Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
14 ЯНВАР “ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ”
2021-01-13 14:21:11 1578
ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ
Ватанни севиш, уни ҳимоя қилиш муқаддас бурч ва олий шарафдир. Тинч, осуда, обод ва гўзал ватанда истиқомат қилмоқдамиз. Бунинг учун Яратганга қанча шукрлар айтсак оз. Аслида, Ватанга бўлган муҳаббат унинг гўзал ва виқорли тоғлари, шарқироқ сойлари, бой водийлари, сўлим боғлари, шириндан шакар мевалари, шифобахш ўсимликларию, зилол булоқлари учун эмас, балки, ватан севгиси инсоннинг табиатига сингдирилгани, фитратида бор хислатлардан эканлигидандир. Агар ватанга бўлган муҳаббат, ташқи гўзалликлар, қандайдир қулайликлар ёки моддий омилларга боғлиқ бўлганида, боғ-роғ, сой ва анҳорлардан холи чўлу биёбонларда яшаётган саҳро аҳли теп-текис қумликлардан иборат масканларини севмас эдилар.
Муқаддас Ислом дини таълимотида ватан муҳаббати ардоқланади, тарғиб қилинади, мақталади. Ватанга хизмат қилиш, уни душманлардан асраш фарз ҳисобланади ҳамда унга хиёнат қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади ва қаттиқ жазоланади. Ватан ҳимояси ва халқ омонлиги йўлида душманга қарши курашда сафни ташлаб қочиш ҳам катта гуноҳдир. Машҳур ватандошимиз имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳининг қаламига мансуб “Ал-Адаб ал-Муфрад” асарида келтирилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қилган тўққиз васиятларининг орасида “Душман билан тўқнашилганда орқангга қараб қочма. Агар ҳалок бўлсанг ҳам, шерикларинг қочиб кетса ҳам” – деган ўгитлари бор эди.
Ватан ҳимояси фақат жанг майдонларида эмас, балки барча соҳа ва йўналишларда ҳам намоён бўлиши мумкин. Ҳар жабҳада Ватан эришган муваффақиятлардан қувонч, муваффақиятсизликлардан қайғу ҳиссини туюш, Ватан билан ғурурланиш, унинг ҳар бир қарич ерига, биносининг ҳар бир ғиштига, қадимий обидаларига, илм-фан ва санъатдаги ютуқларига меҳр билан қараш, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш булар ҳаммаси ватанпарварликдир.
Она Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати беихтиёр кўз олдимизга келади.
Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганидек: "Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир".
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиздир! Азиз Юртимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида сўзласак, шунча оз. Зеро, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Иймон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару-қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукур қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.
Аллоҳ таоло мустақил Юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз диёримиз осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва ҳалқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.
Абдухошим АХМАДАЛИЕВ,
Қўштепа тумани бош имом хатиби.