Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 38 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси

СЎЗ ДЕПУТАТЛАРГА

×

 2021-01-20 13:10:17    179

PDF юклаш
Чоп этиш


Биз “Сўз депутатларга” рукни остида туманимиздаги депутатларимизнинг фаолиятлари билан таништириб боришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Бугун сиз 14–Янгидўкон сайлов округидан туман Кенгашига сайланган депутат, Қўштепа тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири Сохибжон Турсуновнинг фикр мулоҳазалари билан танишасиз.

ХАЛҚ ИЧИГА КИРМАСДАН, ОДАМЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛМАСДАН МУАММОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИБ БЎЛМАЙДИ

Депутат том маънода халқ вакили. Шу боис, у одамлар дардини тинглаши, уларнинг муаммоларию ташвишларини ҳал этиши, сайловчилар олдида берган ваъдаларини бажариши лозим. Одамлар ичига кирмасдан, улар билан мулоқот қилмасдан жойлардаги муаммоларни ҳал этиб бўлмайди.

Сўнгги йилларда халқ орасига кириш, аҳоли билан яқиндан мулоқот ўрнатиш, одамларнинг дардини эшитиб, оғирини енгил қилишга кўмаклашиш халқ вакилларининг энг асосий вазифаларидан бирига айлангани бежиз эмас. Негаки, сайловчилар билан очиқ мулоқот йўлга қўйилган жойда фаровонлик ҳукм суради, тараққиёт бўлади, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончи янада ортади.

Шу сабабли депутатлик фаолиятим давомида кўпроқ халқ ичида юришга, аҳолининг яшаш шароитларини ўрганиб, аксарият муаммоларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиб келяпман. Чунки бугун одамларни қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмайди, уларга амалий натижалар керак. Демак, энди вақтни беҳуда ўтказмасдан фақат халқ ишончини қозониш, сайловчиларнинг кўнглига кириб боришимиз лозим.

Бўлиб ўтган сайловдан сўнг энг аввало ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ҳар томонлама ўрганиб чиқдим. Янгидўкон ва Сойбўйи маҳалласининг фаоллари ва оқсоқоллари билан маслаҳатлашиб, мутасадди ташкилотларга муаммоларни ҳал этиш учун депутатлик сўровлари киритдим. Депутатлик сўровлари киритишни эса йил давомида амалга ошириб бормоқдаман. Нафақат мен, балки барча депутатлар маҳалла билан ҳамкорлик асосида иш олиб бормоқдамиз. Чунки, депутат сифатида ҳудуддаги ижтимоий муаммоларни ўрганиб бориб, уларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этишга эришиш асосий мақсадимиз саналади.

Депуталик фаолиятимизни бошланимиздан кейин ҳеч қанча вақт ўтмай бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан ўтказа бошлади. Бу офат юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Пандемияга қарши курашиш учун шифокорларимиз жалб этилдилар. Шундай оғир вазиятда тиббиёт ходимлари ўз касбига содиқ қолиб, бурчларини шараф билан бажарди ва бу жараён хали ҳам давом этмоқда. Пандемия даврида ойлаб уйига, оиласи даврасига бора олмай шифохоналарда қолган, кунни тунга улаб заҳмат чеккан шифокорларимизнинг сабрини ва матонатини бутун халқимиз синовдан ўтказди. Мен ҳам ушбу жараёнларда қатнашиб, ўз бурчимни бажаришга ҳаракат қилдим.

Сайловолди дастуримни Ўзбекистон халқ демократик партиясининг сайловолди дастурига асосан тузганман ва бир шифокор сифатида: “Биз жамиятнинг ҳар бир аъзосига саломатлигини мустаҳкамлаш учун тенг имкониятлар яратиш тарафдоримиз!” дея оламан.

Мен маҳалладаги пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилаларда яшовчилар ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларига тиббий хизмат кўрсатишга, уларни дори-дармонлар ва тиббий воситалар билан таъминлашга ҳаракат қилмоқдаман. 

Шунингдек, бир маҳаллий Кенгаш депутати сифатида жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, сайловчилар ва электорат вакиллари билдирган ишончни оқлаш масалаларига асосий вазифа сифатида қараб келмоқдаман.

Ўтган 2020 йилда карантин шароитида маҳалладаги “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилаларга “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати томонидан кўрсатилаётган моддий ёрдамларни ўз эгаларига етиб боришини депутат сифатида назоратга олдик. Қолаверса, бундай оилаларга имтиёзли кредит олишда, иссиқхона қуришда амалий ёрдам берилди. Пандемия шароитида аҳоли томорқаларининг бўш қолмаслиги борасида мунтазам тавсиялар берилмоқда. Ўрни келганида ўз ёрдамимизни бериб, тарғибот ишларини олиб бордик. Шунингдек, ҳудудлардаги дезинфекция ишларида ҳам қатнашдик, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бепул тиббиёт маскалари, антисептик воситалар тарқатдик.

Карантин даврида маҳалладаги озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналарда одамларнинг бирламчи эҳтиёжи учун зарур бўладиган маҳсулотлар ҳамда дори воситалари, тиббий ниқоблар билан етарли даражада таъминланганлигини назорат қилиб, нарх-наволар билан мунтазам танишиб бормоқдамиз.

Жойларда сайловчилар билан учрашувлар ташкил этишни ва фуқароларни қабул қилишни йўлга қўйганмиз. Ушбу қабулда ва бўлиб ўтаётган учрашувларимизда ҳар бир мурожаатчи билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини тингламоқдамиз. Албатта, бундай мулоқотлар мавжуд муаммо ва таклифларни хал этишда ўзининг самарасини бермоқда.

Ҳар бир инсон бахтли яшашни истайди ва унинг бунга тўла ҳақи бор. Шу нуқтаи назардан, инсоннинг ҳаётдан мамнун яшаши, фаровон турмуш кечириши учун халқ билан бирга бўлиб, одамларнинг дарду ташвишига шерик бўлишимиз керак. Буларсиз юртдошларимиз қалбида шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш қийин. 

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, халқнинг ишончли вакили бўлишнинг ҳам ўзига хос масъулиятлари ва мажбуриятлари бор. Уларни қалб амри ва виждон талаби билан бажарганлар халқ эъзозига сазовор бўлаверадилар.

Сохибжон Турсунов,

Халқ депутатлари туман кенгаши депутати.