Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
АЙРИМ КОДЕКСЛАРГА ЎЗГАРТИШ ВА КЎШИМЧАЛАР КИРИТИЛДИ
2021-02-04 11:40:36 221
Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонунлари (ЎРҚ-664 ЎРҚ-665-сон) қабул қилинди.
Юқоридаги Қонунларга асосан, Жиноят процессуал кодексига қуйидагича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳукмлари устидан апелляция тартибида шикоят бериш ёки протест билдириш мумкин.
Биринчи инстанция судининг суд муҳокамаси вақтида чиқарилган ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳукм устидан шундай ҳаракатларни содир этиш билан бир пайтнинг ўзида амалга оширилиши мумкин.
Апелляция шикояти ва протестлари ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, маҳкум, оқланган шахс, жабрланувчи томонидан эса уларга ҳукмнинг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан шу муддат ичида берилиши мумкин.
Ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат ичида иш суддан талаб қилиб олиниши мумкин эмас. Тарафлар шу вақт мобайнида иш билан суд биносида танишишга ҳақли.
Белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган шикоят ёки протест оқибатсиз қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга хабар қилинади.
Апелляция шикояти ёки протести берилиши ҳукмнинг қонуний кучга киришини ва унинг ижро эттирилишини тўхтатиб туради.
Ҳукм устидан шикоят бериш ва протест билдириш учун белгиланган муддат тугагач, ҳукм чиқарган суд ушбу Кодекснинг 4976-моддасида назарда тутилган талабларни бажариб, ишни шикоятлар, протестлар ҳамда улар юзасидан билдирилган эътирозлар, шунингдек тақдим этилган қўшимча материаллар билан бирга ўн кундан кечиктирмай апелляция инстанцияси судига юборади.
Бу муддат алоҳида ҳолларда юқори суд раиси ёки унинг ўринбосари томонидан кўпи билан йигирма кунга узайтирилиши мумкин.
Иш бўйича биринчи инстанция судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда ушбу Кодекснинг 4972-моддасида назарда тутилган шахслар томонидан хусусий шикоят ёки хусусий протест берилиши мумкин.
Ҳукм чиқариш билан якунланган суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, ҳукм устидан шикоят ва протест бериш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.
Суд муҳокамаси чоғида чиқарилган ва далилларни текшириш тартибига, жиноят процесси иштирокчиларининг илтимосномаларига, эҳтиёт чорасини танлашга, уни ўзгартиришга ёки бекор қилишга, шунингдек суд мажлиси залида тартиб сақлашга тааллуқли ажримлар устидан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган тартибда шикоят бериш ва протест билдириш мумкин эмас. Уларга қарши эътирозлар апелляция шикоятига ёки апелляция протестига киритилиши мумкин.
Шунингдек, юқоридаги Қонунларга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қуйидагича ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан апелляция шикояти (протести) қарор ўқиб эшиттирилган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, ўзига нисбатан суд қарори чиқарилган шахс ва жабрланувчи томонидан эса, қарорнинг кўчирма нусхалари уларга топширилган ёки улар томонидан ушбу кўчирма нусхалар олинган кундан эътиборан худди шу муддатда берилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган тақдирда, апелляция шикояти (протести) берувчи шахснинг илтимосномасига кўра, қарорни чиқарган суд, агар муддатнинг ўтказиб юборилганлиги сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Суднинг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарори устидан апелляция шикояти (протести) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномани рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг устидан хусусий шикоят (хусусий протест) берилиши мумкин.
Биринчи инстанция судининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) у ишнинг барча материаллари билан келиб тушган кундан эътиборан ўн беш сутка ичида апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилиши лозим.
Биринчи инстанция судининг қарори устидан апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижаларига кўра, апелляция инстанцияси суди қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
1) биринчи инстанция суди қарорини ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмай қолдириш тўғрисида;
2) биринчи инстанция суди қарорини, шунингдек органнинг (мансабдор шахснинг) қарорини бекор қилиш ва ишни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган органга (мансабдор шахсга) қайтариш ҳақида;
3) биринчи инстанция суди қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш ва янги қарор чиқариш тўғрисида;
4) биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш тўғрисида;
5) жазо чорасини кучайтирмаган ҳолда уни маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатида назарда тутилган доирада ўзгартириш ҳақида;
6) апелляция шикояти (протести) қайтариб олиниши муносабати билан апелляция иш юритишини тугатиш тўғрисида.
Апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилганидан кейин дарҳол ўқиб эшиттирилади.
Апелляция инстанцияси судининг қарори у ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.
Апелляция инстанцияси судининг қарори устидан кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.
Кассация шикояти (протести) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.
Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори чиқарилган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.
Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган муддат ўтказиб юборилган ҳолларда, кассация инстанцияси суди кассация шикояти (протести) бераётган шахснинг илтимосномасига асосан, агар уни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, ўтказилган муддатни тиклашга ҳақли бўлиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.
Эслатма: Юқоридаги Қонунлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Зиёдбек Ҳалимжонов,
Қўштепа туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.