Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ҚЎШТЕПА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ
2021-01-08 15:08:55 237
2020 йил 28 декабрь № 147/29-6
ҚЎШТЕПА ТУМАНИНИНГ 2021 ЙИЛГИ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги (ЎРҚ-657-сон) Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ, 2021 йилда Халқ депутатлари Кенгашларини маҳаллий бюджетларни бошқаришда, хусусан маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.
Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ва мазкур Қонунга ҳамда Фарғона вилоят молия бош бошқармасининг 2020 йил 28 декабрдаги VV65256202-сонли хатига асосан 2021 йил учун Қўштепа тумани маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ҳалқ депутатлари Фарғона вилоят кенгашининг 2020 йил 28 декабрдаги VI-XXIV/121-сонли қарорига (кейинги ўринларда Қарор деб аталади) мувофиқ, 2021 йилги Қўштепа тумани маҳаллий бюджетига вилоят маҳаллий бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансферт 74 984 188,0 минг сўм миқдорида тасдиқланганлиги ҳамда туман маҳаллий бюджети даромадлари 49 426 639,0 минг сўм ва харажатлари эса 124 410 827,0 минг сўм миқдоридаги прогнозлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қарорга асосан 2021 йилда:
а) Мобиль алоқа хизматлари учун акциз солиғи ва алкоголь махсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар 2020 йил
1 июль ҳолатига кўра туман ва шаҳар аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилиши маълумот учун қабул қилинсин.
б) Қуйидаги солиқ турлари туман маҳаллий бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилиши маълумот учун қабул қилинсин:
- жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
- жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
- айланмадан солиқ;
- жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган солиқ;
- якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
- давлат мулки бўйича ижара тўловлари;
- ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари;
- бюджет ташкилотлари асосий воситалари сотилишидан туман ва шаҳар бюджетига тушадиган тушумлар;
в) Шаҳар ва туманлар маҳаллий бюджетларига қуйидаги улушларда:
Қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ туридан тушумларнинг 50 фоизи;
Якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализацияси қилишдаги акциз солиғидан тушумларнинг 20 фоизи;
Жисмоний шахслардан ундириладиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) 50 фоизи ўтказиб берилиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. 2021 йил учун туман маҳаллий бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман маҳаллий бюджетидан 2021 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ захира жамғармалари маҳаллий бюджетларнинг тасдиқланган харажатларининг камида 1 фоизи миқдорида шакллантирилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, 2021 йил учун туман маҳаллий бюджети захира жамғармаси ҳажмлари 1 232 929,0 минг сўм миқдорида тасдиқлансин.
Туман ҳокимлиги захира жамғармаси маблағларини туман бюджетида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилишини таъминласин.
6. Қарорга кўра 2021 йил учун туман бюджетида йўл қўйиладиган энг кам маблағлар ўтган йилга нисбатан ўзгаришсиз яъни 769,0 млн.сўм миқдорда белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
7. Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерлар учун юридик шахслар бўйича мутлоқ миқдорда белгиланган базавий солиқ ставкасига киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 3-иловага ҳамда жисмоний шахслар бўйича (деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ташқари) мутлоқ миқдорда 1 кв.м. учун белгиланган базавий солиқ ставкаларига нисбатан киритилаётган камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бунга кўра, туман давлат солиқ инспекцияси тасдиқланган кофицентлар ва солиқ ставкаларига мувофиқ 2021 йил учун жисмоний ва юридик шахсларга ер солиғини ҳисоблаш вазифаси юклатилсин.
Бунда, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи (якка тартибдаги тадбиркорлардан ташқари) суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 бараваридан ошмаслиги лозимлигига алоҳида эътибор қаратсин.
8. Туман бюджетида шаклланган қўшимча манбалар тегишинча туман Кенгаши томонидан туман ҳокимлиги таклифлари асосида, Кенгашлар қарорларига асосан фойдаланилиши белгилансин. Бунда, шаклланадиган қўшимча манбалардан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириш назарда тутилсин.
9.Туман маҳаллий бюджети даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, вилоят ҳокимлигига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан кўрилаётган чоралар билан биргаликда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан вилоят ҳокимлигига мурожаат қилиши қонун билан белгиланганлиги инобатга олинсин.
10. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан қўшимча амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар маҳаллий бюджетнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манбалар ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.
11. Туман ҳокимлиги ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар билан биргаликда:
тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларини етарли даражада режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирилишини таъминлаш;
маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан харид қилинадиган товарлар ва хизматлар, қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётган объектлар рўйхати, шунингдек қурилиш-таъмирлаш ишларини молиялаштирилиши тўғрисидаги маълумотлар ҳар чорак якунларига кўра, кейинги чорак биринчи ойининг 10 санасига қадар ҳокимликлар томонидан мажбурий тартибда ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириш;
маҳаллий бюджетнинг қўшимча даромадларини 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришни, веб-сайтларига уларнинг натижаларини жойлаштирсин.
12. Туман ҳокимлиги Қонунга мувофиқ тегишли равишда бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини туман Кенгашига киритиб борилишини таъминласин.
13. Туман ҳокимлиги бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши учун Кенгашга ахборот киритсин.
14. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси ҳамда туман ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.
Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши раиси: И.Новиков