Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
СЕССИЯДА 2021 ЙИЛГИ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТ ТАСДИҚЛАНДИ
2020-12-28 16:30:52 246
Бугун Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси видеоселектор тарзида бўлиб ўтди. Ушбу сессия шаҳар ва туманларда ҳам кузатиб борилди.
Қўштепа тумани ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган ушбу сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, сиёсий партиялар раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, умумтаълим мактаблари директорлари, қишлоқ ва оилавий поликлиникалар мудирлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Кун тартибига киритилган Фарғона вилоятининг 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш ва бошқа масалалари эшитилди.
Ушбу сессиядан сўнг Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг йигирма тўққизинчи сессияси ҳам ўтказилди.
Сессия ишига туман ҳокими Илёсбек Новиков раислик қилди.
Депутатлар 17-Бешкапа сайлов округидан сайланган туман Кенгаши депутати С.Нуриддиновни сессия котиблигига сайладилар.
Сессия кун тартибига биринчи масала этиб, тегишли соҳа масъуллари томонидан шакллантирилган Қўштепа туманининг 2021 йилги маҳаллий бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, муҳокама қилиш ва тасдиқлаш киритилган эди.
Ушбу масала, “Қўштепа туманининг 2021 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида” туман молия бўлими мудири И.Акбаров маъруза қилди.
Сессия кун тартибидаги кейинги масала “Пандемия даврида доимий даромад манбаасини йўқотган, кам таъминланган, камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш натижасида секторлар ҳудудидаги ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити яхшиланган оилаларни эҳтиёжманд оилалар рўйхати (“темир дафтар”)дан чиқариш бўйича” тумандаги 4 та сектор раҳбарлари ҳисобот бердилар.
Кун тартибидаги “Халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгаши котибиятини ташкил этиш тўғрисида”ги масалани кенгаш раиси И.Новиков атрофлича шарҳлаб, тушинтириб берди.
– Барчамизга маълумки, – дейди И.Новиков ўз маърузасида. – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини ташкилий, техникавий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, Кенгаш аъзолари томонидан вилоятдаги давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларининг фаолияти, шунингдек, Давлат дастурларининг ҳудудлар кесимида ижро этилиши устидан таъсирчан депутатлик назоратини самарали таъминлаш мақсадида Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари котибиятларини ташкил этиш белгиланган.
Туман Кенгаши котибияти мудири лавозимига депутатлар орасидан масъулиятли, тажрибали, жамоатчилик орасида обрў-эътиборга эга номзодларни танланади ҳамда тегишли Кенгашга тавсия этилади, котибият бош мутахассиси лавозимига соҳани яхши тушунадиган, егарлича тажрибага эга, ташаббускор кадрлар жалб этилади.
Сессия давомида туманда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида 11 ой мобайнида ҳамда 2020 йилнинг ноябрь ойида амалга оширилган ишлар (тадбирлар) юзасидан туман ички ишлар бўлими бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари А.Қўчқоровнинг ҳисоботи ҳам тингланди.
Сессияда кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва муҳокама этилди. Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Сессияда депутатлар ва бошқа иштирокчилар жуда фаол иштирок этдилар. Улар томонидан кўплаб савол ва таклифлар билдирилди. Саволларга туман ҳокими, тегишли ўринбосарлар, ташкилот раҳбарлари жавоб беришди ва таклифлар инобатга олинди.
Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Қўштепа тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.