Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
АЛЛА — БЕШИК ҚЎШИҒИ
2021-02-11 17:34:22 560
Алла қайси элда, қайси тилда айтилмасин юрагингда ҳасрат ва ҳаяжон жўш уради. Алла айтмаган она бормикан бу дунёда! Алла бўлажак йигитга қувват, қизга эса ҳаё ва иффат бахш этади! Алла айтган оналар миллат хотирасини асрайдилар!
Абу Али ибн Сино ўзининг машҳур «Тиб қонунлари» китобида бола тарбиясида алланинг аҳамияти тўғрисида шундай ёзади: «Боланинг мижозини кучайтирмоқ учун, унга икки нарсани қўлламоқ керак. Бири болани секин-секин тебратиш, иккинчиси уни ухлатиш учун одат бўлиб қолган мусиқа ва аллалашдир. Шу иккисини қабул қилиш миқдорига қараб боланинг танаси билан бадантарбияга ва руҳи билан мусиқага бўлган истеъдоди ҳосил бўлади». Алла — бешик қўшиғи, у халқ оғзаки ижоди намуналарида ҳам кенг куйланган. Болани йўргаклаш, бешикка солиш, ухлатиш, уйғонган болани йўргакдан ечиб олиш сингари машғулотлар куйлар, чиройли оҳангдор сўзлар билан безалган бўлади… Бундай дилни эркаловчи қўшиқлар болага ҳам хуш ёққан – ана шу шеърий тўқималар турли воқеаларга, айрим маросимларга боғлаб айтилган бу қўшиқни алла қўшиқлари дейишган.
Она меҳрининг самимий ифодаси бўлмиш – она алласини маромига етказиб ижро этиш бўйича Қўштепа туманидаги МТТнинг тарбиячи ва услубчилари ўртасида “Алла – маънавият пойдевори” шиори остида кўрик-танлов бўлиб ўтди.
Ушбу танлов Қўштепа тумани ҳокимлигининг ташаббуси билан 15-Болалар мусиқа ва санъат мактабида туман МТМ ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур кўрик-танловда 34 нафар мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари қатнашиб, белгиланган 2 та шарт бўйича ўз иқтидорларини намойиш этишди.
Иштирокчилар биринчи шартда алла тарихига қисқача тўхталиб, илк бор айтган аллаларини айтиб бердилар. Саҳнада уларнинг ҳар бири фарзандига алла айтган она образини жонлантира олдилар. Мухлислар эса ҳар бир она алласини ҳаяжон билан тинглаб, гулдурос қарсаклар билан олқишладилар.
Бешик қўшиқлари оналарнинг орзу ва армонлари билан биргаликда турли тарихий воқеалар, ижтимоий ҳаётга муносабат ҳам баён этилади. Оналар ҳеч кимга айтолмаган юрак дардларини чақалоғига, боласига алла орқали айтган ва бундан маълум даражада енгил тортган.
Алла ўз даврининг лирик кайфиятдаги руҳий кўзгудир. Онанинг ёқимли оҳанглари ичида давр муҳити, кишилар тирикчилиги, ижтимоий-маиший ҳаёт, кишилар ўртасидаги муносабатлар, қарама-қаршиликлар оддий сўзларнинг гўзал ва бадиий, руҳий қудрати ўз ифодасини топган.
Алла – умуминсоний қўшиқдир. У турли тилларда айтилиши мумкин, аммо унинг замирида бир нарса онанинг фарзандига чексиз меҳру муҳаббати ётади… Бугунги иштирокчилар ҳам ўз чиқишларида она меҳрининг самимий ифодаси бўлмиш – она алласини маромига етказиб ижро этиб бердилар.
Иккинчи шарт “Аёлнинг бир куни” деб номланди. Иккинчи шартни ҳам ҳар бир иштирокчи саҳна кўринишлари билан ифодалаб бердилар. Иштирокчиларнинг чиқишлари адолатли ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.
Кўрик-танлов натижаларига кўра, 31-МТТ ходими Махлиёхон Юнусова 1-ўринни, 32-МТТ ходими Мавлудахон Рўзиева 2-ўринни ҳамда 8-МТТ ходими Мавлудахон Рўзиева 3-ўринни қўлга киритдилар.
Шунингдек, танловда 18-МТТ ходими Машхурахон Қирғизова ҳам фаол иштирок этди.
Туман босқичида иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар туман ҳокимлиги ва МТМ томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Таъкидлаш лозимки, бу каби танловларнинг ташкил этилиши мактабгача таълим ташкилотларида ўсиб келаётган ёш авлодни халқ оғзаки ижоди намуналарини ўқишга ва ўрганишга бўлган қизиқишларини оширишга қаратилган таклифларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, халқ оғзаки ижоди намуналарини ўқиш орқали фарзандга ўзбек онасининг маънавиятини етказиш, ўзлигини англаш, ёш оналарнинг фарзанди олдидаги бурчини англашни шакллантириш, ўзбек тилини асраб-авайлаш, нутқ софлиги ва сўз бойлигини ошириш услубларини кенгайтириш, мактабгача таълим ташкилотларида халқ оғзаки ижоди намуналарини ўтиш орқали болажонларнинг нотиқлик санъатини ривожлантириш каби мақсадларга хизмат қилмоқда.
Кўрик-танловда Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари Н.Отабеков, туман Маданият бўлими ходимлари ҳам иштирок этдилар.
У.ХОЛМАТОВ,
туман ҳокимининг маслаҳатчиси.