Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ХАЛҚАРО ТИЖОРАТ АРБИТРАЖИ ТЎҒРИСИДА ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ
2021-03-01 14:29:49 257
Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида” 2021 йил 16 февралдаги ЎРҚ–674-сон
Қонунининг моҳияти ва аҳамияти
I. Қонуннинг мақсади
Халқаро тижорат арбитражларининг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
II. Қонуннинг мазмун-моҳияти
Қонун Ўзбекистон ва бошқа давлат ўртасида амалда бўлган келишувларга риоя этган ҳолда халқаро тижорат арбитражига нисбатан қўлланилади.
Халқаро тижорат арбитражига тарафларнинг келишувига биноан тижорат хусусиятига эга бўлган ҳам шартномавий, ҳам шартномадан ташқари барча муносабатлардан юзага келадиган низолар берилиши мумкин.
Арбитрлар, экспертлар, арбитраж муассасаси ва унинг ходимлари арбитраж муҳокамасига тааллуқли ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик учун, агар улар қасддан эканлиги исботланмаса, тарафлар ёки бошқа шахслар олдида жавобгар бўлмайди.
Арбитраж судлари ўз фаолиятида ҳеч кимга бўйсунмайди ва мустақилдир.
Тарафлар ўртасидани низоларни кўриб чиқиш учун улар ўртасида арбитраж келишуви тузилган бўлиши керак.
Арбитраж келишувининг предмети бўлган масала юзасидан ўзига даъво тақдим этилган суд тарафларни арбитражга юбориши керак.
Тарафлар ўз хоҳишига кўра арбитрлар сонини белгилаши мумкин. Бундай келишув бўлмаганда уч нафар арбитр тайинланади.
Бирор-бир тарафнинг илтимосига кўра арбитраж суди таъминлаш чораларини белгилаши мумкин.
Таъминлаш чораси – ҳар қандай вақтинчалик чорадан иборат.
Таъминлаш чораси ёрдамида низони узил-кесил ҳал қиладиган қарор қабул қилингунича арбитраж суди у ёки бу тарафнинг:
низо ҳал этилаётгандаги ҳолатни ёки ҳал этилгунигача бўлган ҳолатни сақлаб туриши ёки тиклаши;
зарарнинг олдини олиш мақсадида чоралар кўриши ёки бундай зарар етказиши мумкин бўлган чораларни кўришдан тийилиши;
активларни сақлаш учун маблағларни арбитрнинг кейинчалик қабул қилинадиган ҳал қилув қарори бу маблағлар ҳисобидан ижро этилиши мумкин бўлиши учун бериши;
далилларни сақлаш тўғрисида фармойиш беради.
Тарафлар таъминлаш чорасининг мақсадларига зарар етказмаслик мажбуриятини бирор-бир тарафнинг зиммасига юклатувчи дастлабки қарорни чиқариш ҳақида ариза бериши мумкин.
Белгиланган таъминлаш чораси мажбурий кучга эга деб тан олинади ва судга мурожаат этиш орқали ижрога қаратилади.
Суд Ўзбекистоннинг процессуал қонунчилигига мувофиқ ва халқаро арбитражнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда арбитраж жойидан қатъи назар арбитраж муҳокамаси муносабати билан таъминлаш чораларини белгилаш ваколатига эга.
Арбитраж муҳокамасида тарафларга нисбатан тенг муносабатда бўлиш таъминланади ва ҳар бир тарафга ўз нуқтаи назарини баён этиш учун оқилона имкониятлар берилиши керак.
Тарафлар арбитраж жойи тўғрисида ўз хоҳишига кўра келишиб олиши мумкин. Бундай келишув мавжуд бўлмаган тақдирда, арбитраж жойи арбитраж суди томонидан иш ҳолатларини, шу жумладан тарафлар учун қулайлик омилини инобатга олган ҳолда белгиланади.
Тарафлар арбитраж муҳокамасида фойдаланиладиган тил тўғрисида ўз хоҳишларига кўра келишиб олиши мумкин. Бундай келишув мавжуд бўлмаганда, муҳокамада қўлланилиши керак бўлган тилни ёки тилларни арбитраж суди белгилайди.
Арбитраж суди низони тарафлар низонинг мазмунига нисбатан қўлланилиши учун танлаган ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал этади.
Арбитраж муҳокамаси жараёнида тарафлар низони ҳал қилса, арбитраж суди муҳокамани тугатади.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори ёзма шаклда қабул қилиниши ва якка тартибдаги арбитр томонидан ёки арбитрлар томонидан имзоланиши керак.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан судга шикоят қилиш фақат қуйидаги ҳолларда бекор қилиш тўғрисида ариза бериш йўли билан амалга оширилиши мумкин:
1) бекор қилиш тўғрисида ариза бераётган тараф қуйидагиларнинг далилини тақдим этса:
арбитраж келишувининг тарафларидан бири қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз эканлиги далилини;
арбитраж келишувининг ҳақиқий эмаслиги далилини;
арбитр тайинланганлиги ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида хабардор қилинмаганлиги далилини;
арбитражнинг ҳал қилув қарори арбитражда ҳал қилиниши назарда тутилмаганлиги далилини;
арбитраж судининг таркиби ёки арбитраж тартиб-таомили тарафларнинг келишувига мувофиқ эмаслиги далилини;
2) агар суд:
низо предмети Ўзбекистон қонунчилигига кўра арбитраж муҳокамасига тегишли эмаслигини;
арбитражнинг ҳал қилув қарори Ўзбекистон оммавий тартибига зид эканлигини аниқласа.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори, у қайси мамлакатда қабул қилинганидан қатъи назар, мажбурий деб тан олинади ва судга ёзма ариза берилган тақдирда тан олиниши ва ижрога қаратилиши керак.
Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради ва арбитраж битимига мувофиқ у қачон тузилганидан қатъи назар ушбу Қонун кучга кирганидан кейин бошланган халқаро тижорат арбитражига нисбатан қўлланилади.
Қўштепа туман адлия бўлими.