришларини яна бир карра таъкидлаб ўтди.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, туманимизда истеъдодли ва салоҳиятли ёшлар кўпаяверсин, шундай ёшларимиз орқали ватанимиз байроғи юксакларга доимо хилпирайверсин!

Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.


Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram