Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
СЕССИЯ: ПРЕЗИДЕНТ МУРОЖААТНОМАСИ УСТУВОР ВАЗИФАЛАРНИ БЕЛГИЛАБ БЕРДИ
2021-01-14 15:57:39 186
Жорий йилнинг 14 январида Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг 30-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишига туман ҳокими, Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси И.Новиков раислик қилди.
Депутатлар 9-Каттаболтакўл сайлов округидан сайланган туман Кенгаши депутати А.Тавакалловни сессия котиблигига сайладилар.
Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, сиёсий партиялар ва ташкилотлар раҳбарлари, тиббиёт муассасалари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси И.Султанов ҳам иштирок этди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 29 декабрдаги Мурожаатномаси халқимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Шунга кўра бугунги сессия кун тартибига ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, туманда 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, кўриладиган чора-тадбирлар, бу борада белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида, тизимли ва сифатли таъминланишида депутатлик назоратини йўлга қўйиш масаласи киритилди.
Мазкур масала юзасидан туман ҳокими И.Новиковнинг ахбороти тингланди. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган бу йилги Мурожаатномаси ўз қамрови, аҳамияти ва тегишлилига кўра олдингиларидан тубдан фарқ қилади – дейди Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси И.Новиков. – Хусусан:
биринчидан, бу йилги Мурожаатнома нафақат Олий Мажлисга, балки олийжаноб халқимизга қарата йўлланди;
иккинчидан, Мурожаатномада бутун дунёнинг 2020 йилдаги умумий қиёфаси гавдалантирилди, унинг мавжуд ҳолати очиб берилди;
учинчидан, Мурожаатнома қамраб олган масалалар юзасидан берилган таклифларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари ҳам кўрсатиб берилди;
тўртинчидан, Мурожаатномада мамлакатимизнинг давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаёт ва бошқа соҳаларда жорий этилиши лозим бўлган янги институтларнинг яратилиши учун замин ҳозирланди.
Туман ҳокимининг ахборотидан сўнг сессия иштирокчилари “Йўл харита”си билан таништирилиб, унда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тузилган мониторинг ишчи гуруҳи таркиби ўқиб эшиттирилди.
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 11 декабрдаги “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятига оид намунавий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги КҚ-161-IV-сонли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, 2020 йилнинг 28 декабрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги 29-сессиясида туман Кенгаши котибиятини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилиб, Кенгашнинг тегишли қарори билан Кенгаш котибияти тузилмаси, Низоми, штатлар жадвали, тегишли молия йили учун харажатлар сметаси тасдиқланган эди. Сессияда ушбу масала ҳам кўрилиб, муҳокама қилинди.
Туман Кенгаши депутатларининг тавсиясига кўра, “27-Лойсон” сайлов округидан туман Кенгаши депутатлигига сайланган депутат Арабжон Қодиров халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири лавозимига тайинланди.
Сессия кун тартибидаги навбатдаги масалани кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2010 йил 30 декабрдаги 154-II-сонли қарори билан тасдиқланган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши Намунавий регламентининг 64-моддасида “доимий комиссиялар ўз фаолиятини халқ депутатлари Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган иш режалари асосида амалга ошириши” белгилангани эътироф этилди. Шунга кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Мурожаатномаси ҳамда бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т.Нарбаеванинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг жорий йил 6 январь куни бўлиб ўтган ўн биринчи ялпи мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, Кенгаш ҳамда Кенгаш доимий комиссиялари томонидан 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан иш ва медиа-режалари ишлаб чиқилган. Сессияда депутатлар томонидан ушбу масала ҳам кўриб чиқилиб, режалар тузилди ва бу ҳақда қарор қабул қилинди.
Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси И.Султанов ҳам сўз олиб, ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
Сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ўзларининг фикр ва мулоҳазалари айтиб ўтдилар. Шунингдек, депутатлар Ш.Шаропов, А.Набиев, Б.Ахмедовлар туман марказий шифохонасининг болалар бўлимида жонлантириш бўлимини ташкил этиш, шифохоналарни оқова суви билан янада яхшироқ таъминлаш ва канализация тизимидаги айрим муаммоларни бартараф этиш, Эшонгузар маҳалласи ҳудудидаги зовурларни тозалаш тўғрисидаги таклифларини ҳам билдириб ўтдилар.
Сессия давомида кун тартибига киритилган барча масалалар тўлиқ кўриб чиқилди ва ушбу масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.