Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ИШСИЗ ЁШЛАР ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА
2021-02-03 19:24:45 208
Барчамизга маълумки, юртимизда ишсиз ёшларнинг рўйхати шакллантирилиб “Ёшлар дафтари”га киритилди. Ишсиз ва эҳтиёжманд оилалардаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш орқали жамиятда ўз ўрнини топишларида ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бирига айланди.
Қўштепа туманидаги “Сармазор бахт замини” фермер хўжалигига қарашли ер майдонида бўлиб ўтган “Ёш тадбиркорларга ер майдонларини ажратиб бериш орқали уларнинг бандлиги ва даромадларини оширишга бағишланган ўқув амалий семинар” ишсиз ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлашда бу йилги илк қадам бўлди.
Тадбирда сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, қишлоқ хўжалигига дахлдор мутасаддилар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ёшлар иштирок этдилар. Ушбу семинарни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамкорлик қилди.
Ёшларимизга ер ажратишга бағишланган мазкур семинарда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, Ўзбекистон Республикаси Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директори Рахимжон Бобоевлар иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бу хайрли ишлар давом этишини айтиб, фақат ердан оқилона фойдаланиш, юқори ҳосил олиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
– Туманимизда 4921 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди. – дейди тадбирда сўз олган туман ҳокими Илёсбек Новиков. – Ёшларни иш билан таъминлаб, турмуш даражасини яхшилаш учун Президентимиз топшириғига асосан туманимиздаги экин майдонидан 724 гектар ажратилиб, вақтинча ишсиз ёшларга берилмоқда. Албатта ёшларимиз бу ерлардан унумли фойдаланиб, экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришади.
Семинар давомида қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаси, “Деҳқон бозори” МЧЖ томонидан арзонлаштирилган уруғчилик ва минерал ўғит кўчма дўкони ярмаркалари ҳам ташкил этилди. Мутахассислар экин экиш бўйича ёшларга маслаҳатлар беришди.
Мутахассислар иштирокида “Сармазор бахт замини” фермер хўжалигига қарашли ер майдонидан деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган 14 нафар ёшларга 20 сотихдан ер ажратиб берилди.
Ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган бундай тадбирлар туманимизнинг қолган ҳудудларида ҳам давом эттирилиб, ишсиз ёшларимизга яна ер ажратиб берилади.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.